ТАДБИРКОР МАЪНАВИЯТИ янги давр талабларига жавоб беряптими?
Қиём НАЗАРОВ, фалсафа фанлари доктори, профессорБугун мамлакатимизда тадбиркорлик маънавиятини халқ манфаатлари йўлида тўғри ва самарали ташкил қилишда кўплаб омиллар ҳамда тамойиллар муҳим аҳамият касб этмоқда. Соҳани ривожлантиришда мазкур омиллар ва тамойилларнинг таъсири тадбиркорликнинг барча жабҳа ва йўналишларида яққол намоён бўлмоқда.
Тадбиркорликда шаффофлик ва очиқлик тамойилларига амал қилиш, яъни барча учун баробар, шаффоф ва очиқ бизнес муҳитини яратиш муҳим ҳисобланади. Соҳада шартнома тузиш, турли ҳужжатларни қабул қилиш ва ресурсларни тақсимлаш жараёни очиқ ва объектив мезонларга асосланган бўлиши керак. Тадбиркорлар ўз молиявий ҳисоботлари ва фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни очиқлаши, агар зарур бўлса, нашр этиши хилма-хил салбий ҳолатларни яшириш эҳтимолининг олдини олишга хизмат қилади. Ахлоқий меъёр ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳам ҳалол тадбиркорликнинг таъсирчан омиллари сирасига киради. Бу борада тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектлари учун турли салбий жиҳатларни тақиқловчи, уларнинг фаолияти учун аниқ тамойилларни белгилайдиган ахлоқий меъёрлар ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу меъёр ва тартибларга қатъий риоя қилиш турли қонунбузилишларни аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг шаффоф механизмини яратиш имконини беради. Таълим-тарбия барча соҳалардаги тадбиркорлар маънавиятини юксак даражада шакллантиришнинг энг муҳим омилидир. Бу тизим ҳар бир тадбиркорда ватанпарварлик, халқпарварлик, инсонпарварлик, ҳалоллик каби ахлоқий меъёр ва одоб-ахлоқ қоидаларини шакллантиришга хизмат қилади. Бинобарин, тадбиркорларни маънавий тамойиллар ва талаблар тўғрисидаги хабарлардан воқиф қилиш ва уларни ҳалол бизнес юритишга ўргатиш учун махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, турли тарбиявий машғулотларни ташкил қилиш муҳим. Кучли жамоатчилик назорати тизимининг йўлга қўйилаётгани ҳам мамлакатимиз тадбиркорлари орасида юксак маънавият муҳити ва одоб-ахлоқ қоидалари шаклланишига таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Турли камчилик ва нуқсонларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишда ушбу назорат шаклининг аҳамияти беқиёс. Айрим тадбиркорлар томонидан нарх-навонинг сунъий оширилиши ва коррупция ҳолатларига йўл қўйилишини мунтазам назорат қилишда, монополияга қарши кураш ҳамда турли шикоятларни кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштиришда жамоатчилик назоратининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
ТАЪСИРЧАН ШАРТ-ШАРОИТЛАР
Мамлакатимизда тадбиркорлик маънавиятининг янги давр талабларига мос ва ривожланган фуқаролик жамиятига хос даражаси шаклланишига бир неча омиллар катта таъсир кўрсатмоқда. Улар орасида Президентимизнинг ушбу соҳага алоҳида эътибори ва кўплаб амалий ташаббуслари ҳамда уларнинг амалиётга татбиқ этилиши, давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича 57 та ташаббус илгари сурилган. Ушбу ҳужжат билан 42 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқлангани алоҳида аҳамиятга эга. Бу бандларда кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш, ўрта бизнесни барқарор иқтисодий ўсиш гаровига айлантириш, янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш, юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш, содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит яратиш билан боғлиқ масалаларнинг ечимлари кўрсатиб берилиши соҳа ривожи учун кенг йўл очди. Қарор асосида кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги тизими яратилиб, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ негизида Бизнесни ривожлантириш банки ташкил қилинди. Унинг фаолиятида кичик бизнес, жумладан, маҳаллий саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш лойиҳаларини молиялаштириш ва уларга комплекс хизматлар кўрсатиш устувор йўналиш этиб белгиланди.
