“Сени севганлигим айбим…”
Эй, умри азиз
“Сени севганлигим айбим…”
Сарлавҳада ўқиганингиз Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров ўз вақтида куйлаган қўшиқлардан бирининг илк сатрлари. Матндаги “Сен” ким: Холиқми, Ҳаётми, Ҳазрати инсонми, Маъшуқами? Қўшиқни тингларкан, мухлис ўз тафаккур тарзидан келиб чиқиб, мушоҳада қилади ва янглишмайди. Мазкур қўшиқни қойилмақом ижро қилаётганида Фахриддин Умаров хаёлидан нималар кечган экан? Айтмоқчи бўлганимиз ана шулар ҳақида.
Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров ҳаёт бўлганида фусункор кузнинг илк кунида ўзининг 95 ёшини қарши олган бўларди.
Ҳофиз кўпинча туғилган кунларида ўз дил розларини яқинлари, шогирдлари даврасида қўшиқлари билан ифодалаганига, шу тариқа ўзининг бир йиллик ижодий сарҳисобини қилганига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз.
Илк бор бундан роса 40 йил муқаддам ҳофизнинг Қибрайдаги файзли ҳовлисида бўлиб ўтган шукроналик тадбирида иштирок этган эдим. Эшитишимча, бундан аввалги маросимлар бу қадар сарфайз ўтмаган. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ўз қўшиқлари билан инсон боласи кўтара олмайдиган даражадаги шон-шуҳрат чўққисига чиққан санъаткор ҳеч кутилмаганда тақиққа учраганини бугун ёши катта авлод вакиллари яхши эслайдилар. Аммо, бундай “запрет”га оддий бир ҳол – инсоний лафзига содиқлиги сабаб бўлганини ҳамма ҳам билавермаса керак...
Оз эмас, ўн икки йил давомида унинг концертлари ташкил этилмади, давлат тадбирларига чақирилмади, радио ва телевидениеда кўринмади. Босма оммавий ахборот воситаларида эса у киши ҳақида туҳмат мақолалар чоп этилди, холос.
Ана шундай оғир бир вазиятда Фахриддин Умаровни юпатадиган биттаю битта таскин бор эди. Бу халқнинг санъаткорга бўлган чексиз муҳаббати.
Мамлакатимизнинг барча гўшаларидан тўйларга тинимсиз таклифлар келиб турарди. Фахриддин Умаров хизмат қилган тўйларнинг довруғи довон ошарди, тўйхонага етти маҳалладан мухлислар келиб, одам сиғмай қолар эди. Фалончининг тўйига Фахриддин Умаров борибди, деган хабарнинг ўзи тўй эгаси учун катта шараф бўлган. Лекин барибир, расмий тақиқ ҳофизнинг ҳаётига, турмуш тарзига, кайфияти ва ижодига ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмасди.
Иштирок қилганимиз 12 йиллик тақиқ бир оз “юмшаган”идан сўнг ўтказилган биринчи, кенг давра олган оилавий тадбир эди.
Ўшанда мен “Тошкент ҳақиқати” газетасида хизмат қилардим. Айнан шу йили ёз ойларида газетамиз саҳифаларида Фахриддин Умаров ҳақида каттагина мақола ҳофизнинг сурати билан қўшиб чоп этилди. Газетада тақиқдаги таниқли шахс ҳақида юқоридан берухсат, ўзбошимчалик билан мақола бериш ўша даврда ўзига хос жасорат эди. Шундан сўнг Фахриддин Умаров қўшиқлари онда-сонда бўлсада, радио орқали янгради, ҳофизнинг ўзи телеэкранларда кўриниш бера бошлади.
Тадбирда таклиф этилганлардан кўра таклиф қилинмаганлар кўп эди. Дарвоқе, туғилган кунга меҳмонлар чақирилмайди. Лекин, биз газетанинг бош муҳаррири ва икки нафар ходими расман таклиф қилинган эдик.
