Саломат бўлинг, сиз Гўзалсиз !

Саломат бўлинг, сиз Гўзалсиз !


2006 йилнинг 2 август куни 22 ёшли уругвайлик модел қиз Луисел Рамос "Модалар намойиши"да чиқиш қилгач, ўзини ёмон ҳис қилади ва кечқурун касалхонада жон беради. Унга юрак хуружи ташхисини қўядилар. Юрак хуружининг келиб чиқиш сабаби эса асабий анорексия касали бўлган. У вафот этганида унинг бўйи 175 сантиметр ва вазни 44 килограм бўлган. Тана вазнининг индекси (ТВИ) : 14.5.

Шу йили, 25 октябрь куни 18 ёшли бразилиялик модел қиз Ана Каролина Рестон касалхонага олиб келинади. У ноябрь ойида буйраги ишламай қолиб вафот этади. Унинг буйраги ишламай қолишига асабий анорексия касаллигини сабаб қилиб кўрсатадилар. У вафот этганида унинг бўйи 174 сантиметр ва вазни 40 килограм бўлган. Тана вазнининг индекси (ТВИ) : 13.4.

2007 йилнинг 13 февраль куни августда вафот этган Луисел Рамоснинг модел синглиси Элиана Рамос 18 ёшида худди опаси каби асабий анорексия оқибатида юз берган юрак хуружи натижасида вафот этади. Унинг ҳам бўйи опасиники каби 175 сантиметр бўлган ва у ҳам аянчли ТВИ кўрсаткишлари билан вафот этган.

Бу учта мисол дунёда ўлим билан тугаётган минглаб ва ўлим билан тугамаса ҳам инсонларни азоблаётган миллионлаб мисолларнинг орасидан танлаб олинган. Маълумот учун асабий анорексия касаллиги овқат емасдан ва бошка усуллар ёрдамида озишга ҳаракат қилиш натижасида келиб чиқадиган руҳий касалликдир. Агар ўзингиз ёки танишларингизнинг орасида берилиб озишга ҳаракат қилаётган, чиройли бўлиш учун овқат емасдан тинкаси қуригунча оч юрган инсонлар бор бўладиган бўлса, афсуски улар танлаган йўлнинг охирида мана шу учала ҳолатга ўхшаган вазиятлар бор бўлиши мумкин. Мен сизга уларни хавфдан огоҳликка чақиришингизни маслаҳат бераман...

… Дунёда бир миллардга якин инсонлар очликдан азият чексалар, семириб кетган ва вазнлари меёридан ортиқ бўлган инсонларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетган. Бу дегани дунёдаги хар уч кишидан бир нафарида ҳар хил даражада ортиқча вазн муаммоси бордир.

Саломатлик билан боғлиқ оқибатлардан ташқари бу инсонларга нисбатан одатда нохолис муносабатда бўлинади. Масалан, мактабларда семиз болалар кўпинча ўртоқларининг масхараларига дучор бўладилар. Катта бўлгач, семиз инсонларга нисбатан камситишлар ва паст назар билан қараш ҳолатлари давом этади. Ғарбдаги статистик маълумотларга кўра 20 ёшида ҳали бўйдоқ бўлган семиз инсонларнинг 30-40 ёшгача бўйдоқ бўлиб қолиш хавфи "меёрдаги" инсонларга нисбатан икки баробар кўпроқ бўларкан. Иқтисодий томондан, ишга кириш суҳбатларида семиз инсонларнинг ишга олиниш имкониятлари семиз эмасларга нисбатан анча кам бўлар экан. Хатто айрим авиакомпаниялар вазни оғир йўловчиларни иккита чипта сотиб олишга мажбурлайдилар…

...Жахон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти тана вазни индекси (ТВИ)ни қуйидагича белгилаб чиққан :

  • 16,5 дан паст : анорексия ёки тананинг озуқасиз қолиши
  • 16,5 - 18,5 : озғинлик
  • 18,5 - 25 : тананинг меёрдаги вазни
  • 25 - 30 : ортиқча вазн
  • 30 - 35 : семизликнинг бошланғич босқичи
  • 35 - 40 : жиддий тус олган семизлик -
  • 40 дан баланд : касаллик даражасидаги ёки ўтлашиб кетган семизлик.

Бу индекс қандай ҳисобланади ? Бу жуда осон. Уни математикадан элементар хабари бўлган ҳар бир инсон ҳисоблай олади. Хуллас, индекснинг формуласи қуйидагича :

ТВИ = Вазн/Бўйнинг квадрати.

Мисол учун : Сизнинг вазнингиз 80 кг ва бўйингиз 1,75 м. Дастлаб 1,75 нинг квадратини чиқариб оласиз : 1.75 х 1.75 = 3.0625. Кейин 80 ни ўша натижага бўласиз : 80 / 3.0625=26.12. Демак, сизнинг ТВИнгиз - 26.12, яъни сизда ортиқча вазн бор дегани бўлади...


... Дунёда қоматнинг мукаммал кўриниши йўқ ва гўзаллик нисбий тушунчадир. Бир замонлар озғинлик « касаллик » ва « камбағаллик »ни, семзилик эса « соғломлик » ва « бойлик »ни билдирган бўлса, яна қайсидир даврларда семиз инсонларни касалванд, дангаса ва ноинсоф, озғинларни ҳалол, меҳнаткаш, соғлом тарзда тасвирлаганлар.

