Соҳа ривожи йўлидаги яна бир муҳим семинар

Соҳа ривожи йўлидаги яна бир муҳим семинар


Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Андижон вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси билан ҳамкорликда «Қишлоқ хўжалик экинларини зарарли организмлардан ҳимоя қилиш усулларини такомиллаштиришнинг асосий омиллари» мавзусида ўқув амалий семинар ташкил этилди.

10 январдан 13 январгача давом этадиган тренингларнинг мақсади қишлоқ хўжалиги экинларини турли зараркунандалардан ҳимоялаш, биологик, кимёвий усулларни қўллаш тартибини тушунтиришга қаратилди. Тренинг маърузалари қаторидан давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 июлдаги «Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида саъй ҳаракатлар ҳам жой олди. Президент қарори ижроси бўйича қишлоқ хўжалик экинларини зарарли организмлардан ҳимоя қилиш усулларини такомиллаштиришнинг асосий омиллари институт олимлари томонидан илмий жиҳатдан асослаб берилди.

Ғўза, ғалла ва бошқа донли экинлар ҳосилига зиён етказувчи зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш чоралари ҳам мавзу муҳокамасида бўлди. Мевали боғларда учровчи карантин зараркунандалари, иссиқхона экинларидаги мавсумий касалликларнинг турлари билан ҳам иштирокчиларга слайдлар орқали янги маълумотлар тақдим этилди.

Тренингда Андижондаги мавжуд биолаборатория мудирлари, энтомолог агрономлар ҳамда шаҳар ва туманлардаги инспекторлар иштирок этишди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашда биологик воситалардан фойдаланиш, биолабораторияларда кўпайтирилаётган биомаҳсулотларнинг сифат кўрсатгичлари, трихограмма ва браконни лаборатория шароитида кўпайтиришга доир тавсиялар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Шунингдек, кўчма Сайёр лабораториянинг афзалликлари, вазифалари ҳамда хизмати юзасидан ҳам маълумотлар улашилди.

Ўқув семинар 3 кун давомида ўтказилади. Тренингнинг 1 куни таҳлил этилиб, келгусида ҳам шу каби ҳамкорликдаги ўқув курслари ўтказилишига келишиб олинди.

Report Page