Мазкур банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда 14 та кичик бизнесга кўмаклашиш маркази ташкил этилиб, улар кичик тадбиркорлик субъектларига бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш, бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатиш билан шуғулланиши назарда тутилганини алоҳида қайд этиш лозим. Айниқса, кичик тадбиркорлик субъектлари ва йирик давлат корхоналари ўртасида кооперация алоқалари ўрнатилиши ва кооперация асосида ташкил қилинадиган кичик тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги учун давлат харидлари доирасида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни 2 йил давомида тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилиши, бунда йилига жами 10 миллиард сўмгача қийматдаги шартномалар тузиб, тақдим қилиниши катта имкониятлар эшигини очади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси трансформация қилиниб, унга кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг устувор равишда хизмат кўрсатиш, “яшил” ва энергия самарадор лойиҳалари бўйича компенсация ва кафилликлар ажратиш тизимини йўлга қўйиш, банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича ҳам кафилликлар тақдим этиш ваколати берилгани ҳам соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Хизматлар ипотекаси тизими жорий қилиниши ва хизмат кўрсатиш йўналишларига тайёр лойиҳалар (бизнес-режа, банк ва нобанк кредит ташкилотлари орқали молиявий ресурслар, бино-иншоотлар ва ускуналар) тадбиркорлик субъектларига таклиф этилиши ҳам шулар жумласидан. Саноатни ривожлантириш жамғармаси фаолияти такомиллаштирилади ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда мавжуд қувватларни кенгайтиришга қаратилган саноат лойиҳаларига хорижий валютада йиллик 5 фоиз, миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йилгача муддатга кредит маблағлари ажратиш тизими жорий қилинмоқда. Саноат ипотекаси тизими йўлга қўйилиб, тадбиркорлик субъектларига ер участкалари (ишлаб чиқариш майдонлари) қуриш учун тегишли рухсатномалар ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда “тайёр бизнес” шаклида аукцион савдоларига чиқарилади. Бино-иншоотларни харид қилиш ва ижарага олиш учун 7 йил муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилмоқда. Кичик саноат зоналарида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кенгайтирилиб, ушбу зоналарда ишлаб чиқариш объектини ишга тушириб, инвестиция мажбуриятларини бажарган тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат бериш тизими йўлга қўйилмоқда. “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури билан қамраб олинган корхоналар сони 500 тага етказилади ва дастур орқали экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни изчил давом эттириш ва уларнинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Қонунчилик талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда тадбиркорларнинг фаолият юритишини рағбатлантириш тизими жорий этилади ва унга, асосан, тадбиркорлик субъектларининг ишончлилик рейтинги асосида юқори рейтинг кўрсаткичларига эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувларидан озод қилиш ҳамда қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш), шунингдек, барча солиқ турлари бўйича мавжуд ортиқча тўлов суммасини бир кун муддатда тезлаштирилган тартибда қайтариш тизими йўлга қўйилиши назарда тутилган.
Солиқ низолари доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилиб, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 3 йилга чўзилди. Тадбиркорлар учун ҳисобот тизимини соддалаштириш натижасида бир-бирини такрорловчи ва давлат органларининг бошқа органлардан олиш имконияти мавжуд бўлган статистик ҳисобот шаклларини бекор қилиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига топшириладиган статистик ва бошқа ҳисоботларнинг ягона рўйхатини тасдиқлаш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш ва топшириш жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш ҳисобига уларнинг қоғоз шаклини бекор қилиш белгиланмоқда. Тадбиркорларга кредитлар бўйича мажбуриятларни бажаришда қулайликлар яратиш мақсадида тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда, жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда, неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтириш тартиби ўрнатилмоқда.
