Сентябрь ойида бажариладиган агротехник тадбирлар

Сентябрь ойида бажариладиган агротехник тадбирлар


Сентябр ойида Республикамизда фермерларимиз пахтани даладан юқори харакатлар билан йиғиштириб олишни бошлашади. Ўзбекистон Республикасининг пахта эртароқ пишадиган минтақаси шимолда жойлашган. Шу мақсадда кузги ёғингарчиликлар, совуқли кунлар нисбатан эртароқ бошланиши мумкин. 

Етиштирилган пахта ҳосилини тезроқ, сифатли машиналарда териб олиш катта аҳамиятга эга бўлиб, бунинг учун ғўза дефолиацияси, ёхуд ўсимликлар баргини кимёвий дорилар ёрдамида сунъий тўкдириш ўтказилиши талаб қилинади.

Тадбирларни бажариш орқали ғўза ўсимлиги баргларини мажбурий тўкдириш эмас, балки «қарийбошлаган» ўсимликни «қаришини» бироз тезлаштиришдир. Холбуки, ғўза ўсимлиги ҳосил қилган жами кўсакларни 3-4 донаси тўла пишиб етилиб очилиши, унинг пастки баргларини сарғайиб тўкила бошлаши «қарийбошлаш» жараёнини билдиради. Шу сабабли ғўза дефолиацияси жами етиштирилган ҳосилни камида 50 фоизи пишиб, кўсаклар тўла очилганда ўтказилади.

Ҳозирги даврда ғўзани дефолиация қилиш учун асосан ўсимликка «қаттиқ» таъсир этувчи Хлорат магний, Супер суюқ ХМД, «юмшоқ» таъсир этувчи Садаф, Авгурон-экстра дефолиантлари ишлатилади.

Мамлакатимизнинг Фарғона водийсида жойлашган Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам айнан шу дефолиантлардан фойдаланилиб, бунда вилоятларнинг тупроқ-иқлим шароитлари дефолиация қилинадиган ғўзанинг ҳолати ҳисобга олинади. Айниқса, дефолиация самарасига кучли таъсир этадиган иқлим шароит, хусусан ҳавонинг ўртача ҳароратига эътибор берилиб, дефолиант меъёрларини белгилаш зарур бўлади.

Маълумки, водийнинг ҳар бир вилоятида жанубий, марказий ва шимолий худудлар бўлиб, улар ўз иқлим шароитига кўра бироз фарқланадилар..Вилоятларнинг иқлими, ҳавонинг ўртача ҳарорати, дефолиация ўтказиладиган майдонлардаги ғўзанинг ҳолати ҳамда дефолиантларнинг хусусиятларига қараб қуйидаги меъёрлар тавсия этилади.

     

Дефолиантларнинг хаво хароратига қараб қўлланилиши меъёрлари

Дефолиация қилинадиган далалардаги ғўзалар мумкин қадар бир хил ривожланган, ҳосили бир текис пишиб етилаётган, жами бир тупдлаги кўсакларни 50-55 фоизи очилган бўлиши лозим.

Дефолиантлар қўлланиладиган далалар тупроғининг намлиги юқори бўлмай, ғўза чанқашга яқин ҳолатда бўлса дорилар яхши таъсир этади.

Агарда тупроқ намлиги ниҳоятда паст ғўза чанқаб қоладиган ҳолат рўй бериш кутилса бу майдонларда дефолиациядан 10-12 кун олдин енгил суғориш ўтказиш керак.

Дефолиация тадбири ўтказилгандан сўнг 5-6 кун давомида ҳавонинг ўртача ҳарорати 20-25 оС бўлса, тадбир ниҳоятда самарали бўлади. Ўртача кунлик ҳаво харорати 18оС дан пўст бўлса Авгурон-экстра дефолиантини, 15оС дан паст бўлса, Садаф, Супер суюқ ХМД, Хлорат магний дефолиантларининг юқоридаги меъёрлари яхши самара бермайди. Ҳаво ҳароратининг пасайиб боришига мос равишда дефолиантларнинг қўллаш меъёрлари ҳам 10-20 фоизга ошириб борилади.

Дефолиантлардлан самарали фойдаланиш учун ғўза навларининг кўчат қалинлиги, барглаш даражасига ҳам эътибор берилади. Барглар сатҳи кичик, кам баргли ғўза навларида дефолиантларнинг меъёрлари 15-20 фоизга кўпайтирилади.

