ТАФТИШЧИ

ТАФТИШЧИ


Ишхонасига тафтишчи келиб кетди-ю, Соқивойнинг кўзи мошдек очилди. “Отингни сот, молингни сот, тафтишчи бўл”,- деган мақолни аввал ҳам эшитган эди. Аммо, уни икки юз фоиз тўғрилигига энди ишонди. Ана ҳурмат, ана иззат, ана мулозамат... Директордан тортиб фаррошгача ҳамма тафтишчи кетидан кечгача парвона-ю паркасак.

- Тўрақул Ишанович ундоқ дедилар, Тўрақул Ишанович бундоқ дедилар...

Чой десалар ош тайёр, ош десалар кабоб...

Тўрақул Ишанович ўта жиддий одамларнинг хилидан эканлар, чоғи, ўн кун давомида ўн оғиз ҳам гапирмадилар-е. Гапириш уёқда турсин тишларининг оқиниям ҳеч ким кўрмади. Азроилнинг мингта туки бўлса, шулардан ўнтаси тафтишчилар билан текширувчиларда бўлади дейишарди. Соқивой шунга амин бўлди-ки, шу ўнта тукдан тўққизтаси тафтишчиларнинг бурнида бўлар экан. Хуллас, Тўрақул Ишанович ўн кун ичида корхонанинг бир неча йиллик ишини игнанинг кўзидан ўтказиб тафтиш қилиб чиқдилар. У кишининг кетишлари корхонадагилар учун ҳам, Тўрақул Ишановичнинг ўзлари учун ҳам чинакам байрамга айланди. Иш якуни шарофати билан берилган шоҳона зиёфатда ўн кун давомида очилмаган оғиз шихшайиб, тилло тишлар кўриниб кетдики, бу Соқивой учун оламшумул кашфиёт бўлди...

Соқивой уйга қайтар экан, дарвозадан захираси учиб кириб келди. Қўлини ювиш учун умивалникни бураб кўрган эди, сув тушмади. Шунда уни шашт билан жойидан суғуриб олди-да, даранглатиб улоқтириб юборди.

- Ўласанларми тўлғазиб қўйсаларинг, ҳе, молга ўхшамай кетларинг,- деб хотинига ўшқира кетди. Бир зумда тайёр бўлган сув, совун ва сочиқ ҳам унинг ғазаб ўтини ўчира олмади.

- Рўзғор рўзғор эмас бардак бўб кетди, ҳовли супурилмаган, ҳожатхона расво, молларнинг таги ботиб ётибди. Сўрайдиган одам йўқ, э дегани хўжа йўқ, бе дегани бўжи йўқ. Тамом! Энди рўзғорни ўзим кўздан ўтказмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Текширишни ошхонадан бошлайман...

Бу дағдағани эшитган бутун оила оёққа турди. Биринчи бўлиб шўрлик онанинг асаблари таслим бўлди. У келинига:

- Соқивойнинг авзойи бузуқ, келин, унга ҳам қийин, уч ойдан буён нақд пул билан маош олгани йўқ, бояқиш. Кўрпанинг қатига кечаги пенсамни яшириб қўйибман, шуни чиқариб бера қолинг, зора тинчиса.

Бу вақтда Соқивой ошхонада текширув ўтказиб, ювилмаган идиш- товоқларни битта- битта ерга улоқтирмоқда эди.

- Газ жониворнинг ювилмаганига қанча бўлди? Кири бир метр бўлиб кетибди- ку! Ҳали йўқоласанлар бу бардак ичида, йўқоласанлар,- деганича пишқирарди.

- Тозалаб қўямиз, дадажониси, кўп асабингизни бузаверманг, келинг энди чойингизни ича қолинг. “Чёрний касса” ўйнаб йиғиб қўйган бир миллион пулим бор, майли, ўшаниям ола қолинг, жон дадажониси, бақирманг, ахир, қўшнилар эшитса нима деган одам бўламиз?!

Пулингни бошимга ураманми, нима мени порахўр деб ўйлаяпсанларми? Ундан кўра мана бу сабил қолгурларни артиб тозалаб юрсаларинг ўласанларми, ҳе чўчқага ўхшамай ўлларинг.

Бу можаролардан Соқивойнинг талаба қизи ҳам хабардор бўлиб, кўзини ўқалаганича хонасидан чиқиб келди.

- Отангнинг кайфияти бузуқ, болам, яқинига борма, уриб нетиб қўймасин. Ма, мана бу пулни ойингга обориб бер, отангга берсин- чи , зора, уни ўчса.

- Бувижон, менинг ҳам юз минг сўм стипендиям бор, қўшиб берайми?

- Бера қол, болам, бера қол, ўзим сенга пенсамдан пул бериб тураман.

Хуллас, чарчадими, ёки пулларнинг дарагини эшитдими, ниҳоят, Соқивойнинг бақироқ овози ўчди.

Эртаси куни ишга жўнар экан костюмининг чўнтагидаги дўппайиб турган нарса Соқивойнинг эътиборини тортди. Олиб кўрса, тахи бузилмаган беш мингталиклар. Туфли киядиган қошиғини олай деб, шимининг чўнтагига қўлини солган эди, бир даста минг сўмлик илашиб чиқди.

-Ие, бу ёқда ҳам бор экан- ку,- деди Соқивой ёқимли ҳайратланиб, мийиғида жилмайиб қўяр экан. Хуллас, ишхонасига тафтишчи келиб кетди- ю, Соқивойнинг кўзи мошдек очилди.

Худойберди КОМИЛОВ.




Report Page