“Сиань-Тошкент-Сиань” рейси йўлга қўйилмоқда

“Сиань-Тошкент-Сиань” рейси йўлга қўйилмоқда


Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаро авиацияси соҳасини ривожлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, миллий ва хорижий авиакомпанияларни жалб қилган ҳолда истиқболли хорижий мамлакатлар шаҳарлари билан авиақатновларни босқичма-босқич йўлга қўйиш ва парвозлар географиясини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимининг ортишига таъсир этмоқда.

Мазкур жараёнда Транспорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон бозорига кириш истагида бўлган хорижий авиакомпанияларнинг таклифларини ўрганиб чиқиш, парвозларни йўлга қўйиш борасида уларга яқиндан кўмак берилмоқда. 27 сентябрь куни Хитойнинг «Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.» авиакомпанияси “Сиань-Тошкент-Сиань” йўналиши бўйлаб мамлакатимизга илк чартер рейсини амалга ошириши бунинг ёрқин мисоли бўла олади. 

Йил сайин бутун дунё бўйлаб Хитойлик сайёҳлар оқими жадал ўсиб бормоқда. 2021 йилга келиб хорижий мамлакатларга чиқаётган кун чиқар юрт сайёҳлари сони 200 млн кишига бориб етиши кутиляпти. Улар ўз сафарлари давомида сарфлайдиган маблағ миқдори эса 400 млрд. АҚШ долларини ташкил этади. Айнан ушбу жиҳатни инобатга олганда “Сиань-Тошкент-Сиань” рейсининг йўлга қўйилиши жуда аҳамиятли. Мазкур йўналишда авиа қатновларнинг йўлга қўйилишига Шэньси провинциясидаги сайёҳлик компаниялари ҳам катта қизиқиш билдиришмоқда.

 Эслатиб ўтамиз бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида авиация соҳасидаги ҳамкорлик 1994 йилнинг 19 апрель куни Тошкентда имзоланган ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим ҳамда икки давлат авиация ҳукуматлари даражасида имзоланган ўзаро англашув меморандумлари орқали тартибга солинади. Бугунгиги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “China Southern Airlines” авиакомпаниялари ўзаро икки томонлама келишувларда белгиланган Тошкент-Пекин ва Тошкент-Урумчи йўналишларида ҳафтасига икки маротаба доимий парвозларни амалга ошириб келмоқда.

Амалдаги икки томонлама келишувларга мувофиқ айни дамда Сиань шаҳри тасдиқланган компаниялар томонидан доимий парвозларни амалга ошириш манзили сифатида белгиланмаган. Ҳозирда икки давлат транспорт вазирликлари ва тегишли идоралари томнидан “Сиань-Тошкент-Сиань” чартер рейс парвозларини келгусида мунтазам равишда амалга оширишни ташкил этиш масаласи ҳал этилмоқда. Қолаверса, икки давлат ўртасидаги парвозлар частотасини ҳафтасига 15 тага етказиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга Санья, Иу, Гуанджоу ва Шанхай шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри қатновларни ташкил этиш борасида ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

«Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.» авиакомпанияси томонидан “Сиань-Тошкент-Сиань” йўналишида қатновларнинг йўлга қўйилиши орқали мамлакатимиз ва Хитойнинг шимоли-ғарбий қисми билан тўғридан-тўғри ҳаво транспорти орқали алоқанинг йўлга қўйилишига эришилади. Мазкур авиакомпания 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, ўз флотида 42 та авиалайнерга эга. Бугунги кунга қадар компания 200 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро йўналишларда юк ва йўловчи маршуртларини очган.

“Сиань-Тошкент-Сиань” чартер рейси юртимизга келаётган хитойлик сайёҳлар сонини ошириш мақсадида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ҳамда «Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.» компанияси томонидан биргаликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Бундан аввал Хитой авиакомпанияси вакиллари биринчи марта 2018 йил Тошкентда ўтган Халқаро инвестицион форум ишида иштирок этишган бўлиб, томонлар туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш, туристик компанияларни мамлакат инфратузилмасига инвестиция киритишга жалб қилиш, махсус туристик маҳсулотлар яратиш ҳамда хитойлик сайёҳлар оқимини ошириш, шунингдек тўғридан тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишган эди. 

 “Сиань-Тошкент-Сиань” йўналиши бўйлаб парвоз илк парвоз умумий 173 кишини ўзида сиғдира олувчи Airbus A320neo самолётида амалга оширилади. Рейснинг биринчи йўловчиси мазкур авиакомпания раҳбари Лю И бўлиши кутилмоқда. 

 


Report Page