Севги

(ҳикоя)
Саратон ҳовурида тушга бориб, билқ-билқ қайнаган сертупроқ йўллар. Анор кампирнинг кўз олдидан ўқтин-ўқтин ўтиб қўяди.
-Қўрқма калишинг эрисаям, оёғинг куймайди, - дерди ҳазил аралаш далага бирга кетаётиб сўзамол эри. – Ахир бу ёзимизнинг “қори”–ку қара ялтирамасаям изимиздан нусха оляпти.
Қуёш уфққа оғгач, яна кетган йўлларидан қайтишарди: ўзи бошига малла тўла печакни қўйиб, паҳлавони бўйи белига урадиган катта-катта икки боғ курмак ўтни елкалаб. Керакли тошни оғири йўқлиги шундан аён эди. На вазминлигидан нолишарди, на узоқлигидан зорланишарди. Аммо юзларидан тер тепчиларди, хансирай-хансирай нафас олишса ҳам илдам боришарди. Болалар қий-чув кўтарганча тўда-тўда қўй-қўзиларини “ҳайда-ҳайда”лаб олдиларидан ўтишганида чангга беланаётган эрининг қизиқчилиги тутарди тағин.
-Энди ўзимизнинг изимиз ўзимизнинг кўзимизга сурма бўладиганга ўхшайди, тўғрими? – деди овозини бироз кўтариб.
Хотин ҳам бўшашмасди.
-Унда "сурма кетар, кўз қолар" деганлари сиз билан бизга айтилган экан, дадаси. Уйга етволайлик, бир пақир сув чикора. Яна боягидек бепардоз қолаверамиз. Бир-биримизга азалдан шундайлигимизча ёқамиз-ку.
-Гап йўқ, сенга, хотин, гап йўқ...
Олтмиш йил бурун дахлизли кўримсизгина кулбасини қиши билан нам шимган томида эрта кўклам лолақизғалдоқлар ял-ял ёнарди. Бўғотларида мусичалар “ку-ку”лашарди. Ўшанда бугунгидек пишиқ ғиштли кошона уйлар, мустаҳкам шиферлар, ранго-ранг черипицалар қаерда эди. Неча-неча йилги ёғинларда усти уқалана-уқалана “қариб-қартайган” ҳовлисининг пастқам пахса деворига ёзин-кузин таппи ёпмаса, қорли-қировли паллада ўчоғи оловсиз, танчаси чўғсиз қоларди.
Ҳозиргидек лов-лов ёнадиган бетутун газлар кимнинг етти ухлаб тушига кирибди. Лекин Анор ачага негадир чолидан айрилгач, ҳеч бири татимай турибди. Қани эди ўша ёшлиги қайтиб келса-ю, умр бўйи бошида сигир-қўйига даладан уззу-кун чечак ташиб ўтса, шунга ҳам минг карра розийди. Фақат ва фақат жуфти ҳалоли Нуриллоҳ қори ёнида турса бас эди...
Кампир одатича субҳи саҳар уйғонди. Ғира-шира тонг ёруғида таҳорат олди. Қибла томонга илиб қўйилган суратдаги чолига рўбарў туриб намоз ўқиди. Юзига фотиҳа тортгач, уйнинг токчасидаги қадрдон кетмонни томирлари бўртган титроқли кафтлари билан пичирлаб силлаб-сийпалади. Дахлизга ўтиб, ўзи каби йиллар тўзонидан эсон-омон чиқиб, титилибгина қолган эски ковушини оёғига илди. Кўча остонасининг икки ёнидаги эгатни қоплаган сада райҳонларига обдастада сув олиб чиқиб қуйди.
Дарвозаси олдида кўҳна чинор ҳамон салобат билан соя солиб ўсади. Жазирама иссиқ маҳал одамнинг жонига оро киритади. Дарахт остида кўтарилган мўъжазгина супачага мослаб Анор кампир шолча билан кўрпача тўшаб олган. Азалдан шу ерда ўтиришга одатланган. Азонлаб ўтган-кетганлар момога саломни канда қилишмайди. Гарчи тўқсонни қоралаб қолганига қарамай, ҳалиям қўлларидан китоб тушмаслиги катта-кичикнинг ҳавасини келтиради.
