ТАБИИЙ БОЙЛИГИМИЗНИ ХАВФСИЗ АСРАЙЛИК

Иш билан кўчага ёки узоқ сафарга кетиш чоғида уйимиздаги газ, ток, сувни кўздан кечириб ўчириб кетамиз. Бу албатта хавфсизликни қолаверса, фавқулоддаги вазиятларни олдини олишда зиммамиздаги катта масъулиятни ҳис этиш ҳам демакдир. “Ҳудудгаз Тошкент шаҳар” МЧЖ тасарруфидаги барча 11 та тумангаз филиал ходимларида эса бу масъулият икки карра кўп. Кўплаб хабарларимизда соҳа ходимларининг бу борада доимий иш жараёни ёритиб борилади. Чунки уларнинг мақсад ва вазифаси — хавфсизликка йўналтирилган бўлиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қандай мурожаатни тезлик билан бартараф этиш, газ қувурларидаги авария ҳолати, қолаверса, аҳолига бир меъёрда табиий газни етказиш учун жойлардаги мавжуд газ тақсимлаш пункт(ГТП)ларини доим назоратини олиб бориш каби муҳим вазифаларни мунтазам бажариб келишмоқда.
Жамият тасарруфдаги барча 11 та тумангаз филиалларининг ой давомида қилинган иш сарҳисобига эътибор берилса, жами: 5 267 дона газ тақсимлаш пунктлари ҳамда, 202 дона электрокимёвий ҳимоя восита шаҳобчалари назорат кўригидан ўтказилди. 174 дона газ тақсимлаш пунктлари куз-қиш мавсумига тайёрланиб техник-тафтишдан ўтказилди. Бундан ташқари ер ости қудуқлари ва усти газ қувурлари доимий теширилиб, бўёқлаш ишлари ҳам олиб борилади.

Карантин чекловларига ҳали 100 фоиз барҳам берилмади. Шу боис санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар бир тумангаз филиалларида кучли назоратга олинган. Янги ниқоб ва тиббиёт қўлқопларини доимий алмаштириб бориш, қолаверса, хизмат сафига чиқиб кетаётган автоуловларни дезинфекция қилиб бориш биринчи галдаги вазифалар қаторидан ўрин олган.

Хавфсизлигимиз учун аввало соғлигимиз сўнг табиий бойлигимизни асраш юксак вазифамиз эканини эсдан чиқармайлик.
"Ҳудудгаз Тошкент шаҳар" МЧЖ матбуот хизмати