ИЗН СЎРАШ НАЗАРНИ МАН ҚИЛИШ УЧУН

ИЗН СЎРАШ НАЗАРНИ МАН ҚИЛИШ УЧУН


"ТЎРАХОН ҲОЖИ" жоме масжиди

ИЗН СЎРАШ НАЗАРНИ МАН ҚИЛИШ УЧУН


Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларидаги тирқишдан қаради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида соч тарайдиган мидро ила турган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Агар сени назар солиб турганингни билганимда буни икки кўзингга тиқиб олар эдим. Изн сўраш назар тушиши сабабидан жорий қилинган», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у томон мишқос ила турдилар ва сал бўлмаса уни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тўсатдан санчиб олгудай бўлганларини кўрдим», дейилган.

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Мишқос — учи ингичка камон ўқи.

Ушбу ривоятда зикри келаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоналарига назар солмоқчи бўлган киши Ҳакам ибн Умайя бўлган.

Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам таъқиқланади. Илгари эслатганимиздек, имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.

Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки кўз ташлаган одам ичкарида уй эгаларини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олса, уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги гаплари эса, бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Одатда, бировнинг кўзига зарар етказган одамдан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам кўзига зарар етказилади ёки хун ундирилади. Фақат тажовузкор тажовуз қилган пайтда ўзини ҳимоя этиб кўзини ўйиб олган бўлса, унда хун тўламаслиги мумкин. Бу масалада бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган хиёнаткор кўзни тажовузкор ҳисоб қилингандир.

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг расули - чақириб келиш учун юборган одами унинг изнидир», дедилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бир одам бошқа бировни чақириб келиш учун бирор кишини юборган бўлса, ўша хизматчи изн ўрнига ўтади. Яъни, у бошлаб кирса, ҳалиги одам изн сўрашига ҳожат йўқ.


Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Хайбарга тушдик. Хайбарнинг ҳокими ўзбошимча ва жабрчи эди. Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Муҳаммад! Сизларга эшакларимизни сўйишга, меваларимизни ейишга ва хотинларимизни уришга ижозат берилганми?!» деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазаблари чиқди ва:

«Эй Ибн Авф! Отингга мин. Сўнгра «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жаннат мўминдан ўзгага ҳалол бўлмас! Намозга тўпланинглар!» деб нидо қил!» дедилар.

Одамлар жамландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан намоз ўқидилар ва кейин ўринларидан туриб:

«Сизлардан бирингиз ўз ором сўрисида ёнбошлаган ҳолида Аллоҳ ушбу Қуръондагидан бошқа нарсани ҳаром қилгани йўқ деб гумон қиладими?! Огоҳ бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, мен ваъз қилдим, амр қилдим ва бир қанча нарсалардан наҳйи қилдим. Албатта, улар Қуръон мислича ёки кўпроқдир. Албатта, Аллоҳ таоло сизларга, агар улар ўз зиммаларидаги нарсани адо этган бўлсалар, аҳли китобнинг уйига изнсиз киришингизни, Шунингдек, уларнинг аёлларини уришингизни ва меваларини ейишингизни ҳам ҳалол қилмаган!» дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Одатда, ҳукмрон тараф аъзолари ўз ҳукмлари остида яшаётган озчиликни ташкил қилувчи тоифаларга нисбатан паст назар билан муомала қилишни хуш кўрадилар. Эҳтимол, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Хайбарга борган баъзи саҳобаи киромлар хаёлидан ҳам мана шу фикр ўтган ва улар Қуръонда ман қилинмаган ишни қилаверсак бўлса керақ деган хаёл ила хайбарлик яҳудийларнинг баъзи эшакларини сўйган, меваларини еган ва аёлларини урган кўринади. Шунинг учун ҳам Хайбарнинг бошлиғи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад! Сизларга эшакларимизни сўйишга, меваларимизни ейишга ва хотинларимизни уришга ижозат берилганми?!» деган саволни берди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гап нима ҳақида кетаётганини дарҳол пайқадилар. Баъзи мусулмонларнинг қилган номаъқул ишларидан у зотнинг ғазаблари чиқди ва Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жаннат мўминдан ўзгага ҳалол бўлмас! Намозга тўпланинглар!» деб нидо қилишни амр қилдилар. Одамлар жамландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга имом бўлиб намоз ўқидилар ва кейин ўринларидан туриб:

«Сизлардан бирингиз ўз ором сўрисида ёнбошлаган ҳолида Аллоҳ ушбу Қуръондагидан бошқа нарсани ҳаром қилгани йўқ деб гумон қиладими?! Огоҳ бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, мен ваъз қилдим, амр қилдим ва бир қанча нарсалардан наҳйи қилдим. Албатта, улар Қуръон мислича ёки кўпроқдир. Албатта, Аллоҳ таоло сизларга, агар улар ўз зиммаларидаги нарсани адо этган бўлсалар, аҳли китобнинг уйига изнсиз киришингизни, Шунингдек, уларнинг аёлларини уришингизни ва меваларини ейишингизни ҳам ҳалол қилмаган!» дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан жуда кўп ҳукм келиб чиқади:

1.  Ҳаром қилинган нарсалар фақатгина Қуръонда бўлиб қолмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам бўлиши.

2.  Фақат Қуръонга амал қилиш керак деб суннатни инкор қилувчиларнинг гапи асоссиз экани.

3.  Расулуллоҳнинг суннатларида Қуръони Каримдагича ёки ундан ҳам кўпроқ ҳукмлар келгани.

4.  Ўз бурчини адо этиб турган зиммийларнинг уйларига мусулмонларнинг изнсиз киришлари мумкин эмаслиги.

5.  Ўз бурчини адо этиб турган зиммийларнинг аёлларини уриш мумкин эмаслиги.

6.  Ўз бурчини адо этиб турган зиммийларнинг меваларини ўзбошимчалик билан олиб емоқ мумкин эмаслиги.

Албатта, бу ҳукмларда Исломнинг инсон ҳуқуқларини, у ким бўлишдан қатъи назар, ҳимоя қилиши ёрқин равишда кўриниб турибди. Хайбар яҳудийлари мусулмонларга қарши жуда кўп ёмонлик ва хиёнатлар қилишгани маълум ва машҳур. Шунга қарамай, улар туфайли барча зиммийларга фойдали бўлган ҳукмлар жорий қилинди.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сенинг менинг ҳузуримга киришга изнинг парданинг кўтарилмоғи ва шарпамни эшитмоғинг. Бу то сени наҳйи қилмагунимча», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан баъзи хос кишилар учун ҳар сафар изн сўрайвериш ўрнига маълум аломатларни изн белгиси қилиб қўйиш мумкинлиги келиб чиқади.

Report Page