Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ХИТОЙДАН ҚАЙТГАН ЙИГИТ ИС ГАЗИДАН ВАФОТ ЭТГАН

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ХИТОЙДАН ҚАЙТГАН ЙИГИТ ИС ГАЗИДАН ВАФОТ ЭТГАН

ССВ

Жорий йил 5 февраль куни Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ҳаётобод қишлоғида яшовчи, 2000 йилда туғилган Абдуқодиров Муҳаммадбобур Мунаввар ўғли ўзи истиқомат қиладиган уй ҳаммомига ювиниш учун кириб кетиб, бир неча соат давомида қайтиб чиқмаган. Шундан сўнг унинг яқинлари ҳаммом эшигини бузиб киришганида йигит жонсиз ҳолатда ётганлиги маълум бўлган.

Гарчи фуқаро ҳаммомдаёқ ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, яқинлари Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган. Қабул диагностика бўлимида реаниматологлар томонидан жасад зудлик билан кўрилганда, биологик ўлим аллақачон содир бўлганлиги тасдиқланган. Бу ҳақда дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилган ва мурда суд тиббий экспертизадан ўтказиш учун Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасига юборилган.Дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида марҳумда ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган.

Маълум бўлишича, М. Абдуқодиров тил ўрганиш мақсадида Хитой давлатига борган бўлиб, жорий йил 31 январь куни Жанубий Корея давлати орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.

У юртимизга қайтиб келган куниёқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган бўлиб,унда ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмаган. Буни М. Абдуқодировнинг амбулатор картасидаги маълумотлар ҳамда яқинлари билан ўтказилган суҳбат ҳам тасдиқлади.

Дастлабки суд тиббий экспертиза хулосаларига кўра, М. Абдуқодировнинг ўлими ис газидан заҳарланиш оқибати бўлиб, айни пайтда Хитойда тарқалган коронавирус хасталиги билан ҳеч қандай боғлиқлик аломатлари аниқланмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.