Сирдарё вилоятида олиб борилган жамоатчилик мониторинги тадбирлари юзасидан

Сирдарё вилоятида олиб борилган жамоатчилик мониторинги тадбирлари юзасидан

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати
Фото: "Юксалиш"

Жорий йилнинг 21 май куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Сирдарё вилоятида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида қатор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, амалга оширилаётган ислоҳотларни фуқароларга етказиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, шунингдек Давлат дастурлари ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирларини ўтказиш мақсадида туманларга ташриф буюрдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4067-сонли Қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастурига асосан, Тошкент-Душанбе йўналишидаги М-34 автомобиль йўлининг 117-м км темир йўл ва автомобиль йўли устидаги йўл ўтказгич реконструкция ишларининг бориши билан танишилди. Объект 2019 йилнинг сентябрь ойига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 300 м узунликдаги бир қисмида кириш-чиқиш йўллари ва транспорт ечими объектларини қуришга ушбу ҳудуддда режа бўйича бузилиши лозим бўлган турар ва нотурар жойларнинг бир қисми бузилмаганлиги сабабли лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилаётганлиги маълум бўлди.

Фото: "Юксалиш"

Хусусан, ҳозирда мазкур объект қурилиши лозим бўлган ҳудудда 9 та турар ва нотурар жой объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг бузилиши эвазига тўланадиган компенсация тўловларининг 95 фоизи “Буюртмачи” — “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш Дирекцияси” ДУК томонидан Гулистон шаҳар ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига 2019 йилнинг март ойида ўтказиб берилганига қарамай, маҳаллий ҳокимлик томонидан қурилиш объекти майдонини бўшатиш учун тегишли чоралар кўрилмаганлиги, мазкур объектнинг дастурда белгиланган муддатларда фойдаланишга топширишга салбий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, тадбирлар давомида Ховос туманидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятига молик А376 “Қўқон-Жиззах” автомобиль йўлидаги қўприк реконструкция ишларининг бориши кўздан кечирилди. Объект қурилиши ўз вақтида ва хеч қандай муаммоларсиз олиб борилаётганлиги маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ томонидан вилоятда юқоридаги Давлат дастурига асосан реконструкция қилинаётган Янгиер шаҳридаги 300 ўринга мўлжалланган 6-сонли мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари кўздан кечирилди. Мазкур объектда “Yagiyer Red Gold” МЧЖ томонидан олиб борилаётган лойиҳа смета ҳужжатларига асосан қурилиш таъмирлаш ишларининг 50 фоизи ўз вақтида амалга оширилган бўлиб, бажарилган 1760.0 млн. сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари юзасидан тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштирилган. “Yagiyer red Gold” МЧЖ томонидан тегишли маблағларни ўтказиб бериш учун Мактабгача таълим бошқармасига тақдим этилган бўлсада, мазкур маблағларни ўтказиш кечиктирилаётганлиги, бунинг натижасида қурувчиларнинг иш ҳақларини ўз вақтида берилмаганлиги сабабли бундан кейинги қурилиш ишларининг сустлашишига олиб келиши маълум бўлди.

Фото: "Юксалиш"

Бундан ташқари, Сайхунобод тумани Дўстлик МФЙда жойлашган 160 ўринга мўлжалланган янги МТМ 2018 йилда қуриб битказилганига қарамай, шу кунга қадар фойдаланишга топширилмаганлиги маълум бўлди. Жамоатчилик мониторинги давомида муассаса керакли мебель ва жиҳозлар билан таъминланмаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, фуқароларнинг фарзандларини МТМ жойлаштиришга эҳтиёжи катта бўлсада, Мирзаобод тумани Ҳақиқат маҳалласи, Оқолтин тумани Андижон маҳалласи, Ширин шаҳар Нуробод маҳаллаларида 160 ўринли мактабгача таълим муассасалари 2018 йил Давлат дастури доирасида қуриб битказилиб, мебель ва жиҳозлар билан таъминлаш учун маблағлар ажратилмаганлиги сабабли вилоятда 4 та мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилмаётганлиги маълум бўлди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати