Суннатларни тирилтириш. 5. Илм ўрганиш.

Суннатларни тирилтириш. 5. Илм ўрганиш.

Musannif Adham
Илм ўрганиш

Илм ўрганиш уммат учун дунё ва охиратда нажотдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِما سَتَرَهُ اللهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ، وَاللهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ، وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إلَى الْجَنَّةِ، وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ، وَيَتَدَارَسُونَهُ فِيمَا بَيْنَهُمْ؛ إلَّا نَزَلَتْ عَلَيْهِمْ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمْ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلَائِكَةُ، وَذَكَرَهُمْ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ، وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мўминнинг дунё ғамларидан бир ғамини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ғамларидан бир ғамини аритади. Ким бир қийналган (қарздор, фақир) кишига (қийинчилигини, қарзини тўлашни) енгиллаштирса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда (ишларини) енгиллаштириб қўяди. Ким бир мусулмонни(нг айбларини) беркитса, Аллоҳ дунё ва охиратда уни(нг айбларини) беркитади. Банда биродарига ёрдам берар экан, Аллоҳ ун(инг ўзи)га ёрдам бериб туради. Ким илм истаб бир йўлда юрса, Аллоҳ шу (мақсади) сабабли Жаннатга (олиб борадиган) йўлни унга осон қилиб қўяди. Бир қавм Аллоҳнинг уйларидан (масжидларидан) бирида тўпланиб, Аллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат этиб, ўзаро ўрталарида дарс қилишса, устларига сакинат (хотиржамлик) тушади, уларни (Аллоҳнинг) раҳмат(и) қамраб, фаришталар (атрофларини) ўраб олади ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридаги(фаришта)лар олдида (мақтаб) зикр қилади. Кимни амали (яхшиликлардан тўсиб) секинлаштириб қўйса, насл-насаби уни тезлаштира олмайди (солиҳ амал қилмайдиган кишининг насл-насаби билан мақтанишидан фойда йўқ)”, дедилар”. Муслим (2699/6747), Ибн Можа (225), Аҳмад (7431).

Ушбу ҳадиснинг мавзумизга тегишли қисми: “Ким илм истаб бир йўлда юрса, Аллоҳ шу (мақсади) сабабли Жаннатга (олиб борадиган) йўлни унга осон қилиб қўяди. Бир қавм Аллоҳнинг уйларидан (масжидларидан) бирида тўпланиб, Аллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат этиб, ўзаро ўрталарида дарс қилишса, устларига сакинат (хотиржамлик) тушади, уларни (Аллоҳнинг) раҳмат(и) қамраб, фаришталар (атрофларини) ўраб олади ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридаги(фаришта)лар олдида (мақтаб) зикр қилади”.

Илм олиш Жаннатга йўл демакдир. Ҳар қандай амалдан олдин унинг илмини, қандай бажаришни ўрганиш лозим бўлади. Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳул жомеъ” асарининг “Илм китоби”да “Сўз ва амалдан олдин илм олиш” сарлавҳаси билан махсус боб келтириб, бунга Аллоҳ Таъолонинг

فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا اللهُ

“Билингки, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ” (“Муҳаммад”, 19) оятини далил қилган. Яъни, Аллоҳнинг яккаю-ягоналигини (тавҳид) илм орқали биламиз. Илм олганимиздан кейингина гапирамиз ва амалга киришамиз. Илмсиз сўзлаш беҳуда-лағв, илмсиз амал қилишдан ҳам ҳеч қандай савоб йўқ. Аксинча, илмсизлик жаҳолатга, турли бидъат ва хурофотларга етаклайди.

Ислом – илм дини. Уни ўрганиш суннат. Бу суннатни масжиддаги дарсларга қатнаш билан амалга ошириш мумкин. Агар қандайдир сабабларга кўра масжидда бунга имкон бўлмаса, тўхтаб қолмай, Интернет, фазовий йўлдош каналлари ва бошқа воситалар орқали илм таҳсилини қилиш лозим. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бугун илм ўрганиш учун бир-бирига муқобил бўлган турли хил йўллар кўп.

Шунингдек, фақат дин илмлари эмас, кишининг дунёсини обод қиладиган ҳаётий илмлар – тиббиёт, ҳандаса (инженерлик), қишлоқ хўжалиги, молия кабилар билан шуғулланиш ҳам илм ўрганишга киради. Буни мусулмонлар яхши тушунган даврларда диний ва дунёвий илмларда бирдек етук Ислом олимлари етишиб чиқди. Аксинча, илмни фақат диний соҳага чеклаб қўйиб, дунёвий соҳа эътиборсиз қолдирилганида Ислом дунёси таназзулга юз тутди.

Шундай экан, мактаб, университетга бораётган ўқувчи, талаба илм олишни ният қилса, ҳадисда зикр қилинган ажрни олади, Инша Аллоҳ. Ҳар куни оз бўлса ҳам ниманидир ўрганишга ҳаракат қилинг. Абу Сулаймон Ад-Дороний роҳимаҳуллоҳ айтганидек: “Кимнинг бугуни кечагисидек ўтган бўлса, зиён кўрибди”.

Шу ўринда аллома Ибн Қаййим Жавзийя роҳимаҳуллоҳ келтирган бир мисол эътиборга молик: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло жоҳил (ўргатилмаган) итнинг овини ейишни “Ҳаром бўлган ўлакса”, деди. Ўргатилган итнинг овини эса (“Моида” сурасининг 3-оятида) мубоҳ қилди. Бу илмнинг шарафли эканлигидандирки, фақат олим (ўргатилган) итнинг ови мубоҳ бўлди.

Жоҳил итга келсак, унинг овини ейиш ҳалол бўлмайди. Бу эса илмнинг обрўси ва фазлига далолат қилади. Агар илм ва таълимнинг имтиёзи ва шарафи бўлмаганида ўргатилган ва жоҳил итнинг ови бир хил (ҳаром) бўлиб қоларди”. “Мифтоҳу дорис-саодат”, 1-жуз, 55-бет.

Report Page