Соҳибқирон Амир Темур ва Тошкент вилояти

Соҳибқирон Амир Темур ва Тошкент вилояти


Амир Темур – халқимиз тарихидаги бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахс ҳисобланади. Бугун соҳибқирон бобомиз таваллудига 684 йил тўлди.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида Амир Темур бобомизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймоси ҳам тикланди. 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили деб эълон қилинди, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.

Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида муҳташам ҳайкаллари қад ростлади.

Улуғ бобомиз шарафига орден таъсис этилди. 2011 йили Биринчи Президентимизнинг таклифи ва сўзбошиси билан “Темур тузуклари” асари мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилди.    

Фахрланиб айтишимиз мумкинки, буюк саркардани Тошкент вилояти билан боғлайдиган томонлар кўп. Бу буюк зот Тошкент шаҳрининг ўзида бир неча марта бўлган. Шаҳарни қўрғон билан ўраб, унга ўн иккита дарвоза ўрнатган, ҳатто сафарларидан бирида бетоб бўлиб, то тузалгунига қадар ушбу шаҳарда қолгани ҳам маълум.

Айниқса, соҳибқирон ҳаётидаги 1365 йили Тошкент билан Чиноз оралиғида юз берган “Лой жанги“ воқеалари тарихда қолган. Унда Амир Ҳусайн ва Амир Темурнинг биргаликдаги лашкари ҳамда иккинчи томондан Мўғулистон хони Илёсхожахоннинг лашкари май ойи бўлишига қарамасдан, қаттиқ ёмғир ёғиб, ерлар лой бўлган оғир бир шароитда жангга киришадилар. Соҳибқирон Амир Темур лашкари сўл қанотда мардонавор ҳужумлар олиб боради ва душманни мағлуб қилиб, чекинишга мажбур қилади. Бироқ Амир Ҳусайн бошчилигидаги лашкарнинг сусткашлиги туфайли, улар ғалабани бой беради ва жата лашкари устун келади.

Тошкент вилоятидаги муҳим воқеалардан яна бири – бу буюк саркарда томонидан Шоҳрухия шаҳрининг барпо этилишидир. Амир Темур ўз вақтида Чингизхон лашкари томонидан бутунлай хароб қилинган Фанокант (Банокат) ўрнида янги шаҳар барпо этишни буюради. Унинг қўл остидагилар мазкур фармонга мувофиқ янги шаҳар қуриб, уни мустаҳкам қўрғон билан ўрайдилар ва ўша атрофда яшовчи аҳолини у ерга кўчирадилар. Амир Темур шаҳарни ўғли Мирзо Шоҳрухга атаб, Шоҳрухия деб ном беради.

 Тошкент вилоятида Оҳангарон водийси, Сайхун (Сирдарё) соҳиллари ва Фарак (Чирчиқ) дарёсининг қуйи ҳавзасида ўтлоқлар, тўқайзорлар кўп бўлганлиги сабабли, кўпинча соҳибқирон Амир Темур ўз лашкари билан қишловни шу ерда ўтказгани ҳам маълум. 1397 йилнинг қишида, Амир Темур Тошкент вилоятининг Чинос (Чиноз) қишлоғида қишлаб турганида, бу ерга Хитой подшоси элчилари келиб Соҳибқирон ҳузурида бўлгани, тортиқлар келтирганлари, яхши қабул қилингани ва қайтишга рухсат этилгани ҳақида ёзилган.

Бобомиз Тошкент вилоятида, аниқроғи Чинозда турганида Хитойдан ташриф буюрган элчиларни қабул қилган. Бу ХIV аср охирларида Мовароуннаҳр билан Хитой ўртасида анча мунтазам савдо-элчилик алоқалари бўлганлиги ва унинг шимолий бир тармоғи Тошкент шаҳри ва вилояти орқали ўтганлигидан далолат беради. Амир  Темурнинг Хитойга юриши ва Ўтрорда вафоти даврида ҳам лашкарларининг бир қисми  қишловни Тошкент вилоятида ўтказган.  

Шунингдек, Темурийлар давлатининг халқаро муносабатлари, жумладан, Хитой билан савдо-элчилик алоқаларида Тошкент, Чиноз ва Шоҳрухия Буюк Ипак йўлидаги муҳим савдо шаҳарлари ҳисобланган.


Report Page