Сиёсий партиялар номзодлари сайлов олди дастурининг энг устувор вазифалари

Сиёсий партиялар номзодлари сайлов олди дастурининг энг устувор вазифалари


Кейинги кунларда мамлакатимизда сиёсий воқеаларнинг кечиши таҳлили шуни кўрсатадики, фуқаролар, айниқса, сиёсий партияларнинг фаоллиги сезиларли даражада ошганлиги кузатилмоқда. Сиёсий партиялар муддатидан олдин ўтказиладиган Президентлик сайловига иштирок этиш учун  ўз номзодларини таклиф этиши ва дастурининг қабул қилиниши муҳим ахамиятга эга бўлмоқда. Халқимизда, сайловчиларда партиялар номзодлари дастурларида илгари сурилган устувор вазифалар катта қизиқиш уйғотмоқда.

Биринчидан, Ўзбекистон халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг дастурида давлат ва жамиятни ривожлантириш; ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш; кучли ижтимоий сиёсат юритиш; ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш; сиёсий партиялар фракциялари ролини ошириш, айрим давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш, давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиш, Ташқи меҳнат миграцияси масаласисида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш каби вазифалар илгари сурилмоқда.

Иккинчидан,  Ўзбекистон Либерал партияси ва Миллий тикланиш партияси номзодининг дастурида  кейинги  етти йилда  “Янги Ўзбекистон” ни барпо этиш бош вазифа бўлиши қатъий белгиланган. Бу борада яқин келажак учун бешта стратегик мақсад ҳал қилувчи устувор вазифа сифатида кўрсатилган. Бунда, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш; “Ҳар қайси инсоннинг қалбида бир қуёш бор, фақат унга нур сочиш имконини бериш керак”; одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш; қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари фақат ва фақат халқимиз ва давлатимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши; Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат сифатида иккита мустаҳкам устунга таяниши: биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир. Шунингдек, ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши белгиланган.

Учинчидан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жамият тараққиёти учун ҳуқуқий демократик, “ижтимоий давлат” ва “барча учун фаровонлик таъминланган” адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этмоқда.  Бу мақсадда бугунги кундаги биринчи галдаги вазифа сифатида - янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни тараққиёт мақсадларига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини амалда таъминлашни кун тартибига қўйган.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Экологик партияси номзоди ўзининг дастурида “Яшил тараққиёт учун!” шиори остида бош мақсад сифатида – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фаровон жамиятни барпо этишни белгилаб олган .

Партия халқимизни, экологияга бефарқ бўлмаган барча фуқароларимизни дастуримизда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бебаҳо табиий бойликларини асраб-авайлашдек муҳим мақсадларга эришишда биргаликда фаол иштирок этишга чақиради.

Шундай қилиб, биринчидан, Халқ демократик, Адолат социал демократик ва  Экологик партиялар номзодларининг дастурлари Ўзбекистонни келажаги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган ғоялар, концептуал таклифлар шакллантирилганлиги жозибали. Лекин давлат ва жамиятимизнинг кейинги тарққиёти учун дастурни амалга ошириш жиҳатидан ресурслар билан таъминланганлик, эришилган натижалардан тўғри ва истиқболли хулосалар чиқариш, жамиятни сафарбарлик даражаси дастур билан тўлиқ мос келиши, яъни прагматик характери жиҳатидан, шунингдек, кун тартибидаги масалаларга тизимли ёндашув,  стратегик мушоҳада ва режалар жиҳатидан Ўзбекистон либерал демократик ва Миллий тикланиш партиясининг номзоди дастури устунлиги кузатилмоқда.

Иккинчидан, ушбу жараёнда партия номзодлари дастурларини  профессионаллик даражаси, турли йўналишлардаги қобилиятлари ва шахсий фазилатлари жамотчилик орасида кенг муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бунда сиёсий партияларнинг, сайловчиларнинг номзодлар билан тўғридан-тўғри учрашувлари, оммавий тадбирлар, энг асосийси, оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш, экспертлар томонидан профессионал баҳо бериш муҳим роль ўйнайди. Албатта, номзодлар дастурида қўйилган вазифалар умумий мақсад - Ватанимиз, давлатимиз қудратини янада мустаҳкамлашга ва ҳар бир фуқоронинг фаровонлигини оширишга қаратилган бўлса-да, бу мақсадларга эришишда партияларнинг ўзига хос ёндашуви, бир бирларидан фарқлари ва ўхшаш томонлари кўзга ташланиб турибди. Бу ҳақда кейинги мақолалармизда фикрлашамиз.

 

Сайфиддин Жўраев,
Тошкент Давлат Шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори.

Report Page