Тадбирнинг авжи палласида давра раиси қўшиқ навбатини маросим мезбони – Фахриддин Умаровга берди. Ҳеч кутилмаганда ардоқли ҳофизимиз даврага мени – ўша мақола муаллифини чорлади ва микрофонни қўлимга тутқазди. Орадан йиллар ўтиб, нималар ҳақида гапирганимни эслолмайман, лекин санъаткорнинг нима учун менга сўз берганини ўзимча мушоҳада қиламан.
... Фахриддин Умаровга ўзимни мухбир сифатида таништириб, у ҳақида мақола ёзиш ниятим борлигини айтганимда, унинг юзларида ажабланиш аломатларини кўрганман. Бу ажабланиш унинг илк саволида ҳам зуҳур топган эди.
– Мен ҳақимдаги яхши-ёмон гапларнинг ҳаммаси маълум. Сиз энди нималар ҳақида ёзмоқчисиз?
– Фахриддин Умаровнинг қўшиқчилик мактаби ва унинг шогирдлари – Тошкент қўшиқчилик мактабининг давомчилари ҳақида ёзмоқчиман, – дедим ёшликка хос шижоат билан.
– Фахриддин Умаровнинг қўшиқчилик мактаби, Тошкент қўшиқчилик мактаби? – ҳайрат билан сўзларимни такрорлади суҳбатдошим.
Ўзбек қўшиқчилик санъатининг ўз мактаблари, дарғалари борлиги, Хоразм, Фарғона, Самарқанд ижрочилик йўллари, уларнинг асосчилари ва ўзига хос томонлари ҳақида гапирдим. Кейин Фахриддин Умаров санъати тимсолида Тошкент қўшиқчилик мактабини таърифладим. Уни бир сўз билан лирик қўшиқлар мактаби, деса бўлади, дедим.
– Ёшингиз неччида, – сўзимни бўлди ҳофиз.
Бу саволдан жуда хижолат тортдим. “Сен кимга ақл ўргатяпсан, тирранча?” дегандек эшитилди менга бу савол. Шундай бўлсада, жавоб қайтардим.
Суҳбатдошимнинг чеҳраси ёришди:
– Ёшлар мени билмайди, эшитмайди, деб юрардим...
Фахриддин Умаров қўшиқларини ёшу қари баробар севиб тинглашини, уларда энг нозик инсоний туйғулар, муҳаббат, армон, дард мана шу мен, деб балқиб туришини, овози ва услуби бетакрорлигини таъкидламоқчи бўлдим.
Мақтов ҳаммага ёқади. Агар у чиндан асосли бўлса, икки карра хушнуд қилади. Эҳтимол, ҳофизи даврон ўшанда катта даврага кичкина бир мухбирни чорлаб, микрофон тутқазар экан, ана ўша гапларни ҳамманинг олдида яна бир бор қайтаришимни хоҳлагандир...
Фахриддин Умаров беихтиёр тўлқинланиб кетди. Ҳамиша қандайдир файз ва тароват балқиб турадиган юзи янада ёришди. Сўзларимни тинглаб бўлгач, дуторини созлади ва кўнгилни хуноб қиладиган даражада ҳазинлик билан куйлай бошлади:
Сени севганлигим айбим,
менинг ўзга гуноҳим йўқ,
Бу ишқдан бир Ўзинг воқиф,
менинг ўзга гувоҳим йўқ...
Биринчи суҳбатимиздан сўнг орадан анча вақт ўтди. Мақола газета юзини кўргунга қадар биз яна бир неча марта учрашдик. Ҳар сафар Фахриддин Умаров хонадонига борганимда уни санъаткорлар, адабиётчи олимлар даврасида кўрар, жуда завқли суҳбатларнинг гувоҳи бўлар эдим. Ҳофиз қўшиққа солган Навоий, Бобур, Машраб ғазалларини эшитиб, ҳар сафар мумтоз адабиётимиз дурдоналарини қайтадан кашф қилгандек бўлаверардим.
