Сектор раҳбари томонидан камбағалликнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда

Сектор раҳбари томонидан камбағалликнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда

Buxoro.uz

Камбағалликни қисқартиришда ҳудудий секторлар томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар яхши самара бераётир. Буни Олот тумани прокуратураси масъул бўлган иккинчи секторга қарашли 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Камбағал оилалар рўйхати шакллантирилгач, биринчи навбатда карантин даврида қийналаётган энг ночор фуқароларга кўмак берилди. Айни пайтда юртимизда коронавирус инфекцияси бўйича карантин ҳолати эълон қилинган бўлса-да, фуқароларни рози қилиш, чеклов эълон қилинганида турли можаролар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида Олот туман прокурори М. Муҳаммедов ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида сектор ҳудудидаги кам таъминланган, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож, пандемия даврида ишсиз қолган оилаларга маиший техникалар етказиб берилди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида туман прокурори 2-сектор ҳудудидаги 10 та МФЙда яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож 40 та эҳтиёжманд оилага “Artel” русумли газ плиталарини тарқатди.

"Усмоншайх" маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Сафар Чўллиевга ногиронлик аравачаси олиб берилди. – "Бугунги қийин даврда бу каби қўллаб-қувватлашлар жуда зарур албатта", – дейди иккинчи сектор раҳбари, туман прокурори Мухтор Муҳаммедов. – Аммо “қўлдан берганга қуш тўймас” деганидек, вақти билан кўрсатиладиган хайрия, мурувват ёрдами муҳтожликка барҳам беришнинг асосий йўли эмас. Шу боис камбағалликни камайтиришнинг самарали йўли бўлган одамларни банд қилиш, уларга даромад қилиш имкониятини яратиб беришга ҳам алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Пандемия шароитида аҳолининг ночор қатламлари шароитини яхшилаш ва иқтисодини кўтариш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида туманимизда олиб борилаётган хайрли ишлар давом этмоқда.

Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page