ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ 

ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ 


Маълумки, тадбиркорликни ривожлантириш ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчидир. Юртимизда тадбиркорларни қўллаб- қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини яратиш, назорат қилувчи органлар масъулиятини ошириш ва тадбиркорликка ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Туманимиз ҳокими Эркин Рустамовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими иштирокида туманимиз тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқоти айнан шу мавзуга бағишланди. Учрашувда тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаол қатнашишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Соҳа мутахассислари томонидан тадбиркорларга яратилган имтиёз ва преференциялар, давлат томонидан кўрсатилаётган молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, туманимиз раҳбари томонидан ҳар йили ўтказиладиган очиқ мулоқот тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни тинглаш ва уларга ечим топишга қаратилмоқда. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Очиқ мулоқотда тадбиркорларнинг саволларига жавоб берилди, билдирилган таклиф ва мурожаатлар тегишли мутасадди ташкилотлар масъулларига йўналтирилди.

Бундан ташқари тадбиркорларга тумандаги мавжуд бўш ер майдонлари, инвестицион имкониятлар ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир якунида туман ҳокими томонидан туман иқтисодий тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги самарали фаолияти учун бир қатор тадбиркорлик субъектлари Ташаккурнома билан тақдирланди.

Бундай мулоқотлар наинки тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, балки уларни янада ўзгача баланд руҳ билан ишлашига туртки бўлиши шубҳасиз.

Ж.АМИРОВА.  


Report Page