Ана шундай суҳбатларнинг ҳар бирида у мумтоз адабиётимизни нақадар чуқур билиши, ғазални чиройли ўқиши, ҳар бир сўз замиридаги маъно ва рамзларни эринмай шарҳлаши, асарни мухлисга етказишда урғуни қайси сўзга бериш лозимлиги, талаффузнинг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратишининг гувоҳи бўлганман. Бу эса мени ҳофизга, унинг санъатига кўпроқ боғлаб, ошуфта қилиб борар эди. Бундай пайтларда у ўзини нафақат қўшиқчи, айни вақтда етук бастакор, созанда, шоир, адабиётшунос, энг муҳими, комил инсон сифатида намоён қилар эди.
Бир куни Фахриддин ака Хумсоннинг сўлим гўшасига таклиф қилди. Дилкаш суҳбатдан сўнг у киши Бобур ғазали билан "Сочининг савдоси тушди, бошима бошдин яна" деб бошланадиган қўшиғини созсиз, маҳорат билан бутун борлиқни унутиб ижро қилди. “Бошдин яна...” деган радиф қатидаги нолаларни такрор ва такрор тингларканмиз, ҳамроҳлар бундан ўзимизча рамз топиб, бу ижрони ҳофизнинг олтмишинчи йилларда топган довруғига янгидан қайтиши, деб тушундик...
Фахриддин Умаров аския санъатини ҳам пухта эгаллаган эди. Ўз даврининг машҳур сўз усталари билан баробар баҳсга кириша оларди. Гапга чечанлик, ҳозиржавоблик, сўзамоллик борасида ҳофизнинг олдига тушадиганлар кам эди.
Яна бир ҳолатга шахсан гувоҳ бўлганман. Ўз даврининг катта амалдорлари иштирок этган тор доирадаги зиёфатга Фахриддин Умаров ҳам таклиф этилган эди. Хонага тор кўтариб кирган ҳофиз салом-аликка ҳам улгурмай ҳужумга учради. Бутун мамлакат матбуотини илкида ушлаб турган вазир мақомидаги амалдор гапни “Онам ўлганида кўнгил сўрашга ҳам келмадинг”, дея гинадан бошлаб, бор эътирозу ғазабини тўкиб сочди. Ҳофиз ҳақида ёзилган фельетонни ушлаб турганини, керак бўлса, битта имо билан энг катта газетада бердириб юбориши мумкинлигини айтиб, пўписа қилди.
Ҳофиз гап қайтармади, ўзини оқлашга уринмади ҳам. Бир жуфт қўшиқ айтишга келганини билдириб, қўлига созини олдию... “Амалу давлатинг ўқдир, мудом турмас камонингда”, деб қўшиқ бошлади.
Ўшанда у кишининг ҳозиржавоблиги ва жасурлигидан ёқа ушлаганман.
Дарҳақиқат, назм ва наво ҳофиз ҳаётининг мазмунига айланиб бўлган эди. Санъаткорнинг умр баёнини унинг қўшиқларидан изламоқ лозим, деган хулосага келганман.
Дерлар: одам боши
қаттиқдир тошдан...
Ана шу сатрлар билан бошланадиган қўшиқни ҳофиз ўзи ҳақида айтган бўлса, не ажаб. Унинг ҳаёт йўли жуда мураккаб кечди. Болалик йиллари Украинанинг олис пучмоқларида сургунликда ўтди. “Кулакнинг боласи”, деган тавқи лаънат пешонасига абадий муҳрлангандек эди. “Онам дерман”, деган қўшиғини сургунда, зору ночорликда бандаликни бажо қилган волидасини эслаб ёзгандир, эҳтимол? “Учиб ўтган қалдирғоч, ёрга айт саломимни”, деб бошланадиган қўшиғи эса васл фироғи эмас, олис ўлкаларда кечган Ватан соғинчининг ифодасидир, балки?
