Соғлиқни сақлаш вазирлиги: “16-ШАҲАР ШИФОХОНАСИ”ДА КОРОНАВИРУСГА ЧАЛИНГАН БЕМОР БОРЛИГИ ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ЁЛҒОН
Ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахтимиздаги “16-шаҳар шифохонаси”да коронавирусга чалинган беморлар борлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз ва мутлақо ёлғон.
Бу ҳақда кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси (COVID-19)нинг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида ҳам вазирлик раҳбарияти билан бир қаторда халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилмаганини алоҳида эътироф этди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, дунёдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва унинг олдини олиш борасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, назорат кучайтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида 24 соат давомида узлуксиз фаолият кўрсатувчи штаб иш олиб бормоқда. Айни пайтга қадар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон бир ҳолат аниқланмади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор ҳар бир фуқародан нотўғри, ваҳимали ва асосланмаган маълумотларга ишонмасликларини сўраб қолади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.