Анор кампирга ҳазил-ҳузул чолидан юққан. Айниқса, мактабга қатнаётган ўқувчиларга гап сотишдан кўнгли беҳад ҳузурланади. Ҳовлисидаги гилос, ўрик, олмаларга болаларнинг оғзи тегишини жуда-жуда истайди. Жомдаги мевани улашиб яйрайди. Мунчоқкўз ширинтомоқларнинг “менгаям”, “менгаям”лаб атрофида нафслари чуккуллаб қўл чўзганча мўлтираб туришлари кампирнинг меҳрини янада ийдириб юборади-да, “етмаганлар ҳафа бўлмасин, қани орқамдан юринглар, сизларга тупидан ўзларинг узиб ейишларингга рухсат бераман. Лекин яхшилаб уқволинглар, шохини синдириб қўйиш йўқ...” деганча уларни чолидан қолган дарахтлар томон эргаштиради.
Ёғин-сочинли кузакда супача бўшаб туради. Шунда ҳам баъзи болалар кампирни унутишмайди. Ҳатто мевахўрлар дарвозадан бош суқишиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлишади. Ана ўшанда айвондаги Анор ача худди уларни кутиб ўтиргандек севиниб кетади. “Кел, келақол” дея меҳмонга чорлайди. Дастурхонга жийдадан тортиб, узум, беҳи ва ҳурмогача қўяди. Аммо болалар бир нарсани яхши билишади, “қарзи”ни узмасдан осонликча туриб кетишолмайди. Биттадан ёдлаган шеърин ифодали ўқиши шарт. Кампир тузатаётганида “оқибатли” болаларни кафтларини майизу туршакка тўлдиришни ҳам асло эсидан чиқармайди. “Йўл-йўлакай эрмак қилиб кетасизлар” дейди ўғил-қизларини эркалатиб, “йўқловчилар”и кўплигидан хурсанд ҳолда.
Китобхон кампирнинг ҳамқишлоқлари орасида бир ашаддий “мухлиси” бор эди. Яқиндагина шаҳардаги университетнинг филология факультетига ўқишга кирган Чамангул момога ўзгача меҳр боғлаган эди. Юриш-туришлари, гап-сўзлари ҳамиша ҳавасини келтирарди. Супачада китоб ўқиб ўтиришларидан беҳад таъсирланарди. Бошқа қарияларда хадеганда учрайвермайдиган бу фазилатини ибрат тимсоли сифатида ич-ичидан маъқулларди, олқишларди.
У кунлардан бирида момонинг дарвозаси олдида пайдо бўлди.
-Анор ача-ю-у-у, Анор ача-а-а.
Ичкаридан “Келав-е-ер, қизим” деган овоз қулоғига чалингач, Чамангул “Ассалому алайкум”лаб уйга кириб борди. Нозик қоматини сал буккан ҳолатда энкайиб таъзим қилди. Момо билан қучоқлашиб кўришди.
- Сен мени йўқлабсан, сени худойимнинг ўзи йўқласин, болам-а, - деди кампирнинг боши осмонга етиб, - Қани тўрига ўт-чи?
Чамангул ўнғайсизланди.
-Сиздан тепага чиқиш менга ярашмайди, ача, - дарров эътироз билдирди у.
-Ярашади, қизим, ярашади. Каттами кичикми меҳмон барибир улуғ саналади. Ахир бу ота-боболаримиздан қолган одат-а, ўт-ўт!
Чамангул энди қайсарлик қилишга ботинолмади. Кампир инқиллаб-синқиллаб танча устига дастурхон ёзишга тушди. Докчадаги нақшли сандиқнинг қопқоғини ғийқиллатиб очди. Иккита нон, печак қанд, ёнғоқ ва бодом олиб, дастурхонга қўйди. Термос чойнакни келтириб пиёлага чой қуйди. Танча овқатланадиган стол вазифасини ўтаётгани учун ёзлигига қарамай, ҳануз уйдан чиқариб ташланмаган эди.
Чамангул ундан-бундан тутинган бўлди-да, тезда мақсадга кўчди.
-Ача, олдингизга киришимнинг сабаби сиз ҳаққингизда чиройли эссе ёзмоқчийдим, - деди майингина оҳангда.
-Қанақа эссе, болам? – Таажжубланди кампир. Мени нимамни ёзасан, эсим кирди-чиқди бўп қолган, қизим. Эссенг эси бутунлар ҳақида бўлгани яхшимасми?!
Чамангул ҳайратланиб жилмайди.
-Ҳаммасини айтишингиз шарт эмас, ача, сизнинг эсласа арзигудек хотираларингиз борлигини қишлоғимизда кимлар билмайди дейсиз. Шунақанги саволлар тузиб келганманки, кўнгил қатингизни очиб юборганингизни ҳатто ўзингиз сезмаёқ қоласиз.
