Сизнинг вилоятингиз Бизнес рейтингида нечинчи ўринда?!
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимиХалқаро жамоатчилик у ёки бу давлат ҳақидаги фикрларини асосан халқаро рейтинглардан олади. Масалан, “Бизнес юритиш” индекси, “Иқтисодий эркинлик” индекси, “Ҳуқуқ устуворлиги” индекси каби рейтинглар кўпчиликка маълум. Шу сабабли мазкур рейтингларда мамлакатимиз ўрнини яхшилаш олдимизда турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Маълумки, Ҳукумат қарорига асосан тадбиркорлик рейтингини аниқлаш тартиби жорий этилган бўлиб, ушбу вазифа Адлия вазирлигига юклатилган. Шунга кўра, ҳудудларнинг бизнес рейтинги b-indicator.uz сайтида эълон қилиниб келинмоқда.
Баҳолаш автоматик тарзда “BUSINESS INDICATOR” тизими орқали масъул ташкилотлар томонидан киритилган маълумотлар ҳамда тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида амалга оширилади.
Хусусан, ўтган даврда ҳудудларнинг 2019 ва 2020 йиллардаги бизнес рейтинги эълон қилинди. Куни кеча 2020 йилнинг якунлари бўйича ҳам 14 та вилоят ҳамда 203 та туман (шаҳар)ларнинг рейтинги аниқланди.
Рейтинг 30 та индикатор бўйича шакллантирилиб, унда 15 та масъул ташкилотлар томонидан киритилган 4 мингга яқин статистик маълумотлар ҳамда 25 мингдан ортиқ тадбиркорлардан сўров йўли билан олинган 475 мингга яқин ахборотлар таҳлил қилинди.
2020 йил бизнес рейтингида 14 та ҳудудлар ичида 1-ўринда Тошкент шаҳри бўлса, охирги 14-ўринни Сурхондарё вилояти эгаллади.
Бундан ташқари, туман даражасида баҳолаш 10 та йўналиш бўйича амалга оширилди. Туман (шаҳар)лар орасида энг яхши кўрсаткич Бектемир туманида (Тошкент ш.) қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Бахмал туманида (Жиззах в.) эканлиги аниқланди.
Баҳолаш якунлари 2020 йилда тадбиркорликнинг ривожланишида 2019 йилга нисбатан бир қатор салбий ва ижобий ўзгаришлар бўлганлигини кўрсатди.
Жумладан, бўш турган бинолар ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорларнинг Давлат бюджет тушумлари, тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилганлиги бўйича мурожаатлар сони (2,5 бараварга ошган) ҳамда тадбиркорлик учун кредит ажратилиши каби 8 та йўналишдаги умумий ҳолат ёмонлашган бўлса, бошқа 8 та йўналишда ижобий ўзгариш бўлди. Хусусан, давлат хизматларини кўрсатишда қонун бузилишлар, тадбиркорларнинг кредит қарздорлиги, тадбиркорлар фаолиятида текширишлар сони (қарийб 5 мингтага камайди) сезиларли даражада қисқарди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, баҳолаш натижалари ҳамма учун очиқ бўлиб, улардан таҳлилий маълумотномалар тайёрлашда, шунингдек, илмий изланиш олиб бораётган шахслар ўз илмий ишларида кенг фойдаланишлари мумкин.
Шу сабабли, сайтга ташриф буюринг ва ўзингиз яшаётган ҳудуднинг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳолда сўровларда фаол иштирок этинг. Сизнинг фикрингиз бевосита ўзингиз яшаётган ҳудуд ривожи учун таъсир қилади.
Ҳудудларнинг Бизнес рейтинги билан батафсил танишиш учун
b-indicator.uz сайтига ўтинг.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими