ТЎЙ ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ДАХЛДОР МАСАЛАМИ?

ТЎЙ ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ДАХЛДОР МАСАЛАМИ?

@Oilamarkazi

Telegram | Facebook | Instagram | www.oilamarkazi.uz 


Бахтли кунларни қариндош-уруғ, маҳалла, ёру биродарлар даврасида тўй қилиб нишонлаш халқимизга хос урф-одат, оилавий маросим ҳисобланади. Тўй – дуо олиш, хайрли ишларга ундаш, келажакдан эзгулик кутиш демак.

Халқимиз фаровонлиги кундан-кун ошиб борган сари оилавий маросим ва тадбирлар тўкин дастурхон атрофида ўтказилмоқда. Оила – мўъжаз Ватан. Ҳар бир оила – ўзига хос бетакрор олам, демак, ҳар бир оиланинг ўз тутуми, талаби, мезон ва ички қонунияти бор.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидаги тўй маросимлари ўзига хос, бир-биридан гўзал удумлар билан ўтади. Шунинг учун уйланиш, қиз узатиш, бешик тўйи каби маросимларда умуммиллий одатлар асос бўлса-да, улардаги бир қатор фарқларнинг кузатилиши ҳам табиийдир.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан замонавий намунали оилани қандай мезонлар асосида шакллантириш, қадрият ва расм-русумларнинг оилавий муносабатларга таъсири турли минтақалар кесимида илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ этилди. Тадқиқотлар давомида тўй-ҳашамлар ва бошқа оилавий тантана ҳамда маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича кенг жамоатчилик фикри атрофлича ўрганилди.

Масалан, тадқиқотларимиздан бири Самарқанд вилоятида ўтказилган бўлиб, унда иштирок этган респондентлар замонавий намунали оиланинг моделини яратишда оилада маънавий-психологик соғлом муҳит мавжуд бўлиши, ота-онани ҳурмат қилиш, фарзандларни миллий қадрият ва урф-одатлар асосида тарбиялаш, уй-рўзғор ишларини оқилона олиб боришга эътибор қаратиш каби омилларга урғу беришган. Улар дабдабали тўй қилиш ниятида эмас, аксинча, фарзандлар камоли ва бахтини кўриш, уларнинг обрўли, илмли, олиму кашфиётчи бўлиб вояга етишини орзу қилади. Сўровда иштирок этган респондентларнинг яна бир қисми жигарбандларининг маънан, жисмонан соғлом бўлиши, спорт ва ижодий тўгаракларга қатнашиб, донгдор спортчи, рассом, тадбиркор бўлиши, юртимиз шаънини улуғлаши, толеи баланд инсон бўлиб улғайишини истайди ва шу орқали маҳалла-кўй, эл-юрт олдида ҳурмат-эътибор топишни ният қилади.

Респондентларнинг барча фикр-мулоҳазаларини умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, дабдабали тўй, саноғи йўқ сарполар ҳеч қачон бахтга кафолат бўлмаган. Лекин фарзандни комил инсон, беназир илм-ҳунар соҳиби қилиб тарбиялаган ота-она ҳамиша эл дуосини олган.

Ёшларимиз намунали оила қуришга, миллий қадриятларни сақлаб қолган ҳолда янгиликка, илму маърифатга, тараққиётга, инновацион ривожланишга интилмоқда.

Шу ўринда, беихтиёр хаёлимиздан атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмасидаги “Бидьат тўйга исроф бўладурған оқчага ўғилларингиз ва қизларингизни ўқитинглар” деган сўзлари ўтади.

“Оила” маркази матбуот хизмати

Report Page