Синф журналлари қай тартибда тўлдиради?

Синф журналлари қай тартибда тўлдиради?


uzedu

Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси сабабли 4-чорак ўқув жараёнлари масофавий шаклда олиб борилди.

Кўплаб ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб ҳамда карантин шароитида ўқувчиларга енгиллик яратиш мақсадида ўқув йили якунида босқичли имтиҳон ва якуний давлат аттесатцияси ўтказилмади.


1. Карантин даврида ўқитувчилар синф журналларини қай тартибда тўлдиради?

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2020 йил 20 майдаги 130-сонли буйруғида карантин чекловлари бекор қилинганидан сўнг санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда йиллик баҳоларини ҳамда 4-чоракда масофавий шаклда ўтилган мавзуларни синф журналида қайд этиш белгиланган.

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги йиғилиш баёнига мувофиқ, карантин чекловлари жорий йилнинг 8 майидан бошлаб 3 та ҳудудга (“яшил”, “сариқ” ва “қизил”) ажратилиб, босқичма-босқич карантин чекловлари юмшатиб борилмоқда.

Шунингдек, биринчи навбатда битирувчи синф (9-11-синф) ўқувчиларини ўз вақтида таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш мақсадида жорий йилнинг 8 июнидан, қуйи синфларда жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб қуйи синфлар (синфлар кетма-кетлигида) жадвал асосида карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда синф журналларини тўлдириш тавсия этилади.

Бунда синф журналларини тўлдиришга жалб этилган педагогларнинг меҳнат таътили даврида фойдаланмай қолган кунлари 2020 йил август ойида белгиланган тартибда қўшимча таътил бериш билан қопланади.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан “қизил” ҳудуд этиб белгиланган туман (шаҳар)ларда синф журналларини тўлдириш учун жалб этиш тавсия этилмайди.


2. Журналга ўз иш режасидаги мавзулар бўйича ёзишадими ёки теледарс мавзулариними, теледарс кам бўлган кўп фанларда, ўз иш режамиз бўйича ёзамиз деса, эртадан кейин "КРУ" келиб карантинда бу мавзуларни ўтмагансан, деб "қирқишга" тушса-чи?

Маълумки, “Online-maktab” лойиҳасида эфирга узатилган дарслар телевизион каналларнинг эфир вақтини инобатга олиб, 17 та фандан 3 та тилда (ўзбек, рус ва қорақалпоқ) тилларида эфирга узатилди. Ўқитувчиларга масофавий шаклда фаолият олиб боришлари ва унда “Online-maktab” лойиҳасида телевизион дарсларни ўзлаштиришда ўқувчиларга кўмаклашиш ҳамда телевизион дарсларда эфирга узатилмаган фанларни қўшимча равишда масофавий шаклда ўқувчиларга тушунтириб бориш тавсия этилган.

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 28 мартдаги баёнига мувофиқ, ўқитувчиларнинг ўз иш фаолиятини масофавий тарзда иш ҳақи сақланган ҳолда давом эттиришлари белгиланган.

Шу боис, ўқитувчилар фанлар бўйича йиллик тақвим мавзуий режасида 4-чоракда белгиланган мавзуларни синф журналларига қайд этишлари тавсия этилади.


3. Синф журналига 31 мартдан ёзиладими ёки 1 апрелданми, 31-мартда ҳамма “меҳнат таътили”да бўлган-ку? 2019-2020 ўқув йилининг 3-чорак охирги 3 куни ва 4-чорак бошидаги 2 кундаги мавзуларни нима қилиш керак, дастур бажарилмай қоладику уларни журналга ёзилмаса...?

Ўқув йилининг 4-чораги жорий йилнинг 30 мартидан - 25 майга қадар “Online-maktab” рукни остида телевизион дарслар эфирга узатилди ва ўқитувчилар фаолияти масофавий тарзда давом эттирилди.

Ўқув режада белгиланган ўқув дастурларни бажариш мақсадида ўқув йилининг 4-чорагидаги мавзулар жорий йилнинг 30 мартидан бошлаб синф журналларида қайд этилади.

4-чоракда белгиланган дарслар дам олиш (таътил) кунларига тўғри келган тақдирда бошқа дарс мавзуларига сингдирилган ҳолда синф журналида ёзиш тавсия этилади.

Масофавий шаклда ўз фаолияти давом эттирилган педагогларнинг меҳнат таътили даврида фойдаланмай қолган (30 ва 31 март)  кунлари 2020 йил август ойида белгиланган тартибда қўшимча таътил бериш билан қопланади.

Report Page