СЎРОВНОМА ЯКУНЛАРИ: НИМА УЧУН ЖАБРЛАНУВЧИ ТАЖОВУЗКОР БИЛАН ЯШАШДА ДАВОМ ЭТАВЕРАДИ ВА ЗЎРАВОНЛИКНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛАДИ?

СЎРОВНОМА ЯКУНЛАРИ: НИМА УЧУН ЖАБРЛАНУВЧИ ТАЖОВУЗКОР БИЛАН ЯШАШДА ДАВОМ ЭТАВЕРАДИ ВА ЗЎРАВОНЛИКНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛАДИ?


Қадрли муштарийлар!

Оилада хотин-қизларга нисбатан жисмоний зўравонлик мавзуси бугунги кунда энг муҳим ва ниҳоятда долзарб масала ҳисобланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидаги ҳудудий бошқарма ва бўлимлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Реабилитация ва мослаштириш марказлари ва бошқа кўплаб ташкилот ва тузилмалар ўз фаолиятларида хотин-қизларнинг ўз турмуш ўртоқлари/шериклари томонидан аёвсиз калтаклаш фактларига жуда кўп тўқнаш келишмоқда.

Бундан ташқари, бугун ҳар биримиз ҳар қадамимизда оиладаги зўравонлик ва шафқатсизлик ҳодисаларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Масалан, қўшниларимиз, қариндошларимиз ёки яқинларимиз оиласида содир этилаётган зўравонлик ёхуд мана шундай воқеалар ҳақида сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида фаол равишда эълон қилинаётган янгиликлардан бехабар эмасмиз.

Кузатишлардан шу нарса маълум бўляптики, жисмоний зўравонлик билан оилавий зўравонлик ҳолатида, ҳатто жабрланувчига ўта қаттиқ шафқатсизлик билан жиддий тан жароҳати етказилгани тўғрисида гап кетганида ҳам, аёллар сукут сақлашни ва тажовузкорга тоқат қилиб итоатда яшашни афзал кўришади. Бунинг сабаблари жуда кўп, бу ҳақида каналимиз орқали сизлар билан бир неча бор мулоқотда бўлдик ва нега шундай эканини аниқлашга ҳаракат қилиб келмоқдамиз.


Жабрланувчи тажовузкорнинг зулмига чидашининг энг асосий сабабларидан бири бу аёлнинг эрига молиявий қарамлигидир. Биз ҳам буни бир неча бор таъкидладик.

Бу савол бўйича сизнинг фикрингизни эшитиш учун, шунингдек, обуначиларимизнинг оиладаги жисмоний зўравонлик муаммосига алоқадорлиги қай тарзда эканини билиш учун каналимиз орқали сўров ўтказишга қарор қилдик ва сиз азиз муштарийларимизга қуйидаги савол билан мурожаат қилдик: жабрланувчининг тажовузкор билан яшашда давом этишининг ва зўравонликка чидашининг асосий сабаби нимада?

Ушбу мини-сўровномамизда жами 251 нафар шахс иштирок этди. Сўровнома қоидаларига кўра, ҳар бир иштирокчи бир нечта жавоб вариантларини танлаши мумкин эди. Ҳаммаси бўлиб 9 хил жавоблар таклиф қилинди.

Сўров натижаларига кўра, биз тақдим этган вариантлар, овоз беришлар сонига кўра қуйидагича тартибга солинди:

 



Шундай қилиб азиз муштарийлар, ушбу сўровнома биз учун қандай манзара касб этди?

Юқоридаги диаграммадан ҳам кўриниб турибдики, жабрланувчининг тажовузкорнинг зўравонликларига дош бериши ва уни тарк этмаслигининг иштирокчилар томонидан энг кўп танланган иккита сабаби қуйидагича бўлиб чиқди: ўзини ва болаларини боқиш учун шахсий маблағларнинг етишмаслиги (112), яъни – эрига молиявий қарамлик ва тобе бўлиш қўрқуви (98).

Умуман олганда, сўров натижалари шундан далолат берадики, сўровнома қатнашчилари жабрланувчининг зўравонликка дучор бўлишининг энг муҳим ва биринчи даражали асосий сабаблари орасида молиявий қарамлик ҳолатини алоҳида ажратиб кўрсатишган. Ва, албатта, муҳим омил бу жамоатчилик фикрига боғлиқликдир.

Бу ҳақиқат, сўров қатнашчилари томонидан яна бир бор таъкидланишича, оилаларда зўравонликнинг олдини олиш, шунингдек, аёл унга йиллар давомида чидаб турмаслиги учун ҳар бир хотин-қиз турмушга чиқишдан олдин албатта билим олиши, қандайдир профессионал касб-ҳунарни эгаллаши, молиявий жиҳатдан мустақил бўлишга интилиши даркор.

Касб-ҳунар, маълумот, кўникма ва шахсий даромадга эга бўлиш минимал даражада бўлса ҳам, аёлни ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда энг оғир ва мураккаб ҳаётий шароитда ҳам қийин вазиятлардан чиқиб кетиш имконини яратади.

Бундан ташқари, биз ўзимиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, онгимизга сингиб кетган, ҳали ҳам фақат аёлларни айбловчи, оиладаги зўравонлик учун барча айбларни уларнинг зиммаларига юкловчи ижтимоий стереотипларга қарши фаол курашишимиз керак.

Албатта, бизнинг сўровларимиз ҳар сафар муаммони бирламчи таҳлил қилиш ва тушунишга уриниш эканини таъкидлаган ҳолда, бу жараёнларда олинган маълумотларни мутлақ ҳақиқат сифатида тақдим эта олмаймиз.

Сўровномамизда қатнашган барча муштарийларимизга эса, самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз!

 


Report Page