СЎЗНИНГ КУЧИ

СЎЗНИНГ КУЧИ


Ҳаётингизда СЎЗНИНГ КУЧИНИ ҳис қиласизми?


Ҳаммамизга маълумки, ҳаёт сўзлардан иборат.

Сўзлар билан фикрларимизни ифода этамиз, сўзлар билан истакларимизни баён этамиз, сўзлар орқали буюрамиз ёки буйруқ оламиз, сўзлар орқали илҳомланамиз/руҳланамиз ёки аксинча тушкунликка тушамиз...


Сўз орқали инсоннинг кайфиятини кўтариш мумкин...

Сўз орқали инсонни «синдириш» мумкин...

Сўз орқали инсонга умид бериш мумкин...

Сўз орқали инсоннинг «қалбини чил-чил» қилиш мумкин...

Сўз орқали инсонга билим бериш мумкин...

Сўз орқали инсонга сўкиш ва ҳақорат қилишни ўргатиш мумкин...

Сўз орқали инсоннинг руҳини кўтариш ёки «ер билан битта» қилиш мумкин...


Юқоридаги гапларнинг исботини ҳозироқ кўришни истасангиз, атрофингиздаги бирор кишига шунчаки: «Бугун кўринишингиз жуда ҳам аъло! Сиз биланлигим менга бахт ҳиссини беради. Борингизга беадад шукур» деб айтинг...


Синаб кўрдингизми?

Бу гапларни эшитган инсоннинг юзида беихтиёр табассум пайдо бўлади, ўзига бўлган ишончи ортади, ўзини керакли деб ҳисоблаб, келажакка умид билан боқади...


Ёки бу ҳолатнинг аксини кўришни истасангиз, маҳалладаги қўшнилар билан бироз суҳбатлашинг...

Асосий қисми салбий маълумотлардан иборат бўлган гаплар сизни тушкун аҳволга солиб қўйиши муқаррар...

Бундан ташқари уларнинг салбий фикр-сўзлари қалбингизга - хоҳламасангиз ҳам, - ўз уруғини экишга улгуради...


Сўз шунчалик ҚУДРАТГА эга!

Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур!


Осмондаги Худовандимиз оламни СЎЗ билан яратди.

Муқаддас Каломнинг Ибтидо китоби 1-боб яратилиш мавзусига диққатингизни қаратинг:


Худо: “Ёруғлик бўлсин”, деб амр берган эди, ёруғлик пайдо бўлди.

Сўнг Худо: “Сувларни бир-биридан ажратиб турадиган гумбаз пайдо бўлсин”, деб амр қилди.

Кейин Худо: “Осмон остидаги сувлар бир жойга тўпланиб, қуруқ ер пайдо бўлсин”, деб амр қилди.

Шундай ҳам бўлди. Сўнгра Худо шундай амр берди: “Ерда ўт-ўлан кўкарсин. Дон берадиган ҳар хил ўсимликлар, данаги бор ҳар хил мевали дарахтлар ўссин.” Шундай ҳам бўлди.

Кейин Худо шундай амр қилди: “Кундузни тундан ажратиш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин. Булар кунларнинг, йилларнинг, нишонланадиган байрамларнинг вақтини кўрсатсин.

Кейин Худо шундай амр берди: “Сув ҳар хил тирик жониворлар билан тўлиб-тошсин, қушлар пайдо бўлиб, ҳавода парвоз қилсин.”

Шунда Худо буларнинг ҳаммасига марҳамат қилиб деди: “Балиқлар ва қушлар серпушт бўлиб, кўпайсин. Денгизлар балиқлар билан тўлиб-тошсин, ер узра қушлар кўпайсин.”

Сўнгра Худо: “Ер турли-туман жонзотларни — чорвани, судралиб юрувчи жониворларни, ҳар турли ёввойи ҳайвонларни пайдо қилсин”, деб амр берди. Шундай ҳам бўлди.


Аҳамият беринг, бу оятларда «амр берди», яъни буюрди СЎЗи орқали Худо оламни яратгани ёзилган. Худо СЎЗ айтди ва У СЎЗ амалга ошди.


«Бутун борлиқ Калом орқали яратилган, Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас.»

Юҳанно 1:3


Қуйидаги оятга ҳам эътибор беринг:

«Мен ўзимни нолойиқ ҳисоблаганим учун Сизнинг олдингизга ўзим бормадим. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади»

Луқо 7:7


Ушбу оятда Рим юзбошисининг Исога айтган гапида ҳам ИСО СЎЗЛАРИНИНГ КУЧИ ҳақида гап кетмоқда.


Эътироф - бу эълондир. Яъни, биз бирор нимани эътироф қилганимизда биз руҳий оламга қарата СЎЗ айтаётган бўламиз.


«Агар ўз оғзингиз билан Исони Раббим деб эътироф этиб, Худо Уни ўликдан тирилтирганига чин юракдан ишонсангиз, нажот топасиз. Чунки инсон қалбидан ишониб оқланади ва оғзи билан эътироф этиб нажот топади.»

Римликлар 10:9-10


Ушбу оятга қарайдиган бўлсак, Исони Раббимиз деб эътироф этиш орқали нажот топамиз. Шунчаки ишониш эмас, эътироф этиш орқали эришиладиган нарса ҳақида гап кетмоқда.

Эътироф - СЎЗ орқали руҳий оламда ҳаракатлар юзага келади.

Сўзларимиз орқали руҳий оламда Отамизнинг хоҳишини бажо келтира оламиз.


