Соғлиқни сақлаш вазирлиги: МИРИШКОРДАГИ ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН ХИЗМАТ ТЕКШИРУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: МИРИШКОРДАГИ ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН ХИЗМАТ ТЕКШИРУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Врачи Узбекистана


Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят Миришкор туманидаги 3 нафар аёл туғруқ пайтида вафот этгани тўғрисида хабар тарқалган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу хабар юзасидан ҳудудда хизмат текшируви ўтказилди ва қуйидагилар аниқланди.

Миришкор туман Жейнов қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Нодира Абдуллаева 2018 йил 3 октябрда ҳомиладорликнинг 10 ҳафтаси ва 4-ҳомиладорлик билан ҳудуддаги Жейнов участка шифонасида рўйхатга олинган. 2018 йил 19 декабрдан камқонликнинг енгил даражаси билан ҳисобда турган. Ҳомиладорликнинг индивидуал картаси бўйича эса Н.Абдуллаева гинеколог Н.Раҳимова назоратида бўлган. Дастлабки скрининг кўригида унга ҳомила тушиш хавфи билан ташхис қўйилган. Шундан сўнг Н.Абдуллаева доимий гинеколог назоратида бўлган ва унга зарур дори воситалари буюрилган.

Апрел ойида аёл туғруқ бўлими патология бўлимида енгил преэклампсия ташхиси билан даволаниб чиққан. Муолажа жараёнида операцияга кўрсатма бўлмаган, аҳволи яхшилангандан сўнг уйига рухсат берилган. Ҳомиладор аёл ой куни яқинлашгани ва фаол туғруқ жараёни бошланмаётгани сабаб 24 апрель куни яна шифохонага кўрикка келганида унга туғруқ жараёни тушунтирилган ҳамда ётиб даволанишга тавсия берилган. Аммо аёл бунга рози бўлмаган. Эртаси куни унда туғруқ дарди бошланган ва тез ёрдам чақирилган. Тез ёрдам машинаси олти дақиқада чақирув жойига етиб келган ва Жейнов участка шифохонаси акушер-гинекологи Н.Раҳимова, ҳамшира Х.Аннамуродова ҳамда фельдшер З.Муродовалар аёлни тўлиқ кўрикдан ўтказган ва қон босимини ўлчаган. Ҳомиладорнинг аҳволи оғирлиги сабаб Миришкор туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига ётқизилган. Шифокорлар томонидан зудлик билан ультратовуш текширувидан ўтказилганда ҳомиланинг ўлим ҳолати аниқланади.

Тиббий хулосалар натижасига кўра, уй шароитида туғруқ фаолияти бошланган, лекин туғруқ муассасасига ўз вақтида мурожаат қилмаганлиги натижасида Н.Абдуллаевада бачадон ёрилиши ҳолати кузатилган. Туғруқхона мутасаддиларининг тиббий ёрдам кўрсатишига қарамай, беморни шок ҳолатидан чиқариш имконияти бўлмаган. Ўтказилган реанимацион чора-тадбирлар ижобий самара бермаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган хизмат текширув натижасига кўра, ҳомиладор аёл Н.Абдуллаева амбулатор шароитда етарлича текширувдан ўтказилмаган, тиббий ёрдам кўрсатилиши тўлиқ ташкиллаштирилмагани аниқланди.

Бундан ташқари, хизмат текшируви жараёнида яна бир миришкорлик аёл Дилафрўз Бекмуродова билан боғлиқ рўй берган ҳолат ҳам ўрганилди.

Маълум бўлишича, Д.Бекмуродова 1989 йилда туғилган бўлиб, Булуч қишлоғида истиқомат қилган. Ўтган йилнинг 27 ноябрида 2-ҳомиладорликнинг 9 ҳафтаси билан Жейнов участка шифохонасида рўйхатга олинган. Аёл ҳудуд акушер-гинекологи Назокат Раҳимованинг мунтазам кўригида бўлган, патронаж ҳамшира томонидан уйда кузатувлар олиб борилган. Ҳомиладор аёл ҳисобга олинганда УТТ, скрининг текширувларидан ўтган, турли юқумли касалликлар бўйича текширувлар амалга оширилган.