БИЗНЕС МОНОПОЛИЯСИ
Тадбиркорлик соҳасида ҳалоллик тамойилларининг бузилиши ва айниқса, ўз йўналишида монополияга эга бўлиш, бунинг оқибатида эса барча рақибларни тўла-тўкис бартараф қилиш ҳамда бошқа тадбиркорларнинг фаолият юритишига имкон қолдирмаслик ҳолатлари ниҳоятда оғир натижаларга олиб келади. Фалсафа тарихида бунга нисбатан ажойиб бир мисол бор. Қадимги Ғарб фалсафасининг асосчиси, деб эътироф этиладиган машҳур файласуф Фалес ўзи яшайдиган Милет ярим-ороли ва шу номдаги полис, яъни шаҳар-давлатнинг демократия майдонида зайтуннинг энг ноёб ва фақат Милетда ўсадиган навидан олинадиган ёғ-мой маҳсулотлари сотишни тўлиқ ўзлариники қилиб олган баъзи бой савдогарларнинг ноинсофлиги, уларнинг мол-мулк тўплаш ва пулга ҳирс қўйганини ниҳоятда қаттиқ ва муттасил танқид қиларди. Фақирона ҳаёт кечирадиган Фалесни мулзам қилиш мақсадида ўша тадбиркорлар ўзаро тил бириктиради ва бир неча актёрларни ёллаб, ҳар йили демократия майдонида ўтадиган ва кўпчилик тўпланадиган энг катта тадбирлардан бири — денгиз ва сув худоси Нептун шарафига уюштириладиган байрамда файласуфни баҳсга тортади. Ҳеч нарсадан хабарсиз Фалес баҳсга рози бўлади ва унга “Агар ақлли, илмли ва донишманд бўлсанг, нега бой-бадавлат эмассан? Камбағаллигинг ҳаммага маълум, аммо бу борада тезда бойиб кетишни уддалай оласанми? Масалан, бир йил муддатда, яъни келгуси йилги Нептун байрамигача бизнинг соҳада ҳам биздан ақллилигингни исботлаб бера оласанми?” деган савол билан мурожаат қилишади. Гап нимадалигини яхши англаган файласуф уларга “Шартларингга розиман, фақат менинг ҳам бир шартим бор. Ўзларингиз деҳқонлардан сотиб олган барча ёғ-мойларни ҳамда мойжувозларни менга, бугундан қолмасдан ва кечаги нархда, бир йил муддатга қарзга берасизлар ва бирортангиз мен билан шартнома тузмасдан юртимизга ёғ ва ёғ маҳсулотларини олиб кирмайсиз, олиб ҳам чиқмайсиз, уларни сотиб ҳам олмайсиз, сотмайсиз ҳам. Ушбу шартномани эса кейинги беш йилга чўзиш ёки чўзмаслик ҳуқуқини фақат менда қолдирасиз”, деб шарт қўяди. Алломани бу соҳада мутлақо саводсиз ва уқувсиз деб ҳисоблайдиган ҳамда ўзларига қаттиқ ишонадиган бой тадбиркорлар бу шартга рози бўлади ва ўша заҳотиёқ файласуф томонидан ёзилган шартномага имзо чекади. Аксига олиб, бу воқеа тафсилотлари бутун Милет давлати аҳолиси орасига кенг тарқалади ва аксарият фуқаролар ушбу келишувнинг охири нима билан тугашини сабрсизлик билан кутиб юрган ўзига хос жамоатчи назоратчиларга айланади. Фалес рақибларининг ўзи қўйган шартига кўниб, шартнома имзоланган дақиқаданоқ шиддат билан ишга киришади. У ҳали байрам тугамасидан ва майдондаги халойиқ тарқамасиданоқ барча мойжувозлар бошлиқлари алмаштирилгани, мамлакатга кириб-чиқувчи савдогарларнинг бирортаси файласуф билан шартнома тузмасдан ёғ-мой маҳсулотини сотиб ололмаслиги ва сотолмаслиги, ёғмой етиштирувчиларни қувватлаш мақсади да унга тўланадиган нархнинг уч баробарга, сотув нархининг эса олти баробарга ошганини эълон қилади. Рақибларнинг бундан эси оғиб қолмаган бўлса керак, аммо соҳасида анча тажрибали бўлган бу кишилар ўша заҳотиёқ қандай хатога йўл қўйганини англаб етади ва қилмишидан қаттиқ пушаймон бўла бошлайди. Аммо вақт