Сирдарёлик битирувчиларга “Олтин” ва “Кумуш” мeдаллар топширилди.

Сирдарёлик битирувчиларга “Олтин” ва “Кумуш” мeдаллар топширилди.

Sirdaryo_xtb

Мактаб ҳар биримизнинг ҳаётимизда унутилмас давр ҳисобланади. Биринчи ҳаяжон илк мактабга қадам қўйган кунимиз бўлса, уни тарк этар чоғимиз янада кучли ҳаяжон ва соғинчни ҳис қиламиз. Биз учун қадрли бўлиб қолган устозларнинг ўгитлари, беғараз танбеҳлари, синфдошлар билан ўтган қизиқарли ва унутилмас воқелар ширин хотирага айланади.

Бугунги кунда эътибор марказимизда бўлган умумтаълим мактаби битирувчи ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичларининг йилдан-йилга оширилишига эришиш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилгани қувонарли. Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февраль 154-сонли «Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейлар битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Сирдарё вилоятида 25 июнь куни жорий ўқув йилида 11-синф битирувчиларининг 54 нафари олтин ва 8 нафари кумуш медаллари билан тақдирландилар. 

Ўқувчиларга Сирдарё вилояти ҳокими билан учрашуви олдидан Сирдарё вилояти таълими жараёнида яратилган шарт-шароитлар билан таништириш мақсадида саёҳат ташкил этилди. Улар Гулистон шаҳридаги Ҳ.Худойбердиева ижод мактаби ва дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялар  парки— IT-parkнинг вилоятдаги филиали фаолияти билан танишдилар. Ушбу таълим масканларида яратилган шароитлар ўқувчиларда катта тассуротлар уйғотди.

Саёҳатдан сўнг Гулистон шаҳридаги истироҳат боғида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Ғаниевич иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими битирувчи ўқувчиларни мустақил ҳаётга қадам қўяётганликлари билан қизғин табриклаб, мамлакатимизда, қолаверса, вилоятимизда ёшларга оид давлат сиёсати асосида навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, спорт, санъат, бизнес ва бошқа йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самаралари ҳақида гапирди. Учрашув чоғида Президентимизнинг битирувчиларни касб-ҳунар мактаблари, техникум ва олий ўқув юртларига қамраб олиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда берган топшириқлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича алоҳида фикр-мулоҳазаларини билдирди ва битирувчи ёшларга олий ўқув юртларига киришлари йўлида муваффақиятлар тилади.

   Очиқ мулоқотда вилоятимиз ёшларга берилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. 

      Учрашув қатнашчилари ўқувчиларнинг ҳар бири олий ўқув юртларига кириб, ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлишларида омад ва муваффақият тилаб қолишди. 

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармасининг Ахборот хизмати








Report Page