Собир Ўнар ижодида замон, макон ва образлар талқини

Собир Ўнар ижодида замон, макон ва образлар талқини


#Yozuvchi Sobir Oʻnarning 60 yilligiga


Биз ва биздан катта авлод Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов каби адабиётмизнинг улуғ дарғаларининг асарларини ўқиб улғайган, шу улкан адибларнинг мангуликка дахлдор асарлари бизга ибрат бўлиб келган.

Лекин негадир, ўтган асрнинг 80-йилларида атоқли ёзувчимиз Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими?” деган баҳсталаб мавзуни ўртага ташладики, ҳамма ҳайратда қолди. Шунда биргина насрнинг ўзида Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихон, Абдуқаюм Йўлдош, Собир Ўнар каби ўнлаб ёш ва истеъдодли ёзувчилар майдонга чиқдики, Шукур Холмирзаевнинг барча хавотирлари тарқаб кетгандек бўлди.

Улар орасида шубҳасиз, порлаб тургани Собир Ўнар эди десам янглишмайман. Зеро, ундан қолган адабий мерос миллат хазинасига айланиб улгурди.     

...Халқимизнинг суюкли фарзанди, ёзувчи Собир Ўнар менга жуда қадрли, фахрланадиган ҳамқишлоғим эди. У асарларида тасвирлаган ўша тоғлар бағрида ўйнаб, сайр қилиб, шалдироқ сойларини кечиб, зилол чашмаларидан симириб улғайганман. Қаҳрамонларнинг аксариятини танийман, эшитганман, кўрганман, гаплашганман. Шу боис, менга адиб қаҳрамонлари бир қадар яқиндек туюлаверади.

Ҳайратим шундаки, бу инсоннинг истеъдоди ва маҳорати туфайли қишлоғимиз одамларию, манзил-макони билан китобларга кўчганини сезмай қолганмиз. “Бир ўлармон чавандоз”да Давлатбой, “Қора чол”да Ғаффор ота, “Алағдалик”да Раҳмонқул ва бошқалар қадрдондек туюлаверади.

Менга ҳам юрганим, кезганим – Қўрғонтепа, Гараша, Оқсой, Тўти бозор, Куйган тоғ, Солисой, Томчисой, Бешбармоқ, Парандоз, Оқзов, Токли, Булоқбоши, Бургутлисой, Қизил олма, Ингичка кабилар қанчалар қадрдон бари-бариси.

...Ҳали тўққиз-ўн ёш боламиз, Собир Ўнар машҳур ёзувчи эди. 1988-1989 йиллар “Ёшлик” журналида ҳикояси ёки мақоласи чиқса бутун дунё биларди, танирди. Бу журнал пешма-пеш энг олис ҳудудлардан бири саналган қишлоғимизга етиб келар, адабиёт аталмиш сирли оламдаги янгиликлардан барча бирдек бахраманд бўларди.

Назаримда Собир Ўнарни кўпчилик “Бир ўлармон чавандоз” ҳикояси орқали бирдан таниди. Мен ҳам шу ҳикоя орқали у кишига меҳрим ошган. Қирчиллама қишда бир гала чавандозлар қуршовида ўр, ярим яланғоч, бировга гапини бермай келаётган Давлатбой ва унинг узангидош чавандозларини, баҳайбат отлар туёқларига илашган қор-музларни сарчатганча, депсиниб  ёнимдан ўтиб кетгандек тасаввур қилганман.

...Кейинроқ унинг таржимасида шу журналда чоп этилган турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг “Карбало фожеси”ни ўқирканман, кейинги сонни кутадиган бўлдим. Имом Ҳасан, Имом Ҳусайннинг фожеали тақдиридан чуқур қайғуга тушганман. Назаримда, кейинги пайтда Собир акада таржимага вақти бўлмади ёки мутахассисларга ишонди, лекин унинг таржимонликка анча қобилияти бўлиб, замонамизнинг етук олим ва адабиётшуносларидан дарс олган эди.