Асрлар давомида санъат ва адабиёт қоматнинг ва гўзалликнинг ижтимоий бирлик сифатида шаклланишига ўз ҳиссаларини қўшган. Бир томондан Алпомиш ва Фарҳодлар баланд бўйли, алпқомат, мускуллари бўртиб чиққан қилиб тасвирланган бўлса, бошқа томондан аёл ва қизлар чумолидай хипчабел, оқбадан, сув ичса томоғидан кўринадиган, юзларидан нур ёғилиб турадиган қилиб тасвирланган.

Ғарбда ҳайкалтарош ва рассомлар эркак ва аёлларнинг жинсий фарқларини бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилганлар. Бунинг натижасида улар эркаклар ва аёллар учун гўзалликнинг "меёрлар"ини яратганлар ва жамиятда барча инсонлар "идеал эркак" ва "идеал аёл" қиёфасига ўхшашга ҳаракат қила бошлаганлар. Бўйи пастлар ўзларини бўйдор, семзилар ўзларини озғин, озғинлар эса семизроқ қилиб кўрсатишга, нимжонлар спорт билан шуғулланиб мускулларини чиқаришга, юзлари текис бўлмаган аёллар юзларига атир-упаларни суриб "камчиликларини тўғрилашга" ҳаракат қилганлар.

Тасвирий ва коммуникацион технологияларнинг ривожи сабабли сўнгги йилларда мода ва гўзаллик компаниялари инсонларнинг онгларини бошқаришни ўзларига касб қилиб олдилар. Эндиликда қандай қомат гўзал ва қандай қомат ҳунук деб ҳисобланишини улар белгилайдилар. Бунинг номини баъзан умумий қилиб "оммавий маданият" ҳам дейдилар.

Юзларига килолаб атир-упаларни сураётган, кўкракларини, думбаларини пластик жарроҳлик ёрдамида катталаштираётган аёллар, ҳар хил "дори-дармон"ларни ичиб олиб, спорт залларида соатлаб ишлаб, мускулларини шишираётган, ёнидан аёллар ўтиб кетаётганда қорнини ичига тортиб, ўзини озғин қилиб кўрсатишга интилаётган эркаклар мана шу оммавий маданиятнинг бевосита қурбонлари ҳисобланадилар. Бу нарсаларни улар ўзлари учун эмас, ўзгаларга яхши кўриниш учун қиладилар. Аслида бундан уларга умуман фойда йўқ, аксинча бу билан улар ўзларининг соғлиқларига зарар қиладилар холос.

Бунга мисол қилиб кўпчиликка таниш бўлган бир ҳолатни эслатиб ўтишим мумкин. 1970-1980 йилларда собиқ совет давлатларида тилла ва кумуш тишларни қўйдириш урфга кирган ва бунинг натижасида миллионлаб инсонлар соппа-соғ тишларини олдириб ташлаб, уларнинг ўрнига тилла ва кумуш тишларни қўйдирганлар. Мана энди замонлар ўзгариб, "тилла тишлар"нинг даври ўтиб кетди ва ўша инсонлар оқ тишли инсонларнинг орасида камсонли "тилла тишли ўзга сайёраликлар"дай бўлиб қолдилар. Уларнинг айримлари чаққонлик қилиб, тезда тилла тишларини олдириб ташлаб, уларнинг ўрнига оқ керамика тишларни қўйдириб олдилар. Лекин уларнинг ҳеч бирининг дастлаб олдириб ташлаган соғлом тишлари энди қайтиб келмайди...

... Қомат ва тана гўзаллиги деган тушунчалар нисбий тушунчалар бўлиб, улар ҳеч қачон турғун бўлмайди. Дунёда 7 миллиарддан ортиқ инсон бор бўлса, демак ўшанча гўзаллик ҳам мавжуд бўлади. Ҳар бир инсон ўз қомати, ўзининг вазни ва бўйи, ўзининг морфологик ўзига ҳосликлари билан гўзалдир. Бу бизнинг дунёга ва инсонларга қандай кўз билан қарашимизга боғлиқ. Шунинг учун, санъат, адабиёт, жамият яратган "идеаллар"га ўхшашга харакат қилиш ва ўзининг шахсий хусусиятларига тўғри келмайдиган қолипларга тушиб олишга интилиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмасдир десам қўпол гапирмаган бўламан.

Инсоннинг биринчи мақсади гўзаллик эмас, балки тана ҳамда руҳининг саломатлиги бўлиши керак. Агар инсон меёридан ортиқ семирса ёки меёридан ортиқ озса, бу унинг саломатлигига зарар етказиши ва ўлимига ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун инсон имкон қадар саломатлигига зарар етмайдиган вазн атрофида бўлишга интилгани яхши. Бунинг учун тўғри ва меёрида овқатланиш, мунтазам жисмоний ҳаракатда бўлиш (албатта спорт бўлиши шарт эмас, лекин спорт билан шуғулланилса саломатлик учун янада фойдалироқ бўлади), этика ва эстетика қоидаларига амал қилиш, ўзининг тузилиш ҳусусиятларидан келиб чиқиб, ўзларига меёрида оро бериш кифоядир. Лекин, вазни ортиқ ёки вазни кам инсонлар, мускули йўқ, семиз ёки бўйи паст эркаклар, қошлари қалам билан чизилиб, лаблари татуаж қилинмаган ёки беллари иккита қаричнинг орасига сиғмаган аёллар гўзал бўлмайдилар деб ҳисоблаш нотўғридир.

Шу гаплардан келиб чиқиб, менинг ягона тилагим, азизлар, асосийси ҳар доим соғ ва саломат бўлинглар. Чунки шахсан мен учун барчаларингиз гўзалсизлар !

Дониёр Рўзметов

Бошқаларга улашиш ва каналга аъзо бўлиш учун ҳавола : https://t.me/uchzamon

Report Page