Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи эпидемиологик вазият юзасидан ахборот берди

Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи эпидемиологик вазият юзасидан ахборот берди

Buxoro.uz

Куни кеча, 10 августдан бошлаб юртимиз, жумладан, вилоятимизда карантин чекловлари юмшатила бошлангани халқимиз учун ҳам айни муддао бўлди. Аммо бу хотиржамликка берилиб, ўзни бемалол тутиш дегани эмас. Сабаби ҳали-ҳамон давоси топилмаган бу хавф-хатардан ҳеч ким кафолатланмаган, биз эса мана шу “кўзга кўринмас ёв” билан бирга яшашга мажбур бўлаётганимиз ҳам айни ҳақиқат. Шу йил 11 август куни, тушгача бўлган ҳолатга назар солсак, тизимли равишда олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, вилоятимиз шаҳар ва туманларида касалликни юқтирганлар умумий сони 971 нафар, шундан, 339 нафар бемор карантин объектларида, 572 нафари аҳоли орасида ва сўнгги бир кунда даволанганлар сони 10 нафарни ташкил этмоқда.

Коронавирусга чалинганларнинг 6 нафари — оғир, 10 нафари ўрта оғир аҳволдалиги, қолаверса, юртдошларимиз ҳаётига COVID-19 билан ёнма-ён хавф солаётган пневмания касаллиги билан оғриётганлар ҳам элликка яқинлиги ўзимиз, оила аъзоларимиз соғлиги ва ҳаётига нисбатан жуда ҳушёр бўлиш зарурлигини тақозо этмоқда. Бу жиҳат соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиев иштирокида ташкил этилган брифингда яна бир бор таъкидланди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар қатнашган тадбирда айни кунда вилоятдаги эпидемиологик вазият хусусида ахборот берилди.

— Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, кардиология диспансерида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, Когон, Ғиждувон, Қоракўл, Олот, Пешкў, Вобкент каби туманлар тиббиёт бирлашмаларида стационар даволанаётган 70 нафар вилоятдошимиз дарддан бутунлай фориғ бўлиш арафасида,-деди Илҳом Нарзиев.-Шунингдек, республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида касалликни алоҳида симптомларсиз, енгил кўринишда бошидан кечираётганлар учун шаҳар ва туманларимизда мавжуд оилавий поликлиникаларда ташкил этилган мобиль гуруҳлар ҳаракатини жонлантириб, уларга уй шароитида алоҳида врач бириктирган ҳолда даволаниш кўникмаларини тарғиб этмоқдамиз.

Қайд этилганидек, маҳаллий ҳокимликлар ва маҳаллалар билан ҳамкорликда вилоятимизга республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан етказилган 7 мингта дори воситалари тўпламидан 5 минг 344 тасини манзилли равишда тарқатилган. Қолаверса, даволаш ишларининг самарадорлигига эришиш мақсадида пойтахтдан 10 нафар тор доирадаги катта малакага эга врач таклиф этилиб, шу кеча-кундузда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида нисбатан касалликни оғир кечираётган беморларни даволаш жараёнига жалб қилинган.

Брифингда йиғилганларга сўнгги бир ҳафта-ўн кун давомида коронавирусни юқтириш ҳолатлари вилоятимизда ҳам сезиларли камайгани, бу борадаги даволаш ва тиббий-профилактика ишлари, қолаверса, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда тизимли чоралар кўрилаётгани, зарур тиббий жиҳозлар ҳамда дори-дармон заҳирасини яратишга дахлдор батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, ҳали-ҳануз юртдошларимизни саросима ва ташвишга солаётган хавфли вирусдан сақланишда асосан нималарга эътибор қаратиш зарурлиги савол-жавобларда ўз ифодасини топди.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати  

Report Page