Тўқимачилик саноати: мутахассислар тайёрлаш тизими такомиллашмоқда

Тўқимачилик саноати: мутахассислар тайёрлаш тизими такомиллашмоқда


  Маълумки, тўқимачилик мамлакатимизнинг етакчи саноат турларидан бири ҳисобланади. Асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтиб келаётган ушбу саноат тури бугунги кунда энг инновацион соҳа сифатида шаклланди. Йиллар давомида дунё бозорига пахта хомашёсини етказиб берувчи давлат сифатида тавсифланган Ўзбекистон бугун дунёнинг етакчи тўқимачилик маркази сифатида баҳоланмоқда. Тарихда пахта масаласида турли давлатларнинг сиёсий ўйинлари қурбонига айланган Ўзбекистон ҳар қандай тўсиқ ва чекловларга қарамай дунёнинг 60 га яқин давлатларига пахта экспортини йўлга қўйди ва жаҳон тўқимачилик бозорида ўз ўрнини эгаллашга улгурди. Бундай натижаларга эришиш осон кечмади, албатта. Сўнгги йилларда мамлакатимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришга қаратилган 17 та Президент ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Уларнинг самараси ўлароқ сўнгги уч йил ичида тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқариш деярли икки баробар кўпайди ва пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 2016 йилдаги 410 минг тоннадан 2019 йилда 760 минг тоннагача, маҳсулот экспорти қиймати 2 миллиард долларгача ошди.  Бугунги кунда Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланаётган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга мамлакатдир. Давлатимиз раҳбарияти томонидан танлаб олинган тараққиёт стратегияси рақобатдош, экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босувчи, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган бўлиб, у саноатнинг барқарор ва мутаносиб равишда ўсиши ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш асосида унинг етакчи тармоқларини ривожлантиришни кўзда тутади. Мамлакатимизда юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган тўқимачилик тармоғи шакллантирилди. Хусусан, жойларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида юқори ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ соҳага малакали мутахассисларни тайёрламай туриб, кутилган натижаларга эришиб бўлмайди. Президентимизнинг 2019 йил 12 февралдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий компанияларнинг ўқув-ишлаб чиқариш кластери иштирокида ишлаб чиқариш объектларида таълим жараёнини бевосита амалга оширишни ташкил этиш чоралари кўрилди. Жорий йилда ҳам Бухоро муҳандислик-технология институтида ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, Туркия ва Германия давлатларининг етакчи компаниялари ва таълим муассасаларида институтнинг профессор-ўқитувчилари малакаси оширилиб, талабаларни ўқишга юбориш режалаштирилган. 


Ҳозирги кунда асосий экспорт бозорларидаги талабларни олсак, тўқимачилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш учун лаборатория текширувларини ўтказишга алоҳида эҳтиёж сезилмоқда. Шуни инобатга олиб, Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида Бухоро муҳандислик-технология институти “Тўқимачилик технологияси ва дизайни” кафедрасида таълим жараёни, тўқимачилик маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида тадқиқот ва таҳлилларни лаборатория ускуналари ва дастгоҳларида ўтказиш йўлга қўйилди. 2020 йил дастури бўйича Жаҳон банки ҳисобидан 300 млн.дан ортиқ янги, замонавий, жаҳон халқаро стандарти талабларига жавоб берадиган тўқимачилик хом ашёси ва материалларининг физик- механик хоссаларини аниқлаш ва маҳсулот сифат кўрсаткичларини баҳолайдиган, шунингдек илмий тадқиқотларини ўтказиш учун мўлжалланган лаборатория қурилмалари олиб келинди ва ихтисослик фанларидан таълим жараёни ўқув машғулотларига тадбиқ этилди. Бу лаборатория ускуналаридан нафақат ўқув жараёни, балки магистрлар, докторантлар илмий-тадқиқот ишларини бажаришига, ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотларини сифат кўрсаткичларини баҳолашда кенг қўлланилмоқда. Бу нафақат илмий ишланмалар, балки янгилик, стартап ғояларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қўл келади. Шундай экан, олдинда ҳали бажарилиши лозим бўлган ишлар кўп. Тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда тўқимачилик саноати соҳасида малакали кадрларга бўлган эҳтиёж таъминланса, мамлакатимизда кенг турдаги сифатли тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашнинг сифати ортади, натижада халқимиз турмуши фаровонлиги янада юксалади. Кафедра бу борадаги истиқболли ишларни амалга ошириш ҳисобига билимли,етук мутахассисларни тайёрлаш, техник ва технологик янгилаш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Айнан келажак фаолиятини тўқимачилик саноати билан боғлаган ёшларимиз учун бу қулай имкониятдир,бу Президентимизнинг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган. “Таълим-фан ва ишлаб чиқариш” интеграциясини янада яхшилаш, соҳага малакали мутахассис кадрлар етказиб бериш, техник соҳалар учун ўқитишнинг инновацион ёндашув усулларини жорий этиш каби изчил ишлар амалга оширилади. Бу ўз навбатида олий таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

Муаллиф: катта ўқитувчи Гиясова Дилфуза Раджабовна





Report Page