Соқол ва автомат қудрати: Ўзбекистон “Толибон” полицияси кийимини текинга тикиб беради!
@EltuzTG@EltuzTG га келиб тушган махфий ҳужжатга кўра, 2021 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматининг Ўзбекистонга қўйган талаблари ўрганилган ҳамда шу талаблар бўйича махсус махфий қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида узоқ йиллар юқори лавозимларни эгаллаган шахс ушбу ҳужжатларнинг ҳаққоний эканини маълум қилди.
Ўнлаб саҳифадан иборат ҳужжатнинг асосий мазмуни дастлабки тўрт саҳифасида баён этилган.
@EltuzTG аноним манбадан келиб тушган махфий ҳужжатнинг асосий нуқталарини қуйида баён этади.
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг 5275с-сонли қарори 2021 йил 10 декабрда қабул қилинган.
Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов томонидан президент Шавкат Мирзиёевга имзолаш учун юборилган, кейин эса президент томондан имзоланиб, тасдиқланган. Унда “Толибон”нинг Ўзбекистон ҳукуматига қўйган талаблари жами беш соҳани ўз ичига олган 31 банддан иборатлиги ёзилган.
Қарорда тилга олинган биринчи соҳа – хавфсизлик ва сиёсат соҳаси бўлиб, унга кўра, “Толибон” ўзи эълон қилган Афғонистон Ислом Иморатини тан олишни талаб қилган. Бундан ташқари, Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистонга сафар қилмоқчи бўлган афғон фуқароларига соддалаштирилган тартибда виза бериш ва Афғонистон ташқи истиҳборот хизматига беғараз ёрдам кўрсатишни ҳам талаб қилган.
Ўзбекистон ҳукумати олдига сиёсий ва хавфсизлик талабларини қўйган “Толибон” ҳукумати бу билан чекланиб қолгани йўқ. “Толибон” Шавкат Мирзиёевдан Афғонистон ички ишлар вазирлиги ходимлари учун униформа ва спорт костюмларини ҳам текин етказиб беришни сўраган. “Толиб”лар ўз полицияси учун қандай турдаги кийим-кечак талаб қилаётгани қарорнинг иловасида келтирилган бўлиб, ундаги рўйхатда “Толибон” полициячилари учун ички иштон ва пайпоқ ҳам бор.
Бошқача айтганда, эндиликда Ўзбекистон ҳукумати афғон полициясининг турсик-майкасигача текинга етказиб беради.
Афғонистондан фарқли Ўзбекистонда ички ишлар идоралари ва ДХХ ходимлари ўз униформаларини ўз маошлари ҳисобига олиб кийишади.
Улар учун “текин униформа” деган илтифот йўқ.
Ўзбек ҳамма ерда ўзбек-да: Меҳмон отангдан улуғ. Қуроли бўлса – авлиё.
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши томонидан 2021 йил 10 декабрьда қабул қилинган 5275с-сонли қарорда яна ёзилишича, Толибон муллолари Шавкат Мирзиёев ҳукуматидан Афғонистондан Ўзбекистонга олиб кириладиган маҳсулотларга импорт божларини умуман олиб ташлашни талаб қилишган.
Соқол ва автоматнинг қудратига қаранг!
Ўзбекистон билан муносабатлари энг яхши пайтларда ҳатто Америка, Туркия ва Жанубий Кореядек қудратли давлатлар ҳам ўзбек ҳукуматига бу даражада таҳқирловчи талаб қўймаган.
Афтидан, “Толибон” янги Ўзбекистон ҳукуматининг сертакаллуфлиги, серилтифотлиги ва серқўрқувлигини аллақачон тушуниб етган.
Махфий қарорнинг учунчи бандида ёзилишича, “Толибон” ҳукумати Афғонистонга Ўзбекистон орқали ўтиб келадиган ҳамда Афғонистондан бошқа давлатларга Ўзбекистон орқали чиқиб кетадиган темир йўл составларидан олинадиган божни кескин камайтиришни ҳам сўраган.
Ўша банддаги яна бир талабида “толиби илмлар” Ўзбекистон ҳукуматига: “Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўлини тезроқ қуриб битказишни талаб қилганлар.
Қарорнинг учинчи бандида қайд этилишича, “Толибон” ҳукумати Афғонистондан Ўзбекистонга кириб келадиган автомобиллардан олинаётган 400 долларлик божни умуман олиб ташлашни талаб қилган.
Махфий қарорнинг “Электроэнергетикага оид” деб номланган тўртинчи бандида эса, Толибон маъмурияти Шавкат Мирзиёев ҳукуматидан Афғонистонга электрэнергияни арзонлаштирилган нархда сотишни талаб қилган.
Ушбу қарор ўша куннинг ўзидаёқ, яъни 2021 йил 10 декабрда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган ва тасдиқланган.
Ўша куннинг ўзида Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов қарор ижросини таъминлаш учун Бош вазир Абдулла Ариповга, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовга, Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси Абдусалом Азизовга, Ташқи ишлар, Ички ишлар, молия, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш ва маданият вазирликларига жўнатган.
Махфий ҳужжатнинг икки нусхаси “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Миллий электр тармоқлари” компанияларига ҳам юборилган.
5275с-сонли қарор нусхаларини вазирлик ва давлат компанияларига юборар экан, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ушбу ҳужжат ижросини таъминлашни, унинг ижроси президент Шавкат Мирзиёевнинг назоратида эканлигига алоҳида урғу берган.
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг 5275с-сонли қарори вазирликларга етиб келгач, Янги Ўзбекистоннинг янги вазирлари ушбу қарорни бажаришга тушганлар.
Масалан, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳукумат қарори ижросини таъминлаш сўраб, 2021 йил 14 декабрь куни махсус хат ёзган.
Хулоса ўрнида: “Толиб”лар - свет ва газ сўраб, йўл тўсиб қўядиган ўзбек аёллари эмас! “Толиб”лар - қўлларида бир парча қоғоз билан тинч пикетга чиққан ўзбек ҳуқуқбонлари ҳам эмас! Улар – жанг майдонларида пишган аскарлардир! Уларнинг юзида даҳшатга солувчи соқоллари, қўлларида эса “Калашников” автоматлари бор! Шундай экан, Толибонга текин турсик ва униформа етказиб бериш мороғ бўсин!