- Унда... – Анор ача каловланиб қолди. – Майли эслаганга нима етсин...
- Рухсат берсангиз биринчи саволга тутсам. Хўш, кимларнинг китобини кўпроқ ўқийсиз.
- Бобонгникинида, бобонгникини.
- Нималар деяпсиз, ача? Ҳали бобом ҳам ёзиб турармидилар, китоблариям чиққанми? – Нигоҳларида ҳайрат ўйнади қизнинг.
-Сен мени нотўғри англадинг-ов чамада, қизи тушмагур. Нуриллоҳ қори аслида бирор сатр шеър-пер битмаган. Унақа сиёҳиям бўлмаган. Аммолайкин китоб қўлтиқлагани қўлтиқлаган, китоб ўқигани ўқиган эди. Шунақанги қироати ёқимли чиқардики, тинлаганни маъноси қолиб, оҳангиёқ сел қилиб юборарди. “Қори” лақаби беъжиз берилибдими.
Кампир сукутланди. Титроқ бармоқлари дастурхон четини қайириб, буклаб турарди. У шу тобда ўзини бутунлай унутиб, фақат чолини ўйларди. Чамангул эса эссесига керакли далилларни тезроқ эшитишни хоҳларди.
- Энди тушундим, - деди оҳистагина “хато”сини тузатишга уриниб Чамангул. – Сизни қайси ёзувчи ёки шоирлар асарларини ўқиш қизиқтиради, ача?
-А-а, - деди кампир қизнинг саволидан хушёр тортиб. – Меними?
-Ҳа-да.
- Буни қайдан билай, қизим тушмагур, арабчаниям, кирилчаниям, ҳозирги лотинчаниям тузукроқ ҳижжалай олмасам.
-Наҳотки? – дабдурустдан эшитган жавоби уни эсанкиратиб қўйди. Кўзларига ишонсинми, қулоқларига. Ўша заҳоти ўзини ўнглашга тиришди. “Ача, аскияниям яхши кўрадилар шекилли” деб кулимсираб ўйлади ичида.
-Китобхонликнинг ҳеч уяладиган жойи йўқ, камтарлик ҳам эви билан, ача! – деди дадилланиб Чамангул.
Кампир айбдордек хомуш бош эгди. Ҳижолатомуз оғиз жуфтлади.
-Бизнинг замонлар билан сизнинг замонларингиз ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, болам. Саксон йил бурун муштимдеккина қизчага хат-саводдан кўраям бир бурда қотган нон зарур эканлигини қайданам биласиз. Биринчини ўқимаганман, иккинчини ўқимаганман, учинчини китобини сал-пал чўқилаганман...
Чамангул яна ғалати аҳволда қолди. Суҳбатдошидан нималарни кутган эди-ю, у нималарни сўйлаяпти-я. Бироқ ҳар тугул қизиқарли эди.
-Учинчига икки кун борганман, холос. Отам оиламизга битта болаям асраб олгандилар.
-Кейин-чи?
- Кейин домла уйимизга қидириб келганди. Отам “Ўқиб Момохонга маълим бўлмай қўяқолсин менинг қизим. Сенларнинг ёнингга юборсам, анув етимчага ким қарайди!” деб ўшқириб қайтарганлар. Ахир онамдан эрта айрилиб, қари бувим билан бирга тирикчилик ўтказардик-да.
Мактабдагилар тағин тинч қўйишмади, келаси йили бешинчига чақиришди. Уч-тўрт кун қатнаганман. “Анатомия” китобидаги ичак-чавоқ бу ёғига чиқариб қўйилган расмни кўриб қутим ўчган, эртасига лабларимга учиқ тошиб, истималаб ётганман. Ўша-ўша мактабдан оёғимни бутунлай узганман. У пайтлар ўқитувчилар кутмаган, эсласам юрагим эзилади, қахатчилик эди, қимматчилик эди. Ҳамма оч-нахор юрарди. Бир бурда нон топилса, ўша кун байрам эди. Кейин уруш отлиғ бало ёпирилди...
Худога минг қатла шукур, ўн етти яшарлигимда мактаб кўрган, китоб суйган кишига узатишди. Бобонг эскичадан ёзиб берсаларам, янгичадан ёзиб берсаларам ҳеч зеҳним ўтмади, ўрганолмадим. Бир этак болаларим билан овора бўп кетдим, ўргилай.