ўтган ва бир неча соат бўлса-да, ўзлари имзолаган шартнома кучга киргани, яъни шартнома тузилган ва унга риоя қилиш шартлигини яхши англайди. Шартномага риоя қилинмаган тақдирда эса айбдорлар демократия майдонида суд қилиниши белгилаб қўйилган ва уларга нисбатан Конституцияда кўзда тутилган “Рози-ризолик ва ўз ихтиёри билан шартнома тузган, аммо уни бажармаган шахс ўлимга маҳкум этилади ёки фуқароликдан маҳрум қилиниб, қуллар орасига юборилади” деган қоида муқаррар равишда кучга кирар эди. Хуллас, бир йил давомида бутун мамлакатдаги ёғ-мой савдоси Фалеснинг ихтиёрига ўтади ва у бундан ниҳоятда устамонлик билан фойдаланади. Файласуф ҳаддан ортиқ бойиб кетади ва чексиз мол-мулкка эга бўлади. Келгуси йилги Нептун байрамида эса уни мулзам қилишга интилганларнинг барчаси бутун мамлакатдан келган депутатлар қаршисида алломадан узр сўрайди ва шартномани чўзмасликни ўтиниб илтимос қилади. Фалсафа тарихчилари Фалеснинг ушбу анжуманда шармандаларча мулзам бўлган рақибларига нисбатан қандай фикрлар билдирганини тарихнинг ҳукмига қолдиради. Улар бу ҳақдаги ҳикоя ниҳоясида алломанинг тўплаган барча бойликларини ёғ-мой етиштирувчи деҳқонларга бўлиб бергани ва ўзи эса яна фақирона ҳаёт кечира бошлаганини қайд қилади. Хўш, Фалесни тез муддатда бой қилган усулнинг номи нима эди, деб ўйлайсиз? Албатта, монополия. Аллома ақлини ишлатди, шартнома тузишда айёрлик қилди ва монополияга эришди, натижада барча рақибларини бозордан чиқариб юборди ва нарх-навони фақат ўзи белгилашга муваффақ бўлди. Классик монополия шу ва бундан бошқа нарса эмас. Фалес давридан буён 2600 йил вақт ўтди, аммо у фойдаланган монополия усулининг бирор-бир туки ҳам, тамойили ҳам ўзгаргани йўқ. Машҳур файласуф-ку, ўзини мулзам қилмоқчи бўлган рақибларига қарши ушбу усулни қўллаган ва пировардида тўплаган бойликларини унинг ҳақиқий эгаларига қайтариш учун ўзида куч топа олган эди. Аммо ундан кейин икки ярим минг йилдан ортиқроқ вақт ўтган бўлса-да, бирор соҳада монополияни қўлга киритган кишиларнинг тўплаган барча бойликларини аҳолига бўлиб берганига инсоният тарихи гувоҳ бўлмаган...
МАСЪУЛИЯТ ВА ТАРБИЯ ЗАРУРАТИ
Ҳозирги пайтда янги жамият қуриш билан бирга, етук маънавий сифатларга эга бўлган, юксак маърифатли, улкан салоҳиятли ва зиёли тадбиркорлар авлодини тарбиялаш долзарб вазифага айланди. Ҳар бир инсон, жумладан, тадбиркор кишининг маънавий дунёси — ўта нозик хилқат ва ундаги бирор-бир кемтик ҳолатни тузатиш ва ўнглаш учун йиллар давомида мунтазам сабр-тоқат билан тарбиявий ишларни амалга ошириш, амалий чора-тадбирлар, ҳаётий ўзгаришларни мувофиқлаштириш тақозо этилади. Шу билан бирга, жаҳон тажрибасида тадбиркорлик ва мулкдорлик шакллана бошлаган дастлабки ўн йилликларда айрим кимсаларда пул жамғармасини ҳаддан ортиқ кўпайтириш, турли йўллар билан бойлик орттириш ва мол-дунё тўплашга ружу қўйиш майллари кучайиб бориши аллақачон аниқланган. Бозор муносабатлари эндигина шаклланаётган баъзи мамлакатларда онда-сонда учраб турадиган бундай шафқатсиз ҳолатлар тўғрисида машҳур алломалар ва таниқли мутахассисларнинг фикр-хулосалари бу ҳақда аниқроқ маълумотга эга бўлиш имконини беради. Масалан, қадимги юнон алломаси