Мевали дарахтга тош отилади. Фахриддин Умаров умрининг охиригача ҳар қандай майда гап-сўзлардан ўзини юқори қўя олди. Бу унинг эл-юрт олдидаги ҳурмат-иззатини чандон оширди.
Мустақиллик йилларида унга “Ўзбекистон халқ ҳофизи” фахрий унвони берилди. Куни кеча яна бир хушхабар тарқалди: Президентимиз имзолаган фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан марҳум санъаткор Фахриддин Умаров “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Бу жуда муносиб эътироф.
Фахриддин Умаров мураккаб, айни вақтда, шарафли умр ва ижод йўлини босиб ўтди. Бу йўлда азоб-уқубатларни ҳам кўрди, камдан-кам санъаткорга насиб этадиган шон-шарафга ҳам бурканди. Кўп йиллар машҳурлик чўққисида, санъатсевар халқимизнинг чексиз меҳр-муҳаббати ардоғида яшади. Умрининг охиригача санъатга, ўз эътиқодига содиқ қолди.
Шу ўринда Набижон Боқий ва Ҳожиакбар Ҳамидовларнинг Фахриддин Умаров ҳақида ёзилган “Мени ёд эт” номли китобидан бир лавҳани эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.
“Академик Ҳабиб Абдуллаев ҳазрат Навоий ғазали билан айтиладиган “Сабо етсанг” қўшиғини етти қатла эшитади, узоқ ўйга толади, хеч ким у кишининг хаёлини бўлмайди. Ниҳоят, қаттиқ уйқудан уйғонган одамдек сесканиб атрофга қарайди, маъюс жилмаяди. Сўнг ўктам товушда:
– Фахриддинжон, ўғлим, сенга айтадиган қиёматли гапим бор, – дейди дона-дона қилиб. – Мен ўлган кунда мана шу қўшиғингни айтиб турасан. Тобутда ҳам, мозорда ҳам сенинг қўшиғингни эшитиб ётаман. Сенга айтадиган васиятим ҳам, илтимосим ҳам шу...”
Жанозада қўшиқ айтилмайди. Лекин, бу васият қайсидир маънода ижобат бўлган. Бу воқеани саксондан ошиб, омонатини топширган Фахриддин Умаровнинг жанозаси куни ҳам эсга олгандим. Марҳумнинг Қибрайдаги ҳовлисидан қабристонгача бўлган масофа хийла узоқ. Лекин тобутни машинага юклашмади. Тумонат одам уни қўлма-қўл олиб, сўнгги йўлга кузатди. Барча маъюс ва ўйчан кўринди. Жанозада иштирок қилганлар орасида устознинг кўп сонли мухлислари, таниқли шогирдлари бор эди. Назаримда, улар ҳофизнинг қўшиқларини унсиз ижро этишар эди:
Йўлингда туфроқ ўлдим, эй,
сабо етсанг ғуборимға...
Ўша куни менинг тилимдан эса ҳофизнинг сарлавҳадаги сўзлар билан бошланадиган қўшиғи тушмади. Ҳофиз қайси айби учун ҳаёт синовларига дучор бўлганди? Назаримда, Фахриддин Умаровнинг “айби” бўлса, у ҳам биттагина эди: асл санъатни, ҳаётни, одамларни, мухлисларини севарди, ардоқларди.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
журналист
"Кечалар киприкларимда тарки хоб айлар ҳаёл,
Гоҳ савол айлар кўнгилга, гоҳ жавоб айлар ҳаёл..."
Ўн икки йиллик тақиқдан сўнг матбуотда (1981 йил) илк бор эълон қилинган сурат.
“Тошкент ҳақиқати” газетаси фотоархивидан
Александр АБАЛЯН олган сурат