- Ўнта ўғил-қизни оқ ювиб, оқ тараб катта қилиш осонмиди, бувижон, - деди нарироқда компьютерга тикилиб ўтирган Файзулло.
-Сен катталар гапига аралашмай, хап тур. Хадеб кантитир ўйнайвермай, боққа кириб, мол-қўйларга ўт юлсанг-чи, жоним болам, - деди кампир ҳали айтадигани кўпдай. Унинг дил қулфи очилиб кетганди. Бошдан кечирганлари сеҳрли эртакдай кўз ўнгидан лип-лип ўтарди.
Бобонг раҳматли аввалига колхозда ўн йилча кетмон чопганлар, сўнг қайсидир курсда ўқиб келгач, ўттиз йилдан ошиқ буғалтирчилик билан шуғулланганлар. Кўзойнакни тақволиб, ҳисоб-китоб устида пешоналарини тириширганча қорачироқнинг хира ёруғида алламаҳалгача чўт қоққанлари чўт қоққан эди, бояқишнинг. Барибир менга вақт топардилар. У пайтларда керосин танқис эди. Шамнинг шуъласида Навоий, Фузулий, Машрабларни ўқиб берардилар. Кампир бирдан шеър айта бошлади:
Бошимдаги рўмолим
Ёргинамнинг совғаси.
Намунча ширин экан
Муҳаббатнинг ғовғаси.
Сувга чиқсам, гап отиб
Юрагимни ўйнатар.
Нетай меҳр уйғотиб
Ўйламасам, ўйлатар.
Эй йигит кўнглингга боқ,
Суйганинг – ёринг кутар,
Кўксингга гулингни тақ,
Чин вафодоринг кутар.
- Бу шеърни ўзингиз тўқиганмисиз, ача? – маъносидан дарров фаҳмлади Чамангул.
- Сездинг-а, ўшандан буён қанча замонлар ўтди-ёв, аммо сира-сира ёдимдан кўтарилмайди. Колхозда ғўза ўстирган маҳалларим пайкал ичида оҳангдор сўзларни бир-бирига мослаб айтиб юрардим. Эҳ-ҳа, у вақтлар шўх-шаддод эдик, қўйдек сапчирдик. Дала эгатларининг устида давра қуришиб, бир-биримиз билан роса айтишувлар қилардик. Кўпинча дугоналаримни доғда қолдириб қўярдим. Бахтимга худойим китоб кўрган инсоннинг жуфти бўлишни пешонамга битган экан. Баъзи-баъзида бобонг билан тортишиб қолсак, “Бай-бай, Анор, хат танимасдан шунчаликсан, хат таниганингда борми, дунёни остин-устин қилармидинг” дея кўнглимни кўтариб қўярдилар чоли тушмагур.
-Бир нарсага ҳеч ақлим етмаяпти, - деди ниҳоят ўзини қийнаётган саволни тилига чиқариб Чамангул. – Сўз ўқишни билмасангиз, унда нега ҳар доим китоб вароқлаб термулганча пичирлаб ўтирасиз? Бу ишингизда бирор маъно борми?
Кампирнинг кўзларида ёш ғилтиллади.
-Бор, қизим, бор. Сенга чинини сўйласам, шу эски қалин китоб бобонгнинг ҳамишалик дўсти эди. Ёзувиям арабча. Келинчаклик чоғимдан бери уйимизнинг тўрида сақлаб келганман. Қачон қарамай, чолимнинг қўлларидан тушмасди, жудаям яхши кўрардилар. Гоҳ-гоҳ кўча бўйида худди мендек супага ўтирганча ўқирдилар. Ҳозир бўлса, ўрниларида мен. Китобни вароқласам, кўз ўнгимда қиёфалари жонланади. Улар билан гўё гаплашгандек сезаман ўзимни. “Ҳа, Анор, ўқи-я,ўқи!” дея кинояли қараш қилаётгандай туюлсалар ҳам шу одатимдан асло воз кечолмайман, ўргилай, жоним қизим...
Чамангул ачадан жуфти ҳалоли билан ўтказган барча яхши-ёмон кунларига шоҳид араб ёзувидаги қўлёзма баёзни авайлаб қўлига олди. Аста очар экан, ундаги битикларни ўзи ҳам ўқий олмаса-да, шу тобда “китобхон” кампир бениҳоя гўзал, бениҳоя улуғвор қалби билан шу кичик қишлоқда катта оламга татигулик беқиёсу бетакрор ҳаёт мактаби яратганига беҳад ҳайрату ҳавасда эди...
Манзура АБДУЛЛАЕВА