Сирдарё вилояти халқ таълими янги ўқув йилига қандай тайёргарлик кўряпти, таълим-тарбия жараёни қандай давом этади?

Сирдарё вилояти халқ таълими янги ўқув йилига қандай тайёргарлик кўряпти, таълим-тарбия жараёни қандай давом этади?

Sirdaryo_xtb

Коронавирус билан боғлиқ вазиятда халқимиз синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Яшаш тарзимиз қисман ўзгарган, тартиб-қоидалар янгиланмоқда. Шундай кунларда ўқитувчиларимиз қандай ишлар билан машғул, янги ўқув йилига қандай тайёргарлик кўряпмиз, таълим-тарбия жараёни қандай давом этяпти ёки қандай давом этмоқчи, деган саволлар барчамизни қизиқтиради.

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлимининг бошланғич таълим йўналиши методисти Гулсара Давранова ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ижодкор бошланғич синф ўқитувчилари бутун ёз давомида янги ўқув йилини қандай бошлаймиз, 4-чорак давомида ўтилган мавзуларни ўқувчиларимиз қай даражада ўзлаштирди, янги ўқув йили бошида уларнинг билимидаги бўшлиқларни қандай тўлдирсак бўлади, деган муаммолар устида бош қотиришди.

Улар ўқувчилар билимидаги бўшлиқни тўлдиришнинг йўлини ҳам топишди. Бу 3 босқичда амалга оширилади:

-1-босқич август ойида очиладиган лагерларда,  2-босқич сентябрь ойидан фан тўгаракларида ва 3-босқич дарс жараёнида мавзуларни интеграциялаш асосида  

-1- ва 2-босқичлар “Билимдонлар эстафетаси”  номли таълимга йўналтирилган ёзги оромгоҳ ва тўгарак машғулотлари учун методик қўлланма тайёрланди. COVID-19 пандемияси сабабли 2019-2020 ўқув йили 4-чорак давомида  ўтказилган онлайн машғулотларни мустаҳкамлаш мақсадида математика, ўқиш, она тили ва табиатшунослик фанларидан янги мавзулар асосида тузиб чиқилди. Унда мавзулар бўйича ўқувчиларнинг топшириқларни бажаришга, билим олишга бўлган қизиқишларини оширишга оид методик ўйинлар ўтказиш ва рағбатлантириш учун тавсиялар яратилди. Улар ўқувчиларни ўйлашга, изланишга, хулосалар чиқаришга ундайди, билим олишга бўлган қизиқишларини оширади.  

“Билимдонлар эстафетаси” номли таълимга йўналтирилган ёзги оромгоҳ ва тўгарак машғулотларда ўқувчилар методик ўйинлар орқали мавзуларни ўзлаштириб, ҳар куни рағбатлантириб борилади. Душанба куни ўқувчилар машғулотларда фаол қатнишиб, берилган топшириқларни бажарса, “олтин калитча” билан рағбатлантирилади. “Олтин калитча” олган ўқувчилар сешанба куни ҳам фаол қатнашиб, сандиқчани қўлга киритадилар. Чоршанба куни олтин калитда очилган сандиқча ичидаги китоблар жамланмасига эга бўладилар. Пайшанба куни китобхон ўқувчилар олтин тожга эришадилар. Жума куни ўқувчиларнинг олган рағбат карточкалари сарҳисоб қилиниб, ҳар куни машғулотларда фаол қатнашган, топшириқларга ижодий ёндашган, билимдон, зукко ўқувчилар кутилмаган қўнғироқ имкониятига эга бўладилар.

Бундан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, таътил даврида фанларга оид қўшимча материаллар билан таъминлаб бориш, эгаллаган билимларини рағбатлантиришдан иборат.

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 309 та таълим муассасаси бошланғич синф ўқувчилари иштирок этадилар. Бунда умумий ўрта таълим мактаблари қошидаги "Кузатув кенгаши" фаоллиги асосида кундузги "Ёзги соғломлаштириш оромгоҳ"лари "Билимдонлар эстафетаси" таълим оромгоҳларига ўтказилади. Бунда бошланғич синф ўқитувчилари 4-чорак давомида ўтилиши лозим бўлган мавзуларни ихчамлаган ҳолда ўқувчиларга етказиб берадилар ва шу ҳисобидан ўқувчилар билимидаги бўшлиқ тўлдирилади. Ўқитувчилар томонидан турли фанга оид дидактик ўйинларни машғулот жараёнига аралаштирган ҳолда бошланғич синфлар учун 16-20 соатга мўлжалланган ўқув режалар тузиб чиқилди. Ўқув режа асосий (она тили, ўқиш, математика, табиат, инглиз тили) фанларга тузилди. "Таълим оромгоҳи"да ўтказилган машғулотлардан сўнг ўқувчилар баҳоланмайди, аксинча турли номинациялар билан рағбатлантириб борилади. Машғулотларнинг давомийлиги 30 дақиқа қилиб белгиланди. Бунда ўқувчининг қабул қилиш қобилияти эътиборга олинди. 15 дақиқа янги мавзу, 15 дақиқа тўлдириш машғулоти режалаштирилди. Бир кунда иккита фандан ортиқ фан бўйича машғулотларўтказилмайди.

Таълим муассасаси ўз шароитидан келиб чиққан ҳолда оромгоҳ режасини ишлаб чиқади ва мактаб раҳбари томонидан тасдиқланди.

3-босқичда тўғридан-тўғри дарс жараёнларида мавзуларни оптималлаштирган ҳолда ўтиш. Бу бўйича 1-4-синф 4-чорак якунидаги мавзуларни янги ўқув йилида такрорлаш мақсадида методик тавсиялар ишлаб чиқишди.  Ушбу методик қўлланмалар 1-4-синф 4- чорак якунидаги она тили, ўқиш, математика, атрофимиздаги олам фанларидан онлайн дарслар давомида ўқувчиларнинг ўзлаштиришлари қийин бўлган мавзуларни ўз ичига олган бўлиб, ўтилган мавзуларни яна бир маротаба ёдга олиш ҳамда такрорлаш мақсадида бошланғич синф ўқитувчилари ҳамда 4-синф ўқувчилари учун тайёрланган. Қўлланма ўз ичига намунавий дарс ишланмаларни, тестларни ҳамда мавзу юзасидан тайёрланган тақдимотларнинг электрон вариантларини жамлаган.

Аввалом бор ҳаммамиз COVID-19 пандемиясининг тугашини ҳамда ўқувчиларимиз мактаб қучоғида, ўқитувчилар ҳамкорлигида дарс машғулотларини ўтишини хоҳлаймиз. Нима бўлганда ҳам биз ўқитувчиларимизнинг ҳамиша ўқувчиларига самарали таълим-тарбия беришларига тайёр эканлигини ва бу ишда барча имкониятларини ишга солишларини истаймиз.

Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси Методик хизмат бўлими бошланғич таълим йўналиши методисти: Г. Давранова



Report Page