Ой куни яқинлашгунга қадар ҳомила ва ҳомиладор аёл учун хавф омиллари кузатилмаган. Жорий йилнинг 10 июнь куни соат 10:00 атрофида Д.Бекмуродовада тўлғоқ бошланган. Уни Жейнов участка шифохонаси туғруқ бўлимига шу куни соат 12:00 да олиб келишган. Бу ердан соат 17:20 лар атрофида туман туғруқ бўлимига тез ёрдам машинасида жўнатилган. Аёл 17:40 дан 21:20 га қадар шифокорлар кузатувида бўлган. Шу вақтда унинг аҳволи бирданига оғирлашиб, кўкрак соҳасида оғриқ, мушаклар тонуси ошиши, ҳаво етишмаслик ҳолатлари билан зудликда сунъий нафас олиш мосламасига уланган. Мутахассислар томонидан реанимацион даво-муолажалари ўтказилишига қарамасдан биологик ўлим қайд этилган.

Яна бир фуқаро, 21 ёшли Алиса Холхўжаева Миришкор туман, Чандир қишлоғида туғилган. А.Холхўжаева жорий йил 20 июнь куни соат 20:30да Миришкор туман тиббиёт бирлашмасига биринчи ҳомиладорликнинг 38- ҳафтасида оғир преэклампсия, йўлдош кўчиши, ҳомиланинг антенал ўлим ҳолати ҳамда камқонликнинг ўрта оғир даражаси ташхиси билан туғруқхона бўлимига қабул қилинган.

Дастлаб у келганида бел ва қов соҳасида кучли оғриқ, бош оғриғи, қиндан қонли ажралма келиши билан шикоят қилган. Туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилганда ҳомилада юрак уриши аниқланмаган. Тегишли кўрсатмаларга кўра, унда кесарча кесиш амалиёти қўлланилган ва вазни 2780,0 грамм ўғил бола жинсли ўлик ҳомила олинган.

Шифокорлар томонидан амалиёт асоратсиз ўтган, йўқотилган қон ўрнини қоплаш чоралари кўрилган. Шундан сўнг аёлнинг аҳволи оғирлиги сабабли туғруқхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бемор жарроҳлик амалиётидан кейин 9 кун давомида жонлантириш бўлимида даволанган. Аммо кўп қон йўқотилиши ва амалиётдан кейинги ҳолат бўйича беморда ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Вилоят марказидан чақирилган гемодиализ мутахассиси тавсиялари тайинланган.

Реанимация бўлимида ўтказилган интенсив реанимацион даво муолажаларига қарамасдан беморнинг аҳволи оғирлашиб борган ва 29 июнь куни соат тонги 3:00 да жони узилган. Бемор яқинларининг қаршилиги сабабли аёлда патологоанатомик текширув ўтказилмаган, натижада ўлим сабаби номаълумлигича қолган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юқорида қайд этилган ўлим ҳолатлари юзасидан Миришкор туман тиббиёт бирлашмаси масъул ходимларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. 3 нафар масъул ходим – Миришкор туман тиббиёт бирлашмасининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Х.Усманов, ТТБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари Х.Чориев, ТТБ бош акушер-гинекологи Ж.Камолов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, 3 нафар тиббиёт ходимларининг бир ойлик маошидан 30 фоиз миқдорида жарима чегириб қолинди.

Манба: minzdrav.uz

"Врачи Узбекистана" каналига қуйидаги хаволалар орқали аъзо бўлинг:

https://t.me/joinchat/AAAAAE9P9Ys4d1mbDMsvPQ

Ёки

https://t.me/vrachi_uzbekistana


Report Page