Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:


ЧИРОҚЧИЛИК ОИЛАНИНГ КАТТА ФАРЗАНДИ ҲАМ ВАФОТ ЭТДИ, ОТА ЭСА ОҒИР АҲВОЛДА

Аввал хабар берганимиздек, Чироқчи тумани “Лангар” МФЙ Тутли қишлоғилик оиланинг етти нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарланиб, вилоят марказидаги шифохоналарга ётқизилган эди. Уларга малакали тиббий хизматни ташкил этиш бўйича барча чоралар кўрилди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, санитария авиацияси хизмати орқали зудлик билан пойтахтдан ҳам малкали мутахассис чақиртирилиб, керакли тавсиялар олинди. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 20 ноябрь куни 09.30 да мазкур оиланинг катта фарзанди, 2006 йилда туғилган А.Т. ҳам вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтирилган оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига “Ботулизм касаллигининг оғир даражаси. Ўткир токсемия даври. Токсик нейропатия. Ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси” ташхиси қўйилган эди. Жорий йил 18 ноябрь куни 08.00да мазкур оила бошлиғининг турмуш ўртоғи Ю.У. вафот этди. Айни пайтда отанинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда.

Оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли.

Шу ўрнида яна бир бор эслатиб ўтамиз, аҳоли ўртасида хонадон шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланиш – ботулизм касаллиги учраб туради. Чунки, уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрлари ва шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя қилинмайди. Натижада консервадаги ботулизм споралари тез ривожланади ва заҳарли токсинлар чиқаради.

Ботулизм споралари билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Айрим холатларда шиша идишнинг тунука қопқоғи шишади. Бундай маҳсулотни истеъмол қилиб заҳарланган одамда унинг белгилари пайдо бўлиш жараёни икки соатдан саккиз – ўн кунгача чўзилади. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиши, жисмлар кўзига иккита бўлиб кўриниши (диплопия), ютиш ва гапириш қобилиятини пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши касалликнинг клиник белгиларидир.

Касалликни хонадон шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади. Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши, бунинг натижасида беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Ҳар қандай касалликлар каби, ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.





Report Page