Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ХОРИЖДАН КЕЛГАН ИККИ НАФАР ФУҚАРОДА КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ АНИҚЛАНДИ, ҲОЗИРЧА БЕМОРЛАРНИНГ АҲВОЛИ ҚОНИҚАРЛИ
Аввал хабар қилганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда эпидемиологик суриштирув ҳамда коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда.
Шу йилнинг 15 март куни соат 05:15 да “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига қарашли Истанбул–Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Сўнгги маълумотларга қараганда, Истанбулдан мазкур рейс билан бирга келган беморнинг турмуш ўртоғи ва яна бир фуқарода ҳам ушбу инфекция тасдиқланган.
Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 10 нафарга етди. Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган ушбу беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.
Инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.