Тупроғи шўрланган майдонларда, шўрланиш кучли даражага томон ошиб боришига монанд ҳолда меъёрларни 10-20 фоизга камайтирган маъқул.

Дефолиантларни тўғри қўллаш учун улардан марказлашган ҳовузларда ёки металл идишларда эритма тайёрлаш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳовузлар 3 та бўлади. Биринчиси тоза сув учун, иккинчиси эритма тайёрлаш учун ва учинчиси тайёр эритмани сақлаш учун ишлатилади.

Дефолиант эритмаси тайёрланадиган ҳовузда сувга дефолиант қўшилгандан сўнг камида бир соат аралаштирилади, тайёр аралашма учинчи ҳовузга ўтказилади. Эритмани бевосита ОВХ га қуйиш олдидан ҳам аралаштириш лозим бўлади.

Дефолиантлар сепишда бўйи паст ғўза майдонлари учун 6,3-7, бўйи баланд ғўза майдонлари учун 5,3-6,5 км/соат тезлик, 2-4 атмосфера босими таъминланади.

ОВХ пуркагичи мосламаси ғўза ривожига қараб 1,2-2 метр баландликда, ўққа нисбатан 10-12 градус ётиқ қилиб ўрнатилади. Пуркагичнинг бурилиш бурчаги паст бўйли ғўзаларда 180 градус, ўртача ўсган ғўзаларда 160 градус, баланд бўйли ғўзаларда 140 градус бўлиши керак.

Ғўзани дефолиация қилишда захарли кимёвий моддалар билан ишлаш бўйича эхтиёт чоралар йўриқномаларига амал қилинади.

Дефолиация юқоридаги тавсиялар асосида ўтказилгандан 12-15 кун ўтгач пахта теримга киришилади. Шунда мавжуд кўсакларни 85-90 фоизи очилиб, ҳосилнинг асосий қисми биринчи саноат навларига сотилиши таъминланади.

        Сентябр ойида боғ-токзорларида авжи пишиқчилик даври давом этмоқда. Боғларда кузги ва қишки мевалар, токзорларда сархил узумлар ғарқ пишган давр ҳисобланади. Бу даврда мева боғларида ва токзорларда мавсумий парвариш ишлари асосан тугалланган бўлиб, қишга сақланадиган мева ва узум ҳосилини теришга эътибор қаратилади. Боғларда зараркунанда ва касалликлар тарқалган майдонлар аниқланади, кеч кузда пуркаш ишларини бажариш учун шу кунларда кимёвий воситаларни тайёрлаб, пуркагичларни созлаб қўйиш талаб қилинади.

Меваларни кечпишар навлари сентябрь ойида пишиб етилади. Шунинг учун ҳосил теримига 10-15 кун қолганда, боғларда ҳар 100 м масофада юк ташиш учун йўллар ўтказилади. Кечпишар олма ва нок меваларни навига ва пишиб етилиш муддатига қараб терим бошланади. Бунинг учун теримчилар мева-узум ҳосилини териш техникасини яхши билиши талаб этилади. Энг аввал ерга тўкилган мева терилиб, кейин дарахтдагиси олинади. Узилган мева-узумлар товар ҳолатига келтирилади, яъни улар сараланади, катта-кичикликка ажратилади ва яшикларга жойлаштирилади.

Яшикларга жойланган мева ва узумлар транспорт воситаларига ортиб сақлашга, қайта ишлашга ёки сотувга юборилади.

 Қишки узумнинг Пушти тоифи, Нимранг, Хусайне, Ризамат каби навлари сақлашга қўйилса, саноатбоп узум навлари ҳосили қайта ишлаш корхоналарига юборилади.

Республикамизда об-ҳавонинг йилига ҳар хил келиши сабабли энг асосий агротехник тадбирлардан ток кесиш ва шакл бериш ишларига эътибор қаратиш зарур. Бу йил ҳаво хароратининг яхши келиши боғларда барча меваларнинг ўз вақтидан эртароқ етилишига сабаб бўлди.

Сентябр ойида бажарилиши режалаштириладиган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтамиз.

Ток тупларининг новдалари икки муддатда: кўмиладиган токлар кузда, кўмилмайдиган токлар асосан баҳорда кесилади. Токдан мўл ҳосил олиш учун ҳар йили кесилиб, маълум шаклга келтирилади. Ток новдаларининг сони ва тупда жойланиши токнинг ўсиш кучига биноан тартибга солинади. Ток кесиб турилганда унинг ҳосилга кириши тезлашади, мўл ҳосил бериш даври узаяди, токзорни ишлаш ва механизациядан фойдаланиш, касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари осонлашади. Токдан мўл ҳосил олиш учун доимо яхши пишган, бақувват, соғлом ва бағазларда яхши ётадиган, нормал бўғим орасига эга бўлган новдалар қолдирилади.

Токни умумий қабул қилинган технологияси бўйича кесиш зарур. Ток кўмиладиган туманларда кесиш вақтида тупларда қабул қилинган меъёрдан 20-25 фоиз қўшимча кўз қолдирилади. Кучли ўсадиган Пушти тоифи, Нимранг, Хусайне, Ризамат, Қора кишмиш каби навларда кўзлар кўпроқ қолдирилиб, узунроқ кесилади. Бир тупда 200-300 тагача кўз қолдирилиб, ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, Мускат розовый навларида кўзлар сони 150-180 тагача қолдирилгани маъқул. Кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино чёрный навларида 80-120 та кўз қолдирилади.

Пишган новдалар шундай кесиладики, уларни пастки симга боғлаш мумкин бўлсин, заифроқ новдалар 2-3 та кўзча қолдириб кесилади. Келажакда 4-5 та занг бўлиши учун новдалар қолдирилади, 9-10 ёшли занг новдалар янгиланиши мақсадга мувофиқдир.

Кесилган ток туплари кўндоқлаб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул) ва антракноз касалликларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан жиққа ҳўллаб пуркалади.

Мева-узум маҳсулотлари маҳаллий шароитда ертўлалар, омборлар, оддий ўралар ёки замонавий омборхоналарда сақланади. Мева-узумни сақлаш учун энг яхши шароит ҳаво ҳарорати ва намликни доимо аниқ белгиланган даражада сақлаб туришдир.

Мева етилганда, уларни об-ҳаво қуруқ вақтда, банди билан бирга авайлаб узиш керак. Сақлаш учун терилган мевалар етилиш даражаси бўйича навларга ажратилади ва ўлчамлари бўйича саралаб, яшикларга жойланади, 7-8 яшикни устма-уст омборни шипигача 50-60 см масофа қолдириб тахланади.

Яшикларни айрим қаторлари ўртасида ҳаво айланиши учун 10 см тирқиш ва юриш учун 60-80 см. ли йўл қолдирилади.

Олмани омборларда идишсиз сақлаш учун девор бўйлаб турли кенгликда, баландлиги 10-15 см. ли ёндорли сўкчалар ўрнатилади. Тахтадан ёки фанердан ишланган баландлик параллел жойлашган сўкчалар ўртасида         70-80 см. дан кам бўлмаслиги керак. Мева-узумларни сақлаш вақтида текшириб туриш учун сўкчалар пирамида шаклида ўйиб ёки юпқа қават қилиб ёйиб қўйилади.

Олма ва нокни 5-6 ойгача сақлашнинг энг яхши шароити ҳаво ҳарорати               0-1 оС ва нисбий намлик 85-95% бўлиши лозим.

Албатта оддий ер тўлаларда бундай шароитга эришиш қийин, шунинг учун ҳавони шамоллатиб, сув сепиб, олтингугурт билан дудлаш ва мева-узумларни сифатини кузатиб бориш талаб этилади.

Узум сақланаётганда эҳтиёткорлик билан узилган узум бошларини сояга ёйиб, 1-2 кун мобайнида шамоллатиб, сўлитилади. Сўнгра узум бошларини иккитадан бойлаб осиб сақлаш мумкин. Ёки узун новдалар билан кесилган узум бошлари сувли идишга новдасини ботириб қўйиб сақласа натижаси яхши бўлади.

Узумни қамишдан тўқилган бордонларга ётқизиб сақлаш хам яхши натижа беради. Маҳсулотни сақлаш давомида бир ойда икки уч мартоба назорат қилиш талаб қилинади ва узум сақланаётган омборхона олтингугурт билан дудланиши талаб қилинади. Шу холда нормал сақлаш мумкин бўлади.


Report Page