Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар амалда

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар амалда

https://t.me/istiqbolliavlodbuxoro

Давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг бевосита ташаббуслари билан суд-ҳуқуқ соҳасида изчиллик билан жадал ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 21 февраль кунидаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4966-сонли Фармонларида маъмурий суд тизимини ташкил этиш белгиланди.

Мазкур Фармон асосида 2017 йил 

1 июндан бошлаб вилоят, туман (шаҳар) маъмурий судлари ўз фаолиятини бошлади.

Маъмурий судларни тузишда нима туртки бўлди деган савол туғилади албатта.

Мансабдор шахслар билан боғлиқ низолар илгари фуқаролик ва иқтисодий (хўжалик) судлари томонидан кўриб келинган.

Бироқ айни бир судлар ҳам фуқароларнинг ҳам мансабдор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши мантиққа тўғри келмаган.

Айнан шу сабабли ҳам маъмурий судлар ташкил этилган бўлиб, Маъмурий судларда маъмурий органлар ва улар мансабдор шахслари фақат жавобгар сифатида кирадилар.

Маъмурий судларнинг асосий вазифаси оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, яъни маъмурий ишларни ҳал этишдан иборатдир. 

Бироқ, маъмурий судлар дастлаб ташкил этилганда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар ҳам маъмурий судга тааллуқли бўлиб қолди.

Ҳозирда Президентимизнинг одил судловни амалга оширириш борасида олиб бораётган сиёсатлари натижаси ўлароқ маъмурий судларнинг асосий вазифасига юқорида таъкидлаб ўтганимдек маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракат ёки ҳаракатсизлигига баҳо бериш қилиб белгиланди.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар сирасига давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ маъмурий ишлар киради.

Халқ тили билан айтадиган бўлсак, ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, ҳокимлар ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш, кадастр агентлиги, қурилиш бўлими, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимлари, ФҲДЁ (фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими) ва нотариал идоралар ҳамда давлат ижрочиларининг ҳаракатлари, шунингдек бошқа давлат маъмурий органлари тизимидаги мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш айнан маъмурий судларнинг ваколатига киради. Маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ё ариза ёки шикоят шаклида мурожаат қилишлари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда белгилаб берилган. Ўз-ўзидан савол туғилади қайси вақтда ариза ва қайси вақтда шикоят тартибида мурожаат қилинади. Мансабдор шахслар томонидан қабул қилинган ва ҳуқуқ ва манфаатларини бузади деб билган фуқаролар ва юридик шахслар судга мазкур қорорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан норози бўлган фуқаролар ва юридик шахслар судга ҳаракатларни қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин.

Шуни ҳам айтиш жоизки маъмурий суднинг тарафлари аризачи ва жавобгарлардн иборатдир. Маъмурий судга даъво аризаси сифатида мурожаат қилинмайди. 

 

Жамол Шарипов, 

Бухоро вилоят маъмурий суди раиси  вазифасини бажарувчи


Report Page