Сув ҳисоблагич фойдалими?

Сув ҳисоблагич фойдалими?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш Бош бошқармаси ахборот хизмати

Баъзи истеъмолчилар ичимлик сувини тариф асосида ҳисоб-китоб қилиш фойдалироқ деб, ҳисоблашади. Яна ҳам аниқроқ айтганда, "Миқдор ўлчанмаса, истаганча сув ишлатиб, камроқ тўлаш мумкин", деган тушунчада бўлади улар. Аслида ҳам шундайми?

Тариф асосида сув ҳақи ундирилганда истеъмолдан тортиб суғориш ва бошқа хўжалик ишларига сарфланган сувларнинг ҳам ўртача миқдори ҳисобга олинади. Масалан, тариф бўйича бир кишига бир кунда ўртача 250-300 литр сув тўғри келади. Сув ўлчагич билан эса ҳисоб-китоб фақат истеъмол қилинган сув учун бўлади. Ортиқча сарфлар инобатга олинмайди.


Ҳисоблагич билан қанча маблағни тежаб қолиш мумкинлигини тахминий ҳисоблаб чиқамиз. Дейлик, оилада 5 киши яшайди, тариф асосида сув ҳақи ҳар бир киши учун ўртача 3000-3500 сўмдан ҳисобланади ва бир ойда 17 500 сўмлик тўлов келиб чиқади. Агар ҳисоблагич ўрнатилса, ўша оила бир ойда ўртача 7 куб метр сув ишлатиши мумкин, бу 2 800 сўм (амалдаги тариф бўйича ҳудудларга қараб 1 куб ичимлик сувининг аҳолига мўлжалланган нархи 225 сўмдан 1240 сўмгача) дегани. Шу тариқа беш кишилик оила бир йилда жами ҳисобда сув учун тариф асосида 200 000 сўм атрофида маблағ сарфласа, ҳисоблагич билан ўртача 40 000 минг сўм тўлайди. Шу тарзда 150 минг сўм иқтисод қилинмоқда.


Демак, сув ҳисоблагичлари нафақат истеъмолчи ҳамёнига фойдали, шунингдек, сувнинг беҳуда исроф бўлишига йўл қўймайди. Ичимлик суви муаммоси глобал тус олган бир паллада бу ўта муҳимдир.


Эътиборлиси, бугунги кунда мамлакатимиз сув таъминоти соҳасида янгича ёндашув ва самарали усулларда ишлаб чиқилаётган чора-тадбирларда ҳам сув ҳисоблагичларини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020-йил 17-июл куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор мажлисида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзсувтаъминот" АЖ таркибидаги сув таъминоти корхоналари томонидан республикамизда 2020-йил якунига қадар якка тартибдаги сув иншоотлари, маҳалла ва кўчалар кириш нуқталарига камида 1000 та сув ҳисоблагич ўрнатиш бўйича режа-график ҳам тасдиқланган. Ҳозирда “Сув таъминоти” МЧЖларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилган 700 дан зиёд сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланмоқда.


Замонавий сув ҳисоблагичларни “Ўзсувтаъминот” АЖнинг “Wатерcонтрол” биллинг дастурига улаш ишлари давом этмоқда ҳамда ягона рақамлашган маълумотлар базаси яратилмоқда.

Report Page