Сирдарёлик микроавтобус ҳайдовчилари билан юзага келган муаммо бартараф этилди

Сирдарёлик микроавтобус ҳайдовчилари билан юзага келган муаммо бартараф этилди


Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш, йўловчиларни ўз вақтида манзилларига хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жойлардаги автостанциялар реконструкция қилинмоқда, янгилари барпо этилиб шаҳарлараро йўналишларда мунтазам автобус қатновлари ташкил этилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад аҳолимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларнинг узоғини яқин қилиш, фаровонлигини таъминлашдан иборатдир.

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорларга яратилган имкониятлар самараси ўлароқ юк ва йўловчи ташиш соҳасидаги хизматларнинг деярли юз фоизи айнан хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилмоқда. Мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самараси ва шиддатли рақобат муҳитида ҳар бир корхона ўз мижозларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, янги сервис хизматлари турини жорий этиш мақсадида доимий изланишда. Йўловчи ташиш йўналишида кўрсатилаётган хизматлар сифатининг даражаси эса биринчи галда айнан автобус ва микроавтобусларнинг ҳолати билан боғлиқ. Зеро, янги энг сўнгги қулайликлар билан жиҳозланган, техник ҳолати соз бўлган транспорт воситалари йўловчиларни ўз манзилларига хавфсиз етказиб қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур жараёнда эса автобуслар паркини ўз вақтида янгиланиб борилиши жуда муҳимдир. Чунки узоқ вақт давомида эксплуатация жараёнида бўлган транспорт воситалари йўл ҳаракати хавфсизлигига қўшимча таҳдид солади. Қолаверса, уларнинг атроф-муҳитга етказаётган салбий таъсири ҳам йил сайин ортиб бораверади. Шу билан бирга ушбу категориядаги транспорт воситаларининг жорий ва капитал таъмирлаш ишларига ҳаддан ташқари кўп маблағ талаб этилиши сабаб иқтисодий нуқтаи назардан уларни сақлаб туриш фойдали эмаслигини англатади. Айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан европа давлатларининг аксариятида автобуслар ҳар 10 йилда янгиланади. Деярли барча мамлакатларда эса айнан шу турдаги транспорт воситаларидан фойдаланиш муддатларига нисбатан маълум чекловлар жорий этилган.

Республикамизда ҳам йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль транспортида йўловчиларни ташишда йўл-транспорт ҳодисаларига йўл қўймаслик мақсадида 2019 йил 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 424-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия карточкалари берилишига йўл қўйилмаслиги ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташиш тақиқланганлиги белгиланган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки бугун мамлакатимизда фойдаланиш муддати 15 йилдан ошган 351 та автобус мавжуд. Айрим тадбиркорлар томонидан маблағларни тежаш мақсадида бу каби транспорт воситаларига ўз вақтида лозим даражада техник хизмат кўрсатилмаслиги ва таъмирлаш ишларининг олиб борилмаслиги каби ҳолатлар кузатилаётган эди. Айнан ушбу қарор билан эса эскирган ва техник ҳолати белгиланган талабларга жавоб бермайдиган автобуслар босқичма-босқич фойдаланишдан чиқарилмоқда. Юртимиз автобус паркини янгилаш борасида олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ транспорт корхоналари томонидан жорий йилнинг ўзида 778 та янги автобуслар сотиб олинди. Булардан 482 таси ўрта сиғимли ISUZU автобуслари бўлса, қолган 296 таси шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатновларни амалга оширишга мўлжалланган катта сиғимли YUTONG, GOLDEN DRAGON ва бошқа русумдаги замонавий автобуслардир.

Юқоридаги қарорнинг қабул қилиниши ортидан айрим транспорт уюшмалари ва уларга аъзо ҳайдовчилар ўртасида энди фойдаланиш муддати 15 йилдан ошган микроавтобусларга ҳам лицензия бериш тўхтатилади деган нотўғри фикр юзага келган. Ана шундай ҳолат Сирдарё вилоятида кузатилди. Вилоят транспорт бошқармаси раҳбарияти томонидан ушбу қарор мазмун-моҳияти транспорт уюшмалари раҳбарларига тўлиқ тушунтирилмаганлиги қолаверса, лицензия бериш жараёнида ортиқча сансоларликка йўл қўйилиши микроавтобус ҳайдовчиларининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди. Ушбу ҳолат юзасидан Транспорт вазирлигининг автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти ва юридик бошқармаси вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ жорий йилнинг 5 октябрь куни Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида йўловчи ташувлари соҳасида фаолият юритиб келаётган уюшма раҳбарлари ва ҳайдовчилар билан сайёр қабул ўтказди. Қабул давомида иштирокчиларга қарорининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Шунингдек, қатнашчиларни қизиқтирган саволларга мутахасcислар томонидан батафсил жавоб берилди. Ҳайдовчилар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда улар лицензия варақалари олиш учун ўзи аъзо бўлган уюшмалар орқали ҳудудий транспорт бошқармасига белгиланган тартибда ариза билан мурожаат этмагани ойдинлашди. Ишчи гуруҳи томонидан барча ҳайдовчиларга лицензия олиш тартиб қоидалари яна бир бор батафсил тушунтириб ўтилди ҳамда вилоят транспорт бошқармасига барча уюшма раҳбарларига бу каби масалаларда ҳайдовчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш ва келиб тушган аризалар бўйича ўз муддатида лицензия варақаларини тақдим этиш бўйича кўрсатма берилди. Учрашув давомида Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси раҳбари Ойбек Эрбеков ҳайдовчилардан уларнинг иш фаолияти давомида юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраб, бу каби ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаб ўтди.

19 октябрь куни махсус ишчи гуруҳ сайёр қабул давомида белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюриб йўловчи ташувлари соҳасида фаолият юритиб келаётган уюшма раҳбарлари ва ҳайдовчилар билан яна бир бор учрашув ўтказди. Транспорт ушюмалари раҳбарлари билан бўлиб ўтган мулоқот давомида уларга лицензия варақалари тўлиқ равишда берилганлиги маълум бўлди. Учрашувда уюшма раҳбарлари ва ҳайдовчиларга бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш, йўналишларга чиқаётган ҳар бир транспорт воситаларини мунтазам равишда техник кўрикдан, ҳайдовчиларни эса тиббий кўрикдан қатъий равишда ўтказиш, транспорт восталарининг санитар ҳолатларини назорат қилиб бориш зарурлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, уюшмалар автопаркини ўз вақтида янгилаш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди. Чунки янги транспорт воситаларига эга корхоналарнинг келгусида ўтказиладиган тендерларда ғолибликка эришиш имконияти юқори бўлади.

Шу ўринда Транспорт вазирлиги юк ва йўловчи ташиш соҳасида фаолият олиб бориш учун лицензия варақаларини қонунда белгиланган тартибда бериш жараёни қатъий назорат остида эканлигини билдиради. Мазкур масалада қандайдир тушунмовчилик ёки қонун бузилиш ҳолатлари рўй берган тақдирда 1167 қисқа рақамли ишонч телефонлари орқали мурожаат этишингизни сўраб қоламиз.