15-май "Халқаро оила куни" муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари - вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоеванинг байрам табриги

15-май "Халқаро оила куни" муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари - вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоеванинг байрам табриги


@sirdaryoning_ayoli

Дунёда шундай бир Ватан ичра ватан борки, ҳар биримиз унга интиламиз. Ишдан, меҳнат жараёнларидан шу ошиён сари шошамиз. Унда бизни чорлайдиган яқинларимиз меҳри, умримиз мазмуни бўлган азиз фарзандларимиз юрак тафти мужассам. Бу албатта оиламиз, хонадонимиздир.

Оилани мустаҳкамлаш нафақат мамлакат, балки дунё миқёсидаги аҳамиятли масала ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1993 йил 20 сентябрда 15 майни Халқаро оила куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишидан кўзда тутилган асосий мақсадлардан бири ҳам оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришишдир.

 Жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси саналмиш мамлакатимизда ҳам халқаро меъёрларни жамиятимиз ҳаётига тўлиқ татбиқ этилиши йўлга қўйилган. Бунда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилган.

 Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари; «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Албатта, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир қатор ижобий жиҳатларни қамраб олганки, унинг негизида оилаларни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс этган.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 237 352 та оилалар истиқомат қилади. Мазкур оилалар билан доимий равишда оила муқаддаслиги ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ жорий йилнинг январ-март ойлари мобайнида вилоятда жами 390 та ажримлар қайд этилган бўлиб, олиб борилган амалий тарғибот ва яраштирув ишлари, ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар ва низоли оилалар билан индивидуал шуғулланишлар натижасида, бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 тага камайди.  

Қолаверса, Гулистон туманлараро Суди қошида очилган Медиация марказида ҳафтада бир кунни ажралиш учун ариза топширган фуқаролар билан ишлаш куни этиб белгиланиб, ҳар жума куни “Биз ажримга қаршимиз, ажрим сўнги чора эмас” шиори остида Гулистон, Янгиер шаҳри, Мирзаобод ва Гулистон туманларидан 151 нафар ажрим учун ариз атопширган Низоли оилалардан 79 тасининг низолари бартараф этилиб, муросага келтирилди, 60 нафар фарзандларнинг етим қолишларини олди олинди.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли, у бахтни орзу қилади, бахтга интилади. Инсонлар бахтли бўлса, оилалар бахтли бўлади. Оилалар бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

 Оила деб аталувчи мустаҳкам қўрғоннинг устуни ота бўлса, унга файз киритувчи онадир. Она меҳрининг чексизлиги асрлар мобайнида ўз исботини топган. Дунёда она меҳрининг, аёл муҳаббатининг баҳосини ўлчайдиган мезон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, оналик жасорати, рафиқалик масъулияти мужассам. Ҳар бир аёлнинг ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди,умр йўлдоши омон бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.

Ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша ўз бағрига чорлайдиган оиламиз мустаҳкам бўлсин. Ўз оиласини, фарзандлари тарбиясини ўрнига қўйиш баробарида жамият ҳаётида, фан, таълим, маданият, санъат, борингки, барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг бахт масканларида тинчлик ва тотувлик ҳукм сурсин.


Байрамингиз муборак бўлсин азиз юртдошлар!


Наргиза Тожибаева,

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари - вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи



Report Page