МУФТИЙ ҲАЗРАТ НАМАНГАН ВИЛОЯТИ САФАРИНИ “САХОВАТ” ҚАРИЯЛАР УЙИДАН БОШЛАДИЛАР

МУФТИЙ ҲАЗРАТ НАМАНГАН ВИЛОЯТИ САФАРИНИ “САХОВАТ” ҚАРИЯЛАР УЙИДАН БОШЛАДИЛАР

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мўмин-мусулмон халқимиз билан мулоқот қилиш, эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг ҳолидан хабар олиш, масжидларда Рамазон ойига тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишиш ва намозхонларга маърифий суҳбат қилиб бериш мақсадида водий вилоятлари бўйлаб сафар қиладилар. 