Семизлик - кўплаб касалликлар дебочаси

Семизлик - кўплаб касалликлар дебочаси

@davrovozigazeta
Инсон саломатлиги доимо ҳамма нарсадан устун бўлиб келган. Зеро, бу бебаҳо неъмат бизларга ўзимиз ва яқинларимизга ғамхўрлик қилишимиз, жамиятнинг фаол аъзосига айланишимиз учун жуда зарур.


Саломатликни асраш, жисмоний фаоллик эса бизни нафақат бардам, руҳан тетик бўлишимизни таъминлайди, балки кўплаб касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб семизликка қарши кураш бошланди.

Унга асосан, вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражаси, вазн индекси), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизими жорий этилган. Бу ўринда энг аввало, ташкилот раҳбарлари ўрнак кўрсатиши, ходимлари ўртасида бу борада тизимли ишлар олиб борилишини таъминлаши лозим бўлади.

Инсон танасида ортиқча вазн кўпайгани сайин ички аъзолар фаолияти қийинлашиб бораверади. Масалан, юрак қон ҳайдашга, жигар заҳарларни тозалашга, эндокрин безлар эса организмни керакли миқдордаги гормонлар билан таъминлашга қийналади. Ортиқча вазн ва семизлик саломатликка салбий таъсир кўрсатиб, бир қатор сурункали касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан у билан курашиш аслида аҳоли ўртасида учраётган кўпгина касалликка қарши курашиш демакдир.

Бугунги кунда ўтказиб келинаётган “5000 қадам” оммавий пиёда юришлар фуқароларнинг жисмоний фаоллигини оширишга қаратилганлигини билан аҳамиятлидир. Аслида бадантарбия машқлари ҳар бир фуқаронинг кундалик юмушига айланиши лозим. Маълум бир масофани пиёда босиб ўтиш, тоза ичимлик суви истеъмоли, тўғри овқатланиш, тонги югуришлар - буларнинг барчаси саломатлик учун ниҳоятда зарур ҳамда семизликни олдини олишда муҳим омил саналади. Тоза ҳавода сайр қилиш, иш жараёнида ҳам вақти-вақти билан фойдали машқларни бажариб туриш тавсия этилади. 

Касалликка қарши курашгандан кўра унинг олдини олган афзал, дея кўп бора таъкидлаймиз. Семизлик ҳам кўплаб касалликлар дебочаси. Унга қарши курашсак, ўзимизни турли дардлардан асраган бўламиз.  

Ўз саломатлигимизни ўзимиз муҳофаза қилайлик!

Азамат АБДУРАҲМОНОВ,

Халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгаши депутати,

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти туризм, спорт, соғлом турмуш ва ижтимоий масалалар комиссияси аъзоси.

Report Page