Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗГА САЙЁҲЛАРНИНГ КЕЛИШ ЖАРАЁНИДА САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНИШИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗГА САЙЁҲЛАРНИНГ КЕЛИШ ЖАРАЁНИДА САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНИШИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида мамлакатимизга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси аъзолари иштирокида коронавируснинг юртимиз туризм соҳаси ривожига таъсирини ўрганиш ва бу инфекциядан эҳтиёт чораларини кўриш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташқилоти экспертлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари хокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ва ушбу ҳудудлардаги соҳа тадбиркорлари, хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси, Отельерлар ассоциацияси, Ошпазлар, Рестораторлар уюшмалари раҳбарлари ва аъзолари қатнашди.

Йиғилишда коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонга кириб келиши олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда юртимизда юқумли касалликлар, жумладан, коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларидаги мавжуд барча санитария-карантин пунктларида қатъий назорат ўрнатилиб, ушбу пунктлар замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминлангани қайд этилди.

Видеоселекторда мутасадди ташкилотлар томонидан коронавируснинг туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди. Унда туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ташқи таъсир омилини пасайтириш мақсадида ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, коронавирус қайд этилмаган давлатлардан сайёҳларни жалб қилишга оид қўшимча чоралар кўриш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш кўзда тутилади. Шунингдек, бўлиб ўтган селектор йиғилишида сайёҳларнинг юртимизга келиши жараёнида санитария талабларига тўлиқ риоя қилиш ва турли касалликлардан эҳтиёт чораларини кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Маълумотлар кўра, ўтган йил якунлари бўйича мамлакатимизда 1500 га яқин сайёҳлик фирмаси ҳамда 1188 та турли даражадаги меҳмонхоналар фаолият кўрсатмоқда. Юртимизга хориждан 6,7 миллион сайёҳ ташриф буюрган.

Йиғилишда сўнггида коронавируснинг туризмга таъсирини камайтириш борасида тезкор чора тадбирлар режаси қабул қилинишига келишиб олинди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.




Report Page