Севимли фильмлар“Раис буванинг кетмони учмайди”
“Учар кетмонлар”. Ҳа, бу сўзлар ҳар доим кўрган сари яна кўргингиз келаверадиган севимли “Абдуллажон” фильмида кўп бора тилга олинган. Ўзбек кинематографиясида “Абдуллажон” фильми – шубҳасиз, ўзбек киносидаги фантастик комедия жанрининг энг ёрқин намунасидир.Дубляжда Ҳусан Шариповнинг “Ассалому алайкум уважаймый товариш Стивен ака Спилберг...” сўзлари фильмни бошлаб беради. Истиқлолнинг илк йилларида яратилган кино ҳозир ҳам томошабинларни экран қаршисига чорлайверади. Моҳир режиссёр Зулфиқор Мусоқов мазкур фантастик комедияда ўзбек халқига хос самимийликни юмор орқали юксак савияда кўрсатиб берган.Фильмда тилга олинган “кетмони учади ёки учмайди” каби иборалар халқ мулкига айланиб, одамлар орасига ёйилиб кетган. “Мальчииик, Маруся где, Маруся? Барнаулдами?” энг қизиқарли саҳналардан бири. Фильмда қизиқарли саҳна бор: “Совет ва Америка ракеталари учрашиб қолишади, бир-бири билан саломлашади: — Ассалому алайкум! — Ваалайкум ассалом!” Зулфиқор Мусоқовнинг кашфиёти.Фильмнинг бош қаҳрамони Бозорбой образини гавдалантирган актёр Ражаб Адашев оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида фильмни суратга олиш жараёни ҳақида шундай деганди: “Бу мураккаб съёмка дейилади. Ҳозиргидек замонавий техникалар йўқ пайтда, шундай муваффақиятли тасвирларни олганимиз сир бўлиб қолгани маъқулми, дейман. Чунки айрим содда ҳамюртларимиз кетмоннинг учишига қаттиқ ишонганда. Ҳозир бундай картина олмоқчи бўлсангиз, жуда осон. Компьютерда ясаб ташласа бўлади. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, ўша ролим билан ҳақиқатда менинг кетмоним учган...”.“Раис буванинг кетмони учмайди” дея қайсарлик қиладиган “Абдуллажон” – Шуҳрат Қаюмов эса бобоси Малик Қаюмов касбини давом эттириб, операторлик билан шуғулланмоқда. Ш.Қаюмовнинг айтишича, у “Абдуллажон” фильмидан кейин бошқа картиналарда бош ролларни ўйнамаган. Бунга сабаб – мен учун кинода роль ўйнашдан кўра, кино суратга олиш анча қизиқроқ, дейди у. Маълумот учун, Шуҳрат Қаюмов Аюб Шаҳобиддиновнинг “Темур” фильмида ҳам суратга тушган.Фильмда Бозорбой ўғли Болтабой образини актёр Эргаш Мўминов маҳорат билан ижро этган бўлиб, “Абдуллажон” Тошкент вилоятидаги Ўртасарой деган қишлоқда суратга олинган. Эътиборлиси ўша уй, яъни Бозорбой (Ражаб Адашев), она (Тўти Юсупова) ва ўзга сайёралик меҳмон Абдуллажон (Шуҳрат Қаюмов) яшаган уй ҳалиям бор.