Ибтидо китобида Худо Иброҳимга ваъда бергани ҳақида ўқишимиз мумкин. Худо Иброҳимга фарзандлари кўп бўлиши ҳақида ваъда берди:

«Мен сен билан аҳд қиламан, сенга жуда кўп насллар ато қиламан. — Сен билан қиладиган аҳдим шудир: сен кўплаб халқларнинг отаси бўласан.»

Ибтидо 17:24


Шу бобдан олдинги ва кейинги Худонинг сўзларига аҳамият берайлик.

«Сўнгра Эгамиз Ибромни ташқарига олиб чиқиб, унга: — Осмонга қара, агар юлдузларни санай олсанг, санаб кўр, — деди. Эгамиз яна айтди: — Сенинг наслинг ҳам ўша юлдузларга ўхшаган кўп бўлади.»

Ибтидо 15:5

«Энди сенинг исмингни ўзгартираман. Исминг энди Ибром эмас, Иброҳим бўлади. Чунки Мен сени кўплаб халқларнинг отаси қиламан. Сени жуда ҳам баракали қиламан, сендан халқлар яратаман, сендан шоҳлар келиб чиқади. Худо Иброҳимга яна айтди: — Хотининг Сорайга келсак, унинг исми бундан кейин Сорай бўлмасин. Ҳозирдан бошлаб уни Сора деб чақир. Мен Сорага марҳамат кўрсатаман. Мен ундан сенга ўғил ато қиламан. Ҳа, Мен Сорага шунчалик барака бераманки, у кўп халқларнинг онаси бўлади. Унинг насллари орасидан шоҳлар чиқади.»

Ибтидо 17:5-6, 15-16


Худо Иброҳимга 15-бобда осмондаги юлдузларни кўрсатиб унинг тасаввуротига таъсир қилди. Осмондаги кўринарли юлдузлар орқали Иброҳимнинг ҳали дунё юзини кўрмаган насли ҳақида тасаввур уйғотди.

Иброҳим тасаввур қилганидан кейин эса: «Ибром Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди.»

Ибтидо 15:6


17-бобда Худо Иброҳим билан аҳд тузди ва кейинги оятларда кўриб турибмизки унга ва Сорага янги исм берди.

Бир тасаввур қилиб кўринг, фарзандлари йўқ қариб қолган чолга Сора бирданига Иброҳим, яъни «кўп халқларнинг отаси» деб мурожаат қилмоқда. Бепушт қари Сорани эса Иброҳим «Шоҳларнинг онаси» деб чақирмоқда. Атрофдагилар уларнинг бир-бирларини шундай деб чақираётганларидан нафақат хайрон бўлишган, балки мазах ҳам қилишган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас...


Исҳоқ туғилгунига қадар улар бир-бирларини ишонч билан эътироф қилиб Худо берган исмлар билан чақирдилар. Чақириш билан бирга улар Худо берган ваъдани эътироф этиб бордилар. Вақт ўтди ва ваъда амалга ошиб Исҳоқ дунёга келди.


Диққат қилинг, бу ерда Худо Иброҳим ва Соранинг исмларини ўзгартирганида СЎЗ қанчалик кучга эгалигини кўрсатиб ўтди.

Эътироф этиш қанчалик қудратга эгалигининг яна бир исботи шу воқеада ўз аксини топган.


Бутун Муқаддас Калом бўйича ўрганиб чиқадиган бўлсак СЎЗ қудратини кўришимиз мумкин.


Ҳар бир сўзимизга эътиборли бўлишни унутмайлик.

Келажагимизга ишонч билан яхши тилакларни эътироф этайлик.


Бир рус оиладаги бўлган воқеа диққатга сазовордир. У оилада қизи ва онаси масиҳий, ичкуёв эса ароқхўр эди. У ҳар куни ичиб келиб ҳамманинг тинчини бузар эди. Лекин қиз Худога бўлган мустаҳкам умиди туфайли турмуш ўртоғининг бу ишларига сабр билан чидар экан. Ҳар сафар у ичиб келганида қизнинг онаси: «Қара, майхўр куйдиргинг келди» деса, қиз: «майхўр эмас, ойижон, жамоат воизи келди» дер экан. Кейинги сафар яна шу ҳол такрорланаверар, қиз шу эътирофни айтишдан чарчамас экан. Бу эътироф қизнинг онасига шунчалик сингиб кетибдики, бир сафар ичиб келганида: «Қара, жамоат воизи келди» деб эътирофга қўшилибди. Бундай ҳолат такрорланаверар, улар эътироф этишда давом этаверишибди. Ваниҳоят, бир куни ичкуёв Масиҳга имон келтирибди, бир йилдан сўнг эса ўзи қатнайдиган жамоат воизига айланибди. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!


Эътирофнинг кучи ушбу ҳаётий воқеада яққол кўриниб турибди.

Бундай мисоллар бисёр.


Шунинг учун ўз ҳаётингизга фақат ва фақат ижобий ҳолатларни Муқаддас Каломга асосланиб эътироф этаверинг.


Имонга тўла, Муқаддас Каломга асосланган эътирофлар орқали ҳаётингизни тикланг, синган нарсаларга шифо беринг, йўқотилган нарсаларни қайта барпо қилинг.

Буларни амалга ошириш ўз қўлларимиз ва СЎЗларимизда!

Худо бизга ҳаётимиз учун барча керакли нарсаларни аллақачон бериб қўйган!


@uzManna

Report Page