Тўрт нафар номзод янги муддатга тайинланди, бир нафар судья ишдан олинди 

Тўрт нафар номзод янги муддатга тайинланди, бир нафар судья ишдан олинди 

@sudyalaroliykengashi

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда Кенгаш ваколати доирасидаги қатор масалалар кўриб чиқилди. Якунда бир нафар судья (жиноят ишлари бўйича туман суд раиси) судьялик қасамёдини бузгани ҳамда ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилди. Шунингдек йиғилишда 29 нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 25 нафарини интизомий жавобгарликка тортишга розилик берилди, тўрт нафарига нисбатан рад этилди (интизомий жазо чоралари Кенгаш розилиги билан тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўлланилади).

Бундан ташқари март ойида ваколат муддати тугаган 4 нафар судьяни навбатдаги 10 йиллик муддатда тайинлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Пировардида, Судьялар олий кенгаши қарорига асосан:

Аброрбек Азимович Каримов - судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига;

Баходиржон Бахтиёрович Эргашев - судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг раиси лавозимига;

Камолиддин Равшанович Муродов - судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик, шундан беш йил муддатга Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг раиси лавозимига;

Қобулжон Ғуломжон ўғли Абдуллаев - судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси лавозимига тайинланди.


Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

Report Page