Гесиоднинг ана шу ҳақдаги памфлетларидан бири қуйидагича бошланади: “Афсуски, тарихнинг телба шамоллари Афинани хароб қилди. Катта имкониятга эга бўлган мулкдорлар ва тадбиркорлар ҳаддан ортиқ мол-мулк тўплаш, пул ва бойлик орттириш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган, ўзгаларни ва айниқса, йўқсилларни ўйламайдиган бўлди. Уларнинг таъсирига тушган кўпчилик одамлар на худолардан, на қонунлардан қўрқмайдиган бўлиб қолди. Илгари афиналиклар учун муқаддас бўлган “Ватан”, “халқ”, “демократия” каби тушунчалар ниҳоятда сийқалашди, асл маъноси ва аҳамиятини йўқотди. Афиналиклар айнидилар ва майдалашиб кетдилар, шунчалик майдалашдиларки, гоҳида “Замон айнидими ёки одамлар айнидиларми?” деган савол ортиқчадек кўринадиган бўлиб қолди. Уларнинг баъзи арзимас нарсалар ҳақидаги узоқ ва маъносиз суҳбатларини тинглаб, “Наҳотки, ҳеч нарсага ақли етмайдиган қуллар ҳам бу даражага тушмайдиган Суқрот ва Афлотун замонлари абадиятга ўтиб кетган бўлса?” деган савол ақлли кишиларнинг этини жунжиктириб юборарди. Ҳолбуки, ўз даврида Суқрот ҳаётнинг мазмуни ва умрнинг маъноси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, фуқаролик қасамига содиқлиги ва ҳақиқат йўлидаги позицияси билан афиналикларнинг юзига ойна тутди ва буни ҳар куни, ҳар сафар демократия майдонига борганида такрорлашдан чарчамади. Афиналиклар алломани англаш, маънавий тозаланиш ва тазарру қилиш ўрнига Суқротни судга тортдилар ва унинг ўлимига сабабчи бўлдилар. Аммо аҳвол ўзгармасдан қолаверди. Натижа нима бўлди, Афина ўз ҳаёти ва ватан тақдирига бефарқ, оёқлари остидан бошқасини кўра олмайдиган нобакорлар касрига учради. У алалоқибат ўз мустақиллигини йўқотди ва улкан империянинг кичик бир қисмига айланиб қолди”.
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН — РАҚОБАТБАРДОШ МАҲСУЛОТЛАР ЮРТИ” ДАСТУРИ БИЛАН ҚАМРАБ ОЛИНГАН КОРХОНАЛАР СОНИ 500 ТАГА ЕТКАЗИЛАДИ ВА ДАСТУР ОРҚАЛИ ЭКСПОРТЧИ КОРХОНАЛАРНИ МОЛИЯВИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТТИРИШ ВА УЛАРНИНГ МОЛИЯВИЙ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛМОҚДА.
Берунийнинг Гесиод қаламга олган даврдан минг йилдан ортиқроқ вақт ўтиб ёзилган “Ҳиндистон” асарида ҳам бунга нисбатан нозик ишоралар бор. Ушбу асар муаллифи томонидан Суқрот бутун умри давомида афиналикларга ҳақиқатни айтишдан чарчамагани, одамлар эса бундан тўғри хулоса чиқариш ва ўзларини ўзгартириш, маънавий тазарру қилиш ўрнига алломани судга тортгани, суд ниҳоясида Афинанинг ўн икки қозисидан ўн биттаси унга ўлим жазоси лозимлиги ҳақидаги ҳукмни ёқлаб овоз бергани ва улуғ алломанинг ҳақиқат йўлида ўлиб кетгани тўғрисидаги аламли фикр бежиз баён қилинмаган. Ҳолбуки, ана шу 11 қозининг барчаси кўп ўтмасдан бу борада ноҳақ ҳукм чиқаргани учун судга тортилган ва ўлимга ҳукм қилинган. Аммо вақт ўтган ва имконият бой берилган, Афинанинг таназзули кучайиб бораверган... Беруний замонидан буён неча асрлар ўтди ва ушбу соҳанинг атоқли олими Адам Смитнинг шогирдларидан бири бундан 170 йил аввал, яъни ўзи яшаётган минтақада капитал бозори эндигина шаклланиб келаётган даврда бу ҳақда қуйидагича ёзган эди: “Ушбу жараёнлар ижтимоий муносабатларда пул, бойлик