Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗДАГИ БАРЧА БОҒЧАЛАРДА КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗДАГИ БАРЧА БОҒЧАЛАРДА КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ КУЧАЙТИРИЛАДИ


Сўнгги кунларда коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани туфайли эпидемик вазият янада қалтис бўлиб бормоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда юртимизда юқумли касалликлар, жумладан, коронавирус («COVID-19») инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларидаги мавжуд барча санитария-карантин пунктларида қатъий назорат ўрнатилиб, ушбу пунктлар замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.

Аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши назорат тадбирлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан халқаро тиббий санитария талаблари асосида амалга оширилмоқда. Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда маҳаллий мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳам ҳамкорикда тизимли профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, вазирлик Мактабгача таълим вазирлиги билан қўшма қарор қабул қилиб, унда юртимиздаги барча боғчаларда коронавирус инфекциясининг профилактикаси ва назорати бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, тегишли санитария чораларни амалга ошириш орқали болалар саломатлигини муҳофаза қилиш белгиланди.

Ушбу ҳужжатга асосан, эндиликда боғчаларда масъул ходимлар иштирокида эрталабки фильтрни ташкил этиш, ўткир респиратор касаллик белгилари аниқланганда тарбияланувчиларни алоҳидалаш ҳамда зудлик билан ота-онасига ва ҳудудий поликлиникага хабар бериш, болаларнинг қўлларни тез-тез совун билан ювиши, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиниши бўйича доимий огоҳлантириш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида хоналарни шамоллатиш, доимий равишда дезинфекция воситалари ёрдамида кундалик тозалов ишларини олиш бориш, тозалик ҳамда дезинфекция тадбирларини кучайтириш, муассасадаги тиббиёт хоналарини зарур тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш каби профилактик тадбирларни қатъий амалга ошириш кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга, дунёдаги эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар халқаро ва оммавий тадбирларни ўтказмаслик, чет эл фуқаролари ва хорижда бўлган фуқароларни мактабгача таълим муассасасига вақтинча ишга қабул қилмаслик ва уларнинг фарзандларини эса карантин даври тугамагунча боғчага олмаслик каби қатъий чораларни кўриш ҳам мазкур ҳужжатда акс этган.

Шу билан бирга, санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва дезинфекция тадбирларини бажарилиши бўйича ҳар бир мактабгача таълим муассасасининг раҳбари шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус билан боғлиқ эпидемия кун сайин ўсиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунё миқёсида коронавирус билан хасталанганлар сони 93 минг нафардан ошган. Улардан 80 400 нафардан зиёди Хитойда бўлса, қолган 12 700 нафардан ортиғи дунёнинг 77 та мамлакатида қайд этилган. Айни пайтгача касалланганларнинг 51 минг нафарга яқини соғайиб кетгани маълум қилинмоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Report Page