Сирдарё вилояти мусиқали драма театрига бош режиссёр тайинланди

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрига бош режиссёр тайинланди

Sirdaryo teatri yangiliklari

Сирдарё театрида бир неча йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган бош режиссёр масаласи ижобий ечимини топди.

Жорий йилнинг 6- декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакиллари, Сирдарё вилояти маданият бошқармаси ва театр жамоаси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Маданият вазирлигининг театрлар фаолиятини бошқариш бўлими бошлиғи Аҳметжанова Муқаддас Ваҳобовна йиғилишни очиб, Сирдарё театрининг қўлга киритган улкан ютуқлари билан муборакбод этди.

Шундан сўнг Сирдарё театрига бош режиссёр этиб Мансур Холиқов тайинланганлигини расман эълон қилди. Ушбу хабарни театр жамоаси мамнуният билан қарши олди.

Дарҳақиқат, театрнинг ижодий фаолиятини белгилаб берадиган, ижодий жамоанинг имкониятларини намоён этишда асосий ўринни эгаллайдиган шахс бу- бош режиссёр ҳисобланади. Маданият бошқармаси бошлиғи Асатилла Холиқов ҳам ўз нутқида ана шулар ҳақида тўхталиб, бош режиссёрнинг фаолиятига омадлар тилади.

Мансур Холиқов ҳозирги кунга қадар пойтахтимиздаги Республика сатира театрида саҳналаштирувчи режиссёр вазифасида ишлаб келган бўлсада, Сирдарё театри билан доимий ижодий алоқада бўлиб, ўтган йиллар мобайнида бир нечта сара спектакллар саҳналаштирди.

Театр директори Р.Ражабов ёш режиссёрга катта умид билдириб, эркин ижод қилиб, Сирдарё театри шон-шуҳратини янада юксалтириш йўлидаги изланишлари учун барча шарт-шароитларни имкон қадар яратиб беришга ваъда берди.

Ёш иқтидорли мутахассис, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг бош режиссёри Мансур Холиқовдан театр жамоасининг умиди катта.

Қандиёр Рустамов. Санъатшунос.

Телеграмм 👉 @dramteatr

Report Page