Сессияда секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди

Сессияда секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди

Buxoro.uz

Бугун, 17 май куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 97-сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоят секторлари, бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, видеоконференцалоқа шаклидаги сессия ишини шаҳар-туманлар студияларидан ҳудудлар секторлари раҳбарлари ва масъуллари кузатиб боришди.

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.

Сессияда дастлаб вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни камбағаллик даражасидан чиқариш, доимий яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетган фуқаролар билан ишлаш, “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш, аҳоли кайфиятига таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг масъулиятини ошириш борасидаги устувор вазифалар тўғрисида Бухоро вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Ботир Зариповнинг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, вилоятдаги мавжуд 11 та туман ва 2 та шаҳар, 52 та сектор ва 544 та маҳаллада аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигини таъминлаш, ёшлар билан ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Вилоятдаги 544 та маҳаллада 439 минг та хонадон, 570 минг та оила мавжуд бўлиб, 2 млн 50 минг нафар аҳоли, жумладан, 1-сектор (Бухоро шаҳар, Жондор, Қоракўл ва Олот туманлари) ҳудудида 205 та маҳалла, 174 минг та хонадон, 223 минг та оилалар таркибида 756 минг нафар фуқаро истиқомат қилмоқда.

Ҳудуддаги ишсизлар – 29,3 минг нафар (ишсизлик даражаси – 3,4 фоиз)ни, хорижга ишлашга кетганлар – 67,5 минг нафарни ташкил этади.

Вилоятдаги мавжуд аҳвол ҳамда истиқболда меҳнат бозорига кириб келадиган ёшлар контингентини инобатга олиб, 2024 йил мобайнида 209 минг 395 та янги иш ўрни яратиш белгилаб олинган.

Вилоятда 2024 йил мобайнида жами 70 минг 740 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, 1-чоракда 11 минг 550 нафар аҳоли бандлиги таъминланди ҳамда 1-чорак режаси 299,8 фоизга бажарилди.

Айтиб ўтиш жоизки, жорий йилдан бошлаб янги тартиб ишлаб чиқилди. Унга кўра ҳар бир йўналишда бандлиги таъминланган аҳоли тўғрисида маълумотлар “Yangi ish.mehnat.uz” электрон платформасига кунлик киритиб борилади. Жумладан, масъуллар туман (шаҳар)лардаги, инвестициялар ва ташқи савдо, иқтисодиёт ва молия, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш бўлими бошлиқларига, бандлиги таъминланган фуқароларни “Yangi ish.mehnat.uz” электрон платформасига киритиш бўйича рухсатнома берилган.

— Лекин соҳалар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилганмизда, инвестиция соҳаси бўйича Бухоро ва Когон шаҳарлари, Жондор ҳамда Пешку туманлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Когон, Шофиркон туманлари, қурилиш соҳаси бўйича Когон шаҳар, Ғиждувон ва Қоровулбозор туманлари, 1-секторда инвестиция соҳаси бўйича Бухоро шаҳар ва Жондор туманида белгиланган прогноз режасини бажаришда қолоқликка йўл қўйишмоқда. Ушбу соҳаларга масъул ўринбосарларим ҳам номи қайд этилган туман ва шаҳар ҳокимлари қисқа муддатда бу борадаги фаолиятларини тубдан ислоҳ этишлари лозим,-деди Ботир Зарипов.

Қайд этилганидек, 2024 йил 4 апрелдаги “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони билан чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга бир қатор имтиёз ва имкониятлар белгиланди.

Бугунги кунда 65 минг 332 нафар фуқаро доимий ишлаш учун хорижий давлатларга кетган.

Четга кетган фуқароларни туман ва шаҳарлардаги 4 та секторга ажратиб, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш ҳамда ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжмандларига алоҳида ёрдамлар кўрсатиш бўйича хатлов ишлари олиб борилди.

Хатлов натижаларига кўра, уларнинг 13 минг 604 нафари ватанга қайтиб ишлаш истагини билдирди. Ватанга қайтгандан сўнг 3 минг 488 нафари доимий ишга жойлашишни, 3 минг 969 нафари кредит (пакет 33 млн сўмгача) олишни, 4 минг 520 нафари экин ери (деҳқон хўжалиги учун) олишни, 200 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ноқишлоқ ер олишни 645 нафари касб-хунарга ўқитишни ва 1 минг 176 нафари асбоб-ускуна олиб ўзини ўзи банд қилишни билдирди.

Бундан ташқари, ўтказилган хатлов жараёнларида мигрантларнинг оила аъзоларининг 10 минг 737 тасининг эҳтиёжлари борлиги аниқланди.

Аниқланган 10 минг 737 та муаммо ва эҳтиёжлардан ҳозирги кунда 9 минг 959 таси (93 фоиз)нинг муаммо ва таклифлари ижобий ҳал этилди. Қолган 778 нафар фуқаро талабларини қондириш бўйича сектор раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” томонидан кунлик мониторинг йўлга қўйилган.

Вилоят раҳбари ҳисоботи давомида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда мавжуд камчиликларга ҳам тўхталди.  

Жумладан, камбағаллик даражаси Ғиждувон ва Шофиркон (8,6 фоиз), Олот (8,5 фоиз) ва Вобкент (8,4 фоиз) туманларида юқорилигича қолмоқда. Камбағал оилалар билан ишлаш бўйича “Индивидуал дастур”га 15 минг 924 та чора-тадбирлар киритилган бўлиб, уларнинг ижроси вилоят бўйича 101,4 фоизга таъминланмоқда. 

Бироқ дастур ижроси Ғиждувон туманида 70,8 фоизни, Пешку туманида 99,4 фоизни, Олот туманида 99,6 фоизни ташкил этиб, вилоят кўрсаткичидан паст натижа қайд этилмоқда.

— Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, сектор раҳбарлари бошчилигида барча тегишли ташкилотлар билан биргаликда йил якунига қадар қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозим бўлади. Жорий йил май-декабрь ойларида 190 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича йўналишлар кесимида ойма-ой график ишлаб чиқилди. Жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобига – 13,1 минг нафар, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳасида – 44,4 минг нафар, қишлоқ хўжалиги соҳасида – 125,7 минг нафар, қурилиш соҳасида – 6,7 минг нафар аҳолини бандлигини таъминлашимиз лозим. Бунинг учун сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг соҳавий ўринбосарлари тегишли бошқармалар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда ушбу режа-графикни бажарилишини ташкил қилишлари ҳамда тизимли назоратга олишлари керак,-деди Ботир Зарипов.

Шундан сўнг Бухоро вилояти прокурори, 2-сектор раҳбари Улуғбек Ҳамдамов, Бухоро вилояти ИИб бошлиғи, 3-сектор раҳбари Икромжон Турсунов, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Дилшод Юлдашевлар ўзларига бириктирилган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар юзасидан ҳисобот беришди.

Кун тартибига мувофиқ, Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларини йўналтириш тўғрисида, Бухоро вилояти Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисида, вилоят ҳокими ўринбосарларининг 2024 йил I чорак якунлари бўйича фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари тўғрисидаги ва сессия ваколатига доир бошақ масалалар кўриб чиқилди.

Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page