...Собир Ўнар бўйи баланд, бақувват инсон эди, спортчи ҳам бўлган дейишади, биз ҳам қадди-бастига, салобатига қараб, ёнимизда тоғ бўлиб юраверади деб ўйлаганмиз-да, тақдирнинг бешафқатлигини қарангки, шундай одамнинг ғаниматлигини билмай қолганмиз. Кези келганда, бир сирни очиб қўяман, “Улфатлар” асаримда устани бир уриб, сулайтириб қўйган спортчи-талаба образи бор, шу Собир ака эди. Асарлари ҳам ўзи каби пишиқ бақувват, тоғлардек виқорли эди, кўнгил қадар яқин эдики, бир ўқишни бошласангиз, китобдан бош кўтаролмай қолардингиз, ундан қатор-қатор асарлар кутаверганмиз.

...Собир Ўнар романга татирли бир неча қиссалар ёзди. Унинг “Ўғрилар”, “Шаффоф манзил”, “Инқилоб кечаси”, “Чамбилбелнинг ойдаласи”, “Бибисора”, “Дунё шундоқ турурми?” ва “Янга” қиссалари қўлма-қўл ўқилиб, адабиётимизнинг бебаҳо мулкига айланди.

Негадир кейинги йилларда эълон қилинадиган романларини кутардим, бунга унинг билими, салоҳияти, маҳорати - барчаси етарди. Негадир бу боради жимлик эди. Сўнгги суҳбатларимизни бирида оғиз очдим, шунда Собир ака ўзига хос вазминлик билан: “- Илгари одам роман ёзиши учун элликка кириши керак деб ўйлардим. Энди ўйлаб қарасам, элликка кирмасаям ёзса бўларкан, Қодирий йигирма бешда ёзган бўлса, Ғафур Ғулом умуман роман ёзмаган. Лекин, менимча, ёзиш керак деб ўйлайман. Ҳаётда кўрганларим ҳақида тизимли мавзуда ёки тарихий мавзуда ёзишни мўлжаллаб юраман. Бу ишга бел боғлаган киши бўлиб, материал тўплаб юраман. Бу энди ҳаётнинг икир-чикирлари ҳақида бўлмайди. Миллатни миллат сифатида пастга тортадиган хунук бир ожизона иллатларимиз ҳақида бўлади. Роман ҳақида жиддийроқ ўйлаяпман. Вақти келди чамамда”, - деган эди ва мен яна кута бошлагандим, Афсус. Унинг режалари амалга ошмай қолди. 

...Cобир Ўнарнинг яна катта хизматларидан бири қишлоқ номини оқлаб, тарихий ном эканини исботлаб бергани бўлди, кўпчиликнинг ёдада бўлса керак, ўша пайтлар турли қишлоқ номлари тезлик билан ўзгартирилиб, тарихий номлар йўқолиб кетаётган пайтлар эди.

“Гулистон” журналида “Бир қишлоқ тарихи” рукнида бир мақола ёздики, олдин қишлоқнинг “Қувкалла” номини калака қилиб, “булар шум, муғомбир, шунинг учун шунақа” деганлар ва демоқчи бўлганлар бирдан жим бўлиб қолди.

Қишлоқ номи билан чамбарчас боғлиқ, “Нонберота” мақбараси ва масжиди, Жиянбек полвон номли авлиё ўтганини батафсил тушунтириб бердики, нафақат, қишлоғимиз учун, балки ҳар қандай тарихчи учун ҳам дастуриламал бўлди. Ҳам қишлоқ номи тарихийлиги, у ҳар хил масхара ва таҳқирлардан холи эканлиги ойдин бўлди-қолди.

