Сирдарёда илк маротаба юрак соҳасида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Сирдарёда илк маротаба юрак соҳасида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Cирдарё вилоят ССБ Ахборот хизмати

Сирдарёлик тиббиёт ходимлар “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда вилоят аҳолисини соғлом ва бахтиёр турмуш кечиришида муҳим ўрин тутивчи саломатлигини асраш борасида аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди ва ҳаётга татбиқ этиш ишларини бошлаб юборишди.

Вилоятда онкология, эндокринология, гинекология соҳалари каби кардиологик хизматни ташкил этиш, аҳолини тиббий ёрдамга муҳтож қатламини аниқлаш ва уларга малакали кардиологик тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қуйишди.

Бунда уларга Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари билан ҳамкорликни йўлга қўйилгани қўл келди. Улар ёрдами ва маслаҳатлари туфайли Сирдарёлик кардиологлар юрак етишмовчилигини замонавий диагностикаси ва даволаш йўлларини ҳаётга татбиқ этиш, хавф омилларини коррекция қилиш, юрак қон томир касалликлари билан касалланган беморларда ўлим кўрсаткичларини камайтириш борасида ичил изланишлар бошлаб юборишди.

— Очиғини айтиш керак, сўнгги йилларда юқумли бўлмаган эндокрин бези билан боғлиқ, юрак қон-томир билан боғлиқ касалликлар тобора ёшариб бормоқда, — дейди Сирдарё вилоят кардиология диспансери бош шифокор Шуҳрат Хусанов. — Касбимиз тақозоси билан вилоятнинг турли ҳудудларида бўламиз. Аҳоли орасида чуқурлаштирилган тиббий текширувларни ўтказамиз. Натижа ўша-ўша. Тиббий текширув жараёнларида иштирок этган аҳолини кўпчилигида юқумли бўлмаган касалликлар кузатилмоқда. Уларга биз зарур тавсияларни берамиз. Аммо улар бунга унчалар ҳам риоя этишавермайди. Шу сабабли эртасига ёки индинига юрак қон-томир касалликларининг хоҳ у, хоҳ бу кўринишида хуруж юзага келгач бизни диспансерга ёки бўлмаса бошқа диспансерга мурожаат қилишади. Муаммо юрак қон-томир касалликлари. Уни олдини олишга ва соғлом ҳаётга қайтаришга ҳаракат қиламиз. Бу эса ортиқча вақт, ортиқча маблағ сарфланишига сабаб бўлади. Тушунаман, кўп ҳолларда эса бу касаллик билан касалланган беморларни коронар қон томирларида жиддий муаммолар юзага келади. Юрак ритмининг мураккаб бузилиши кузатилади. Зарур муолажаларни шу ернинг узида ўтказишни иложи бўлмай қолади. Беморларимиз Тошкентга ёки хорижий мамлакатларга боришига тўғри келарди. Бу эса оила бюджетига катта тасир қиларди. Ана шу муаммоларни, турли туман оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида вилоят кардиология диспансерида илк маротаба юрак қон-томир касалликларини юқори технологик ташхислаш ва даволаш усулларини Сирдарёда йўлга кўймоқдамиз.

Сирдарёда 840 минг   нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 38599 нафарида юрак қон-томир касалликлари билан боғлиқ муаммолари бор. Шундан 2775 нафарига стационар шароитда даво муолажалари ўтказилса, 8865 нафар бемор вилоят кардиология диспансери шифокорлари назоратидан ўтади.  Айни чоғда вилоятда 3211 нафардан ортиқ бемор бўлиб улар шу бугунги кунда жарроҳлик амалиётига муҳтож беморлар ҳисобланади.

Улар Тошкентга, қолаверса Россия, Ҳиндистон каби хорижий давлатларга бориб юрак қон-томир касалликлари билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиб, коронар қон-томирларига стент қуйдириб келишаётган эди. Бундай имконият, бундай мураккаб амалиётни ўтказиш учун зарур бўлган шарт-шароит ҳам, малакли мутахассис, замонавий тиббий жиҳозлар шу бугунги кунгача Сирдарёда йўқ эди.

Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ташаббуси билан Вилоят кардиология диспансери замонавий бинога эга бўлди. Ўтган 2017-2018 йилларда инвестиция дастурига киритилиб 8 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Мазкур диспансерга Хитой, Белгия, Венгрия, Россия, Швейцария, Япония, Германия, АҚШ, Туркия, Италия, Полша каби ривожланган мамлакатлардан янги замонавий аппаратуралар келтирилди.

Бу келтирилган аппаратлар юрак қон-томир касалликларини ташхислаш ва даволашида қонни умумий анализларини аниқлашда, қондан плазмани ажратиб олишда, қондаги газни аниқлашда, ҳаёт учун муҳим бўлган аъзоларни ҳолатини аниқлашда, беморларга сутка давомида дориларни порцияга ажратган ҳолда етказиб беришда муҳим ўрин тутмоқда. Яна бир қивончли томони диспансернинг реабилитация, реанимация, юрак ишемия бўлими, гипертония, сурункали юрак етишмовчилиги бўлимлари сони биттага ошиб эндоваскуляр хирургия бўлими фаолияти йўлга қуйилди.

Муҳими, Сирдарёда юрак кон-томир касалликларини даволаш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Президентимизнинг ташаббуслари билан вилоят кардиология диспансерига 1 миллион 600 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги 23 турдаги 88 дона замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келиб ўрнатилди. Янги эндоваскуляр хирургия бўлими очилиб, мазкур бўлимга коронарография аппарати олиб келиб ўрнатилди. Ушбу келтирилган аппарат орқали беморларнинг юрак коронар қон томирлари, уйқу артериаллари ва сон артерияларини текширувдан ўтказиш, муҳтож бўлган беморларга стенд қуйиш амалиёти Сирдарёда ўтказиладиган бўлди.

Бугун Сирдарёда ушбу вилоят кардиология диспансерида янги бўлимни очилишига бағишланган муҳим тадбир бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Равшан Қурбонов, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий марказ бўлим бошлиғи, кардиология йўналишида Сирдарё вилояти бўйича координатори, Тиббиёт фанлари номзоди Нодира Азимова, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий маркази Қарши филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Набижон Юлдашев,   Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлар доктори Рустам Юлдашев, Мирзаобод туман ҳокими Жонибек Ёриев, вилоятдаги тиббиёт муассасаларнинг бош шифокорлари, кардиологлар, вилоят нуронийлари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари янгитдан ташкил этилган бўлимни куздан кечиришди. Хориждан келтирилган ва ўрнатилган аппаратларни имкониятлари билан танишиб, бўлим шифокорлари, кардиологларга муваффақият тилашди.

Шундан Сўнг янги бўлимда илк маротаба юрак кон-томир касалликлари билан касалланган беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Ушбу беморда ва яна уч нафар беморда коронар қон-томирларига стент қуйиш бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти шу бугуннинг ўзида янги бўлимда ўтказилди. Бу мураккаб жарроҳлик амалиётини Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий маркази Қарши филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Набижон Юлдашев, ёш, тажрибали мутахассис Хуршид Хакимовлар ўтказишди.


Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Бемор, беморларнинг яқинлари жуда ҳам хурсанд бўлишиб, яратилган бундай шар-шароит, қулайликлар учун Президентимизга ва вилоят ҳокими, тиббиёт ходимларга ўз миннатдорчилигини билдиришди


Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.


▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi




Report Page