Surxondaryoga kelish uchun 10 ta sabab

Surxondaryoga kelish uchun 10 ta sabab

Surxondaryo viloyati hokimligi Matbuot xizmati (интернет материаллари асосида)

Сурхондарё воҳаси дунё цивилизацияси ўчоқларидан бири сифатида умуминсоний маданият тамаддунига қўшган бемисл ҳиссаси билан машҳур.

Сурхондарё вилояти 1941-йил 6-мартда ташкил этилган. Вилоят маркази Термиз шаҳри. Вилоятнинг маркази ва жанубий қисми текислик бўлиб, шимолий Ҳисор тоғ тизмаларининг давоми бўлган Бойсун тоғ, Кўхитанг тоғ ва Боботоғлар билан ўралган.

Кейинги йилларда воҳа тарихи, ёдгорликларига бўлган қизиқиш тобора ошиб, хорижлик археолог олимлар эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Вилоятда археологик қазишмалар олиб борилмаган ёдгорликлар ҳали ҳам кўп.

Қуйида Сурхон воҳасига келиш учун 10 сабаб билан танишинг.

1.   Зараутсой расмлари

Зараутсой дарасидаги тошларга ишланган расмлар ибтидоий санъатнинг нодир намуналаридир. Зараутсой Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида жойлашган. 1912 йилда И.Фёдоров томонидан топилган. 200 дан ортиқ расмлар мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб. Расмлар чизма тарзида контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган. Зараутсойда одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланган. Ҳайвонлар (ёввойи буқа, ит, тулки, бурама шохли эчки, жайрон, тоғ эчкиси, ҳашарот), турли буюмлар (ўқ-ёй, найза, ўроқсимон қуроллар), ниқобланган одамлар ўзига хос тарзда ҳаётий қилиб ишланган. Зараутсой ибтидоий санъатнинг ноёб ёдгорлиги сифатида ёдгорликларни муҳофаза қилиш "қизил китоб"ига киритилган.

2. Тешиктош ғори

Тешиктош - Ўзбекистондаги археологик қўриқхонадир. Бойсун тоғ тизмасидаги ғорда жойлашган. Ғор Мачайдаги Зовтолош сой дарасида денгиз сатҳидан 1500-1600 метр баландликда бўлиб, бўйи 7, эни 20, узунлиги эса 21 метрни ташкил этади. Ғорнинг шифти тешик бўлгани учун гулхан ёқилса, тепадаги туйнукдан чиқиб кетаверган. Ғорда 1,5 м. қалинликда 5 та маданий қатлам бўлиб, ҳар бир қатламдан биттадан, баъзиларида иккитадан диаметри 40 сантиметр, сатҳи 2 метрга етадиган гулхан қолдиқлари топилган. Шунингдек, Тешиктош ғоридан археолог Окладников 8-9 яшар боланинг бош ва скелет суякларини топган. 1949 йили антрополог Герасимов калла суяги асосида Тешиктош одамининг юз тузилишини тиклаган. 1973-йили антрополог Алексеев Тешиктош одамини тўла ўрганиб чиқди. Унинг фикрича, скелет аёл кишиники бўлиб, инсон эволютсиясининг неандертал фазасига мансуб экан. Шундан сўнг инсоният тарихи ҳақида сўз борганда, албатта, Тешиктош ғори тилга олинадиган бўлди.

Дунё аҳлининг Тешиктош ғорига қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Айниқса, Мачайдарё қишлоқлари бўйлаб дара ичидан текис йўл ўтказилиши ғорга боришга қулайлик яратди. Бу ерга кўплаб сайёҳлар ташриф буюради.

3. Бойсундаги Омонхона булоғи ва ғори

Бойсун - тоғли юрт. Бойсун тоғлари бағрида Омонхона булоғи жойлашган. Узоқ йиллик тарихга эга Омонхона қуюқ арчазорлар билан қопланган. Ушбу манзил географик муҳити, гўзал манзараси, баҳаволиги билан инсон руҳиятига ўзгача таъсир этади. Омонхона булоқ суви таркибида кремний кислотаси, темир, алюминий ва бошқа кўплаб микроелементлар мавжудлиги аниқланган. Мутахассисларнинг фикрича, бундай витамин ва минералларга бой булоқ суви инсон танасини, айниқса, жигар, ўт пуфаги йўлларини даволаш хусусиятига эга. Айниқса, тананинг ички органларини ювишда қўлланиладиган замонавий гемодез суюқлиги билан солиштирилса, фойдали ва зарарсизлигига кўра Омонхона булоқ суви бир неча марта ундан устун туради.

