ТЎЛМАЙДИГАН ВАҚТ

ТЎЛМАЙДИГАН ВАҚТ




"Ҳеч" вақтни, йўқликни, бўшлиқни нимадир билан тўлдиришни истаётган руҳан қари ва миянғи мусаввирнинг туш ва ўнг орасидаги алаҳлаши...

Човушнинг «Ҳеч»ини тугатиб қоғозчага шуни ёздим ва столим устига ташлаб қўйдим. Албатта, бу менинг охирги хулосам эмас. Асарни учинчи марта ўқидим ва ҳозир учинчи марта хулосалаяпман. Биринчи мартаси аниқ эсимда: ёзишни истаган одамнинг ўзини ўққа-чўққа уриши дегандим ўшанда. Ўзим шу ҳолатда бўлганим учун хулосам шу тақлид бўлган бўлса, эҳтимол. Аммо барибир жуда таъсирлангандим. Муаллиф билан танишиш ва суҳбатлашишни истаганим ҳали ёдимда.

Танишув

Ўшанда биз бирга ишлардик. Тўғрироғи, яқиндагина ўтган иш жойининг журналида у ишлаши ҳақида эшитиб қолгандим. Аммо уларнинг биноси марказдан анча четдайди, фақат наврўз байрамидагина кўришгандик. У ёнидаги шеригига бир нималарни тинимсиз гапирарди, ёнига бордим ва ўзимни таништириб, унинг Ҳечини ўқиганимни ва қаттиқ таъсирланганимни, қандай ёзганини билишни исташимни айтдим. Аҳмоқона савол, ҳозир ўзим куламан. Човуш Ҳечни етти кунда битирганини билдирди. Кейин мен ҳам ёзишимни ва ҳикояларимга фикр билдиришини исташимни айтдим, телеграмига иккита ҳикоямни ташладим. У шу куни телеграмдан сигарет сўраганича бошқа ёзмади, мен ҳам унга буни бошқа эслатмадим. Кейинроқ, тўғрироғи ўтган йили уста Ҳамид Исмоилдан бир нарсани ўргандим: сенга ҳеч ким ёзишни ўргатмайди, чунки буни ўргатиб бўлмайди.

Човушнинг авлоддоши Санжар Назарнинг авлодларнинг кўриниши, кийим-кечаги, соч турмаги ва бошқа аксессуарлари ҳақида мақоласи борлигини эшитгандим. Бунга плюс сифатида бир хаёл келганди, балки Санжар Назар буни киритиб кетган ҳамдир, бу авлодларнинг ҳаётий қуввати, психологик портрети, эътибори. Гап шундаки, ўтиш даври авлодининг ўзига хос психологияси бўлади, умуман буни ҳар бир даврга тўғирлаш мумкин. Масалан, бизнинг авлоднинг ҳам психологиясини ўрганиб чиқса ёмон бўлмасди. Хуллас, улардаги эътиборсизлик орқасида улкан нигилизм, ишончсизлик турганлигини ҳис қилган ва бундан баъзида ҳуркиган, баъзида ўша ритмга тушиб нигилистга айланган пайтларим кўп. Аммо бу абсурддан чиқиш учун улар кўп тиришганини ҳис қиламан, дейлик ўша авлоднинг овози бўлмиш Човуш ҳам.

Кечагина Лавкрафтнинг «Ктулху чақириғи» ҳикоясини ўқиб чиқдим. Кўпчилик космик ҳоррор отаси сифатида кўрадиган Лавкрафт ўзбек ўқувчисига нотаниш, аммо бир гап: унинг улуғлиги бутун бошли мифологияни ипидан игнасигача ўзи яратгани: бу космик иблисларнинг сайёрага тушиб келишию, халқлар унинг кичик статэткасига сиғиниши, унинг кўриниши, уни сўзлаш тили, қандай қилиб ўлиб тирилиши… хуллас, у уммон тагидаги уйидан кўтарилган маҳал дунёда турли ўзгаришлар бўла бошлайди. Ҳудди қиролича асалари ўз қўлостидагиларга таъсир қилгани каби, унинг ўлик танаси уммон устига чиқиши ҳам шоир ва ёзувчиларга, мусаввирларга қаттиқ таъсир қилади. Ижодкорлар аллақандай ғалати транс ҳолатига ўтиб ктулху ҳақда туш кўрадилар, унинг кўриниши, қайдан келгани, ҳозир нимани кутиб нимани туш кўриб ётганини тасвирлай бошлашади. Лавкрафт ижодкорлар ишчи асаларилар каби атрофга бунча таъсирчанлигини билганми ё бу шунчаки ёзувчининг хаёлими, аҳамиятсиз, муҳими ўша ижодкорлар абсурддан таъсирланадилар.

абсурддан чиқиш

Камю ижод ва абсурд эссесида абсурддан чиқиш учун иккита вариант беради:

1. суицид

2. ижод, яратиш

Камю ижодни оқлайди эссесида, аммо охир оқибат унинг ўзи машинасида катта тезлик билан дарахтга урилиб ўлади. Тушунаман, у эссени ёзиб турган маҳали ҳам ўзини суициддан қутқариш учун яшашга асослар келтирганди, у яшаш кераклигини, тишни тишга қўйиб ўлимни ўз истаги билан келишига қўйиб беришни истаганди, аммо охир оқибат уни абсурд ўз домига тортиб кетди. Мен бир марта ичкиликдан сўнг ўша ҳолатни бошдан кечиргандим ва бошимни ёстиққа қўйишдан қўрқиб қолган, туни билан қичқириб дўстларимни жонига теккандим: бошимни ёстиққа қўйганим ҳамон мени аллақандай варонка ўз домига олиб муаллақлик ҳиссини берганди ва бу турғунликдан қочиб қутулишга менда на куч на қудрат бор эди. Худди шу нарса бўшлиқ ҳисси билан, абсурдни ҳис қилиш билан боғлиқ бўлса керак.

«Ҳеч»ни ёзаётган одам, тўғрироғи ровийлардан бири вақт ҳақида фалсафа сўқийди. У вақтдан чиқиши лозимлигини айтади. Аммо вақтдан ташқарига чиқиб бўлмайди. Вақт ўзига кирган бирон нимани ташқари чиқармайди. Дейлик, вақтдан ташқарида аллақандай одам бор. У истаса, вақт ичига кириши мумкин. Аммо вақт ичкарисидаги бирон зоғ ундан омон чиқмайди. Вақт худди блендерга эврилади, унинг ичкарисидаги бари нарса суюқ бўтқасимон массага айланади, ва бунда сен сен эмассан, сенинг қисмларинг бошқа атрофингдагиларнинг қисмлари билан аралашиб кетган ва демакки сен бутунлай ундан қутулиб бўпсан. Шунинг учун Ҳечнинг қаҳрамони шоир Денгиз Наим вақтини тўлдириш учун ҳамма нарсани қилаверади, аммо буларнинг бари хаёлан.

У яна алжирай бошлади: вақтдан хаёл қутқармайди, вақтдан фикр қутқаради. Чунки фикр моддийлашади. Хаёлни эса моддийлаштиртб бўлмайди. Ана, Денгиз Наим метрода кетиб йигити бор қизга суйкалади. Унга ёнидаги шеригига хиёнат қилишни таклиф қилади. Дейдики, йигит буни барибир билмайди ва қизнинг сочларини бармоқлари билан силайди, ҳидлайди, қулоғига шивирлайли, дейдики кетдик мен билан. У қизни аллақандай гўристонга элтади, қўрқувга тушган хаёлий қизни тинчлантиради: Денгиз Наим зўрламайди уни. У фақат манави исқирт вақтни тўлдириши керак. Бир. Икки. Саксон. Бир юз қирқ. Денгиз Наим қаерда? У нима қиляпти ҳозир?

Кўп бўлгани йўқ, Стивен Хоккингни вақт ўқлари ҳақдаги матнини ўқиб кўрдим. Олим вақтни ҳис қилиш ҳақида гапира туриб, буни энг камида учта тури борлигини билдиради. Биринчидан, одам ҳис қиладиган вақт. Психологик вақт яъни. Бунда вақт олдингагина ҳаракат қилади ва одам уни ҳис қилганида орқага қараб кўради. Одам ундан чиқиб кетмайди, одам унинг олдинида нима бўлишини билмайди. Иккинчиси, термодинамик вақт тушунчаси. Бу одам ҳис қиладиган психологик вақтдан фарқ қилади. Ундан вақт худди макон каби, унда бир йўналишда кета туриб, бошқа тарафга ўтиб кетса бўлади, ё орқага қайтса. Хуллас, маълум вақт майдонида итингизни олиб сайр қилиш ниятингиз бўлса, унда сизга термодинамик вақтни танлашни тавсия берардим. Учинчиси эса космик вақт тушунчаси. Ва у оқмайди. Аксинча, у кенгаяди. Худди космоснинг ўзи бир нуқтадан пайдо бўлиб кенгайгани каби вақт ҳам унга мос равишда кенгайиб боради. Хўш, Денгиз Наим қай гўрда?

Денгиз Наим, мен сизга айтай, ҳеч қаерда. У миясининг қайсидир пучмоғида ўзини осиб қўйиб ечинтиряпти. Шу қадарки, аввалига кийим кечаги, сўнг териси, сўнг гўшт қисми, сўнг суякларини олиб қўйиб батафсил ўзини таҳлил қиляпти. Шунинг учун у худди суперқаҳрамон каби асарнинг бир бурчагидан кириб нариги бурчагидан чиқади ва ўзига бошқа нигоҳ билан баҳо беради ва тинимсиз миянғилик қилади. У вақтни тўлидиришни истайди.

Вақт тўлдирилган аҳлат қутиси бўлиши мумкинми? Мумкин. Аммо бўшлиқ ҳақида ҳар бир одамнинг ўз фикри бўлади, тасаввурлари яъни. Масалан, нигилистнинг қандай тасаввури бўлиши мумкин? Дейлик, ҳеч нарсага ишонмаган одамнинг охири қаер? Масалан, мана, Денгиз Наим ўзини ялонғоч кўз кўз қиляптику, у нима учун буни қиляпти?

Денгиз стабил эмас. У ҳеч нарсага ишонмайди. Ҳеч нарса уни тутиб турмайди. У севмайди ва севги нималигини ҳам деярли ҳис қилмайди. У шунчаки яшаши кераклигини билади, холос. Мана, қариялар нега чойни хуш кўришади? Улар ўлимни кутиб чойхўрлик қиладилар. Аммо денгиз нега бу чоллар чойхонани тўлдириб кулишига ақли етмайди. Нима бунча кулгили? Вақт бўшлиқдан иборат бўлса? Уни тўлдириш керак эмасми? Кейин уларни қўяди. Қария бўлиш бир машаққат аслида. Қарияларга вақт бошқача таъсир қилади. Улар вақт бўйлаб оқиб кетаётган ҳас. Улар вақтни бошқариб, тўлдириб бўлмаслигини англаган қушлар. Улар вақтдан завқ олишни ўрганган болакайлар. Денгиз эса тентак. У вақтдан баҳра олишни истайди, шундай қилиши кераклигини ҳам. Аммо бунга уни нима ҳам мажбар қила оларди? Интеллектими? Рауф Турсунқулми? Шундай баланд ва муҳташам эгога-я? Кулгилию. У ундан кўра ўзининг мияхонасида изғигани маъқул. Вақт эмас, аслида унинг мияхонаси бўшаб ётибди. У вақтнимас, мияхонасини тўлдиришни истайди. У ўз мияхонасидан ташқаридаги одамни кўради. Аммо унинг ўзи мияхонасимас, мияблендери ичида бир уюм шилимшиқ массага айланган ва шу массани амаллаб ўрнидан турғизиб бир шаклга солишни истайди. Лекин унга ўзи душман. Ўзи ўзига қарши. Ўзи ўзи билан жанг қиляпти. Ўзи ўзининг оёғига болта уради ва ўзидан ижжон тайёрлаб ўзини оғзига соляпти.

Шунда асар нима ҳақда? Асар вақтни тўлдиришни истаган одам ҳақидами? Жанг қилаётган одам ҳақидами? У ўзи ҳақида сўйлай туриб, мени абсурдга аллергиям борийди, охири шу аллергияни деб ўзимни блендердан қайта қайта ўтказиб коктейл қип ичмоқчиман демоқчими? Йўқ, негадир менинг миямам муаллифникига ўхшаб суюлиб-суюлиб бир тўхтамга келди: ҳеч нарса. Гап ҳеч нарса ҳақида. Ҳеч нарсани ҳеч нарса билан тўлдириш, ҳеч нарсадан ҳисланмаслик, ҳеч кимга хиёнат қилмаслик, ҳеч кимдан оғринмаслик, ҳеч кимни севмаслик, ҳеч яшай олмаслик, ҳеч ича олмаслик, ҳеч бу ҳолдан, бу кайфиятдан ўса олмаслик ҳақида. Аммо яна савол, хўш бундан қандай чиқиш мумкин? Йўқ, бундан чиқиб бўлмайди, Денгиз тентак айтдику, бундан ташқаридаги одам ичкарига киради, аммо чиқиш йўли йўқ. Фақат жиннихонадан моргга ўтса бўлади.

Кўп нарсани айтмоқчийдим, аммо нима кераги бор. Бугунга етар шунча. Яна мияга бироз дам берай. Ҳа, айтганча, асарни биринчи таъқиқланган сайтда ўқиганман. Кейин Академнинг аввалги нашрини дадамнинг қўлидан олувдим. Наврўздан олдин янги нашрини ҳам сотволиб чизиб-чизиб ўқидим. Ручкани аямай чаплайверганимга Денгиз хурсанд бўларди, у бўш жой қолмаслигини истардику. Кейин, муқоваям яхши.

Академни ҳурмат қиламан. Дидимдаги асарлар учун бўлса керак.

Алишер Файзуллаев, 2024, март

https://t.me/perezagruzka_2021


 


Report Page