“SizdanТelegram” ижтимоий тармоғида жорий йилнинг 14 апрель куни эълон қилинган видеолавҳа юзасидан МУНОСАБАТ

“SizdanТelegram” ижтимоий тармоғида жорий йилнинг 14 апрель куни эълон қилинган видеолавҳа юзасидан МУНОСАБАТ


Туман прокуратураси томонидан 2021 йил 14 апрель куни “SizdanТelegram” ижтимоий тармоғи орқали “Навоий вилоятидаги ташландиқ олтин конида ноқонуний ишлар кузатилмоқда. ИИБ ва прокуратура ҳолатга эътибор қаратсин”-деб номланган видеолавҳа ўрганилди.

Аниқланишича, ушбу видеолавҳа қиш ойларида олинган лавҳа бўлиб, туман ИИБ ва ҳудуддаги бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ўзаро ҳамкорликда ушбу йўналишда мунтазам равишда тезкор тадбирлар ўтказилиб борилган. 

Жумладан, туманнинг “Зарафшон”, “Тинчлик”, “Каттасой”, “Қорача”, “Чанғир”, “Қуччи”, “А.Навоий”, “майдонсой”, “Олтинсой”, “Ангидон” ва “Бахшижар” МФЙлари ҳудудидаги тоғли ҳудудларида ва аҳоли хонадонларида ушбу йўналишда мунтазам равишда мутасаддилар билан тезкор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, туман ИИБ, Департаментнинг туман бўлими ва ДХХ туман бўлими ходимлари томонидан 2020 йил давомида 112 та, жорий йилнинг ўтган даврида 22 та ҳолатда ноқонуний равишда таркибида тилла зарралари мавжуд бўлган қум ва тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи шахслар аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, 2020 йилда 112 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида 22 нафар ҳуқуқбузарларнинг маъмурий жавобгарлиги масаласи ҳал қилиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган ва ноқонуний равишда тилла қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи шахслар фойдаланиб келган далилий ашёлар давлат фойдасига мусодара қилинган.

Масалан, 09.02.2021 йилда вилоят ИИБ, туман ИИБ, Департамент ва ДХХнинг туман бўлими ходимлари ўзаро ҳамкорлигида туман ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида 9 та ҳолат аниқланиб, 13 нафар шахсларни жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилган, тадбир натижасига кўра, 6 та тош тегирмон, 1 та движок, 9 та двигатель, 50 метр кабель,                   182 қопга солинган тилла зарралари бўлган тош-қумлар, 4 дона тош майдалагич ускунаси (драбелька), 1 дона болгарка, 1 та ҳужжатсиз Москвич-412” русумли автотранспорт воситаси, 160 дона ҳар бири 20 литр ҳажмдаги полиэтилен идишга солинган кислотага ўхшаш суюқликлар,                   5 дона елим лаган, 14 дона алюмен қозон, 1 дона электрон тарози, 1 дона сув бочка, 1 дона шланг (3 метр), 4 дона белкурак, 3 дона кетмон, 3 дона ключ, 6 дона нов ва 6 дона тарновлар холислар иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Мазкур видеолавҳада кўрсатилган ҳудудни аниқлаш ва ушбу манзилда тезкор тадбирларни ўтказиб, тозалаш ишларини олиб бориш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш юзасидан туман ИИБ ва бошқа мутасаддиларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.11.2018 йилдаги ПҚ-4030-сонли “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.   

Туман прокуратураси томонидан ҳудудда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни оммавий-ахборот воситаларида, маҳаллий ва хорижий Интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиниши, провокацион материалларни тарқатилишига ўз вақтида муносабат билдириб борилиши алоҳида назоратга олинган. Бу борада амалга оширилган ишлар хусусида келгусида ахборот бериб борилади.   

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати