Соғлиқни сақлаш вазирлиги:ХАНС КЛЮГЕ ЎЗБЕКИСТОНДА КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАРГА ЮҚОРИ БАҲО БЕРДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:ХАНС КЛЮГЕ ЎЗБЕКИСТОНДА КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАРГА ЮҚОРИ БАҲО БЕРДИ


ЖССТ Европа бюроси минтақавий директори Ханс Клюгенинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге бошчилигидаги делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати Ахборот хизматининг хабар беришича, унда соғлиқни сақлашни ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устуворликларидан бири экани алоҳида қайд этилган. Жумладан, сўнгги йилларда ушбу йўналишда мамлакат салмоқли натижаларга эришди, бу жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. ЖССТ делегацияси раҳбари ушбу ютуқларни тасдиқлаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаёти ҳамда фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида тарихда мисли кўрилмаган суръатда ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг вакцинация соҳасидаги ютуқлари, жумладан, деярли бутун аҳоли эмлаш билан қамраб олингани эътироф этилди.  

Глобал таҳдидлар ва хавфлар ҳақида сўз борганда ЖССТ делегацияси раҳбари Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Мамлакатда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича салмоқли профилактик ишлар олиб борилгани таъкидланди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга Ўзбекистон қўшаётган муносиб ва муҳим ҳисса ҳисобланади.

Шу билан бирга, безгак, полимиелит ва мамлакат миқёсидаги бошқа касалликларга тўлиқ барҳам бериш борасида Ўзбекистон эришган ютуқлар эътироф этилди, бу ЖССТнинг тегишли сертификатлари билан ҳам тасдиқланган.

Ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақида сўз борганда, парламент билан яқин ҳамкорлик қилишга урғу берилди. Бу соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган халқаро стандартларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш имконини беради.

БМТ барқарор ривожланиш мақсадлари масалалари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан, ЖССТнинг “Хавфсиз оналик” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш, жамиятда учрайдиган касалликлар профилактикасини давом эттириш соҳасида ҳамкорлик қилиш каби устувор йўналишлар ҳам муҳокама этилди.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.




Report Page