ва мулкни кўпайтиришга интилишни устувор йўналишга айлантиради ва бу йўлдан бораётган кишилар ўртасида уят ва андиша, ўзаро ҳурмат ва бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, жамият ва ўзгалар тақдири ҳақида қайғуриш туйғуларини йўқ қилиб юборади. Бундай шароитда яшаётган баъзи одамларда ўзи туғилган юрт ва орзу қилиб танлаган касбининг муқаддаслиги, Ватан ва халққа садоқат, миллат ва давлат манфаатларини ўйлаб иш қилиш, ўзгаларга ғамхўрлик ва йўқсилларнинг бошини силаш туйғулари ҳам муқаррар тарзда емирилиб бораверади”. Албатта, ҳар бир даврнинг ўз маънавият тизими бўлиб, у вақт ўтиши билан ўзгариб, мазмунан бойиб боради, баъзи шакллари трансформацияга учрайди, айрим тамойиллари йўқолади, янгилари шаклланади. Бу жараён бирданига эмас, аста-секин, тадрижий равишда юз беради. Бу билан боғлиқ баъзи салбий ху[1]сусиятлар замонавий тадбиркорлар маънавий қиёфасини шакллантириш амалиётида ҳам бирор-бир тарзда намоён бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Ва бунда ҳам ижтимоий соционика қонунлари амал қилади ҳамда ушбу соҳадаги баъзи ҳолларда намоён бўладиган айрим жу зъий салбий тенденциялар, турли оқибатлар ва уларни бартараф қилиш йўлларини билиш ҳам фойдадан холи бўлмаслиги шубҳасиз. Буларнинг барчаси тадбиркорларнинг маънавий қиёфаси ҳамда ишбилармон ва мулкдорларнинг масъулият туйғусини шакллантириш, бу соҳага кириб келаётган ёш авлодни тарбиялаш масаласи тор ва кичкина доирадаги оддий ва арзимас мавзу эмас, балки бутун жамият ва давлат ҳаётига, халқ тақдирига тааллуқли бўлган, умумий аҳамиятга эга объектив зарурат эканидан далолат беради. Шунинг учун ҳам ушбу соҳанинг билимли ва етук зиёли мутахассислари, ишбилармонлар ва мулкдорларнинг ёш авлодини тизимли тарбиялашни йўлга қўйиш мақсадида “Тадбиркорлик университети”ни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу асосда соҳа вакиллари учун мўлжалланган, уларнинг қизиқишлари ва мазкур жабҳа хусусиятлари ҳисобга олинган маънавий-маърифий ва ахлоқий йўналишдаги ўқув фанларининг янги тизимини ишлаб чиқиш заруратини амалиётга айлантириш имкони очилади. Айни шу йўналишда “Бизнеснинг ижтимоий масъулиятини ошириш концепцияси”ни яратиш ва унга мос равишда “Бизнесда “тоза қўллар” тамойилини амалга ошириш дастури”ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳаётга тизимли жорий этиш зарурати аллақачон етилган. Шу нуқтаи назардан, 2023 йил 18 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида билдирган “Йўл қўйилган камчиликлардан тўғри сабоқ чиқариб, фақат олдинга интилсак, бизнинг меҳнаткаш халқимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз ҳар қандай машаққатни албатта енгиб ўтади, мен бунга ишонаман”, деган фикри ишбилармонлик ва тадбиркорлик билан машғул бўлган барча юртдошларимиз учун муҳим фаолият мезонидир. Ўз навбатида, бу Ўзбекистоннинг янги уйғониш даврини яратишда фаол иштирок этиши лозим бўлган ҳар бир фуқаро, жумладан, юртимиз тадбиркорларининг қалби ва онгида маънавият чироғи муттасил ёниши ҳамда барчамизни эзгу амалларга ундаб, доимо масъулият туйғусини уйғотиб туриши зарурлигидан далолат беради.
Қиём НАЗАРОВ, фалсафа фанлари доктори, профессор