Бу ерда Омонхона ғори ҳам мавжуд бўлиб, унинг баландлиги 3,5 метр, умумий майдони эса 60 квадрат метрни ташкил этади. Бу ғорда ғаройиб ҳодисани кузатиш мумкин . Яъни саратоннинг чилласида ғор ичидаги ҳарорат 5-6 даража совуқ, қишда эса 20-22 даража илиқ бўлиб тураркан.

Бойсунликлар орасида Омонхона тарихи ҳақида турли ривоятлар юради. Айтишларича, Соҳибқирон Амир Темурнинг лашкари шу водийга келганда ҳолдан тойиб қолади. Бунинг устига аскарлар бирин-кетин касалликка чалинади. Сўнгра улар Омонхона сувидан ичиб, ана шу ғор салқинида тин олиб, яна асл ҳолига келган. Ривоятдан шундай хулосага келишимиз мумкинки, ушбу манзил қадимдан элу халқнинг сиҳат-саломатлигини таъминлашга хизмат қилган.

4. Чанқовуз

Чанқовуз – Сурхон воҳасининг қадимий ва анъанавий мусиқа асбоби. У милоддан аввалги И асрда пайдо бўлган. Унда аждодларимиз, хусусан, момоларимиз бетакрор куйлар яратган. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах вилоятларида ҳам кўплаб моҳир ижрочилар бор. Азалдан чанқовузни кўп аёллар нағма қилиб келишган. Суҳбат–гурунгларда ҳам жўрликда жонлантиришган. Гўёки чанқовуз қадим момоларимиз, чўпон чўлиқларимиз, бобо деҳқонларимиз билан бирга меҳнатда бўлган. Юртимизда айни пайтгача чанқовузнинг икки тури бўлган. Суякдан чанқовуз ясашда асосан эчки суягидан фойдаланишган. Ҳозирги кунда чанқовузлар асосан темирдан ясалмоқда. Бундан ташқари, Сурхон воҳасида анъанавий мусиқа чолғуларидан сивизға, ғажир най, чанқовуз, бахшиларга жўр бўлган дўмбира, қўбиз кенг тарқалган.

5. Термиз археология музейи

Термиз археология музейи Ўрта Осиёдаги ягона археологияга ихтисослаштирилган музей ҳисобланади. Музей 8 мингга яқин экспонат билан фаолият бошлаган. Айни пайтда бу ерда Ватанимизнинг милоддан аввалги юз минг йиллик ўтмишидан бошлаб бугунги кунга қадар бўлган ҳаёти кенг ёритилган 80 мингдан ортиқ ноёб топилма ва осори-атиқалар сақланмоқда. Музей фонди йилдан-йилга турли даврларга оид янги топилмалар билан бойиб бормоқда. Ўтган йили музейга минглаб маҳаллий ва хорижлик томошабинлар келиб, экспонатлар билан танишди. 

6. Ал Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи 

Ал Ҳаким Ат-Термизий мадрасаси Термиздаги қадимий меъморий мажмуадир. Унда Ҳаким ат-Термизий мақбараси дастлаб ХИ аср охирида бошланиб, 1091-1095 йилларда Қорахонийлар султони Аҳмад ибн Ҳизрнинг кўрсатмасига мувофиқ, ат-Термизий қабри устида қурилган. Мажмуа мустақиллик йилларида, айниқса, 2009-2011йилларда мукаммал қайта таъмирланди. Бугунги кунда кўплаб сайёҳлар томонидан зиёрат қилинадиган жойга айланган.

Ал Ҳаким ат-Термизий тасаввуфнинг "Ҳакимия” мактаби асосчиси саналади. Тахминларга кўра, буюк мутасаввиф олим ўзининг узоқ ҳаёти давомида (баъзи манбаларга кўра 120 йил умр кўрган) 400 дан ортиқ қимматли асарлар қолдирган, лекин бизгача уларнинг 60 га яқини етиб келган холос. Ушбу қўлёзмалар ҳозирги кунда Париж, Қоҳира, Дамашқ, Лондон, Искандария ва Истамбул кутубхоналарида сақланиб, ўрганилиб келинмоқда.

7. Султон Саодат 

Султон Саодат (ёки баъзи манбаларга кўра Султон Содат) мажмуаси – саййидлар сулоласининг мақбараси бўлиб, унинг ҳозирги кўриниши 7 аср давомида шаклланган. Дастлабки мақбара Х асрда Хасан ал-Амирнинг вафотидан сўнг барпо қилинган. Кейинчалик бу ерда 20 та мақбара пайдо бўлган. Кўплаб уруш ва вайронагарчиликларни бошидан кечирган бу мажмуада 2002 йил катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари олиб борилди. Султон Саодатни кўпчилик Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасига қиёслайди. Иккала мажмуа ҳам некропол ҳисобланиб, иккаласида ҳам Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в) қариндошлари ва авлодлари дафн қилинган деган маълумотлар бор. 

8. Жарқўрғон минораси 

Сурхон воҳасидаги қадимий миноралардан бири бу — Жарқўрғон минорасидир. Жарқўрғондаги Минор қишлоғида жойлашган бу минора пештоқида сақланиб қолган ёзувлар иншоотнинг 1108—1109 йиллар оралиғида қурилганлигидан далолат беради. Санъатшунос-меъморларнинг таъкидлашича, унинг умумий баландлиги 50 метрга яқин бўлиб, ҳозир миноранинг омон қолган қисми 21,6 метрни ташкил этади. Жарқўрғон минораси қурилишида оддий ғишт, равоқлар ва эпиграфик ҳошиялар жуда усталик билан қўлланилган, миноранинг асоси баланд 8 қиррали курсига ўрнатилган. Ҳар бир қирранинг марказида равоқли тахмончалар ишланган, ана шундай тахмончалардан бирида жойлашган эшик орқали минора ички қисмидаги айланма зинага чиқилган. Барча миноралар каби Жарқўрғон минораси ҳам гумбазсимон муаззинхона билан якунланган. Жарқўрғон минораси меморий-бадиий ечимига кўра, Шимолий Ҳиндистон ва Хуросон минораларига яқин туради.

9. Сангардак шаршараси 

Сариосиё туманида Сангардак деб аталувчи қишлоқ бор. Бу ердаги энг диққатга сазовор обида, шубҳасиз, қоялардаги булоқдан ҳосил бўлган Сангардак шаршарасидир. Денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликдан отилиб чиқувчи шаршара табиатнинг ноёб мўъжизаси. Шаршара суви 150 метрдан ортиқ баландликдан, атрофдаги қояларга урилиб оқади. Атроф ҳудудларда анжир, наъматак, узум каби бир қанча дарахт ва буталар ўсади. Бу ҳудудда табиат ёввойи ҳолда сақланган бўлиб, инсон томонидан зарар етказилмаган. Маълумотларга қараганда, Сангардак шаршарасини ҳосил қилувчи булоқнинг манбаи қоялар ичидаги кўлда жойлашган.  Бу шаршара "Шаршарамозор” номи билан ҳам машҳур бўлиб, ҳар йили мавсум бошланди дегунча зиёратчилар билан гавжум бўлади. Унинг атрофида кишини ҳайратга соладиган даражада сержило камалак ҳосил этади. Шаршаранинг ўнг томонида, ундан  200 метр баландликда бир йилда бир марта, фақат жавзо ойида тоғ бағридан сув оқа бошлайди. Бу ой тугаши билан тоғ бағридан оқаётган сув ҳам тўхтайди. Доим барчани ҳайратга солувчи бу жумбоқли ҳолат ҳалигача ўрганилмаган. Булоқни маҳаллий аҳоли "Жавзо суви” деб ҳам номлашган. Бундан ташқари, Сангардак тоғларида яна кўплаб булоқлар мавжуд бўлиб, улар сангардак булоғи, қора булоқ, сирсой булоқ, ширин булоқ каби номлар билан аталиб келинади. Булоқ  суви тоғ ён-бағирларидаги турли гиёҳ илдизларини ювиб чиқади ва у инсон организми учун фойдали хусусиятга ҳам эгадир.

10. Сайробдаги чинор 

Умрбоқий дарахт дея эъзозланиб келинаётган «Чинор бобо» минг ёшга тўлган. Воҳанинг Сайроб қишлоғидаги ана шундай икки туп кўҳна чинор танасидаги каттакон ковакдан илгари аскарлар қароргоҳи, қишлоқ кенгаши идораси, кутубхона, мактаб, чойхона, сартарошхона сифатида фойдаланилган. Ҳозир эса унинг ичида мўжазгина музей ташкил этилган.

Чинор табиий ёдгорлик сифатида муҳофазага олинган. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур чинорлар остида асрлар давомида жилоланиб оқиб турган булоқ ва ундаги қора тусли балиқларни бошқа жойда учратмайсиз. Булоқ суви оқиб чиқадиган туйнуклар бўлса-да, юзлаб балиқларнинг бирортаси бу ерни тарк этмаган. Бойсунликлар ушбу азим чинорлар остида улуғ шоир ва давлат арбоби Бобур тин олиб ўтганини фахрланиб гапиришади.



Report Page