ТАБИИЙ ГАЗДАН ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ФОЙДАЛАНИЛГАН

ТАБИИЙ ГАЗДАН ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ФОЙДАЛАНИЛГАН


Республикамиз ҳудудида табиий газга бўлган эҳтиёжнинг йилдан-йилга ошиб бораётгани уни тежаб ишлатиш заруратини келтириб чиқармоқда. Аммо, минг афсуски, табиий газдан хавфсизлик талабларига риоя қилмай ёки таъминот корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, талон-тарож қилиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. 

 “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг юридик шахсларга табиий газни етказиб беришни назорат қилиш бўлими масъуллари жорий йилнинг май ойида истеъмолчиларнинг табиий газдан оқилона фойдаланишини назорат қилиш бўйича навбатдаги тадбирларни олиб боришди. 

Натижада табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ва қоидабузарликдан иборат 3 та ҳолат аниқланди. Бу ҳолатларнинг барчаси Навоий шаҳри истеъмолчиларига тегишлидир. Жумладан, “Ортиқ Рашид Омад” хусусий корхонасининг исеъмолчиси газлаштириш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирмасдан, яъни таъминот корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган. Қайта ҳисоб-китобларга кўра, корхонага етказилган моддий зарар миқдори 42 миллион 483 000 сўмни ташкил этади.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор И.Ш. ҳам ҳеч қандай шартнома тузмасдан табиий газдан фойдаланган ва 2 минг 820 метр куб газ ҳисобга олинмай сарф қилинишига йўл қўйган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори 121-бандида табиий газдан узиб қўйилгандан сўнг яна ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати ҳамда бундай пайтда газ ҳажми ва қиймати қандай аниқланиши келтириб ўтилган.

Ишчи гуруҳининг ўрганиш тадбирларида вилоят марказида фаолият юритаётган “Экологи Прожект” хусусий корхонасида ҳам ана шундай табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолати аниқланган. Таъминот корхонаси бундан 43 миллион 536 минг сўм моддий зарар кўрган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилган. Айни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида шу каби бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.

 

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Report Page