...Ёзувчининг “Отамзамон ҳангомалари” асари энг ёрқин асарлардан бўлди, десам янглишмайман. Унда Собир Ўнарнинг кундалигини ўқигандек бўласиз. Энг қизиғи, асардаги қаҳрамонлар барчаси қишлоғимизда яшаган ва яшамоқда. Асар ҳақида унинг ўзи шундай деди: “- Отамзамон ҳангомалари” нисбатан кейинги йилларда ёзилаётган асар. Одам оғир ўйлардан, оғир ғоялардан чиқиб кетишнинг баъзи бир йўлларини ахтариб юради. Масалан, катта санъаткорга ҳам ҳар доим “Муножот” ёки “Чўли Ироқ”ни қайта-қайта буюртма берганинг билан айтгиси келмай қолади. Шу маънода ўзим билган одамларнинг ҳаётидан кичик ҳангомалар ёзиб кўрсамчи деган фикр бор эди. Буям эксперемент аслида. Ҳаётлигида Абдулла Орипов кўп эътироф этарди. “Собир, ўзинг билган одамлар ҳақида каттароқ бир нима мўлжаллаб қўй” дерди. Лекин бу одамнинг кайфияти билан боғлиқ, буларни деярли кўпчилиги қариндошлар, боболар, момолар. Уларни бировга ўхшамайдиган қилиқлари, феъл-атвори, характери, керак бўлса эсда қоладиган ҳаётидаги қизиқарли воқеалар. Ҳатто, бир ижодкор дўстимиз “бу “Собирнома” бўлибди” деган эди. Бу каби баҳолар менга далда бўлган, хурсанд бўлганман”.

...Собир Ўнарнинг яна бир катта хизматларидан бири, эҳтимол топилмаси десак тўғри бўлар, Қўшработ шеваларини асарларига олиб киргани бўлди. Жумладан, унинг асарларида “қора товон”, “кичик нашахона”, “чўбир”, “кечин ола”, “чағат жой”, “ночавандоз”, “тосрайиб”, “эрталабга довур”, “тошдевол”, “мурдор бўлди”, “орқаси ер искамас жайдари табилчи”, “бир ўларман”, “бир фасилда”, “шуйтиб”, “чакамик”, “дустаман”, “шўрғалаб” каби юзлаб, минглаб сўз ва ибораларни учратамизки, шубҳасиз, унинг асарларини халққа яқинлаштирган ва жозибали ифода этган.

Буни ёзувчининг ўзи бундай изоҳлаган эди: “- Дастлабки ҳикояларимда журнал масъуллари изоҳ талаб қилишар эди. Кейин маълум бир муддат “Ёшлик” журналида ишлаганимдан кейин “Тил сандиғи” деган рукн пайдо бўлди. Бу ерда аксарият шевалар келтириларди-да, адабий тил билан изоҳланар эди. Раҳматли Равшан Файз билан бирга шу журналда фаолият кўрсатганмизда Қўшработ шеваларини тўплаганмиз. Кейин ўша сўзларнинг баъзи бирларини “Навоий асарларининг изоҳли луғати”да кўрдим. Биз шева деб ишлатаётган сўзлар қачондир халқ орасида бадиий сўз сифатида ишлатилган. Навоий ўз асарларида айрим шеваларни адабий сўз сифатида ишлатган. Сиз тилга олган сўзларнинг аксарияти адабий тилда муқобили йўқ сўзлар. Масалан, адабий тил доим бир жойда қотиб турмайди, янги сўзлар ҳисобига бойиб боришга мажбур. Масалан, сувда қулочкашлаб сузиш - “молтиш” деган сўз бор. Адабиётда ҳам йўқ, адабий тилдаям йўқ. Молтимоқ – сувда қўл билан олдинга ҳаракат қилмоқ. Оддий битта феъл. Шу маънода мен энди жуда баъзи бировлар ўйлаганидай шевага ўчмасман, лекин айни пайтда ўша қишлоқда яшаган ўн саккиз йиллик ҳаётимда ўзимга ўзлаштирган, онгимда қолиб кетган сўзларни керакли жойларда қўллаб кетишни яхши кўраман. Адабий тилда йўқ сўзлар шевалар ҳисобига бойиса ёмон бўлмайди”.

Балки вақт келиб, тадқиқотчиларимиз Собир Ўнар асарлари тили ва услуби билан ишлар деган яхши умиддаман.

Дўстбек СУЛАЙМОНОВ, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд Давлат Университети мустақил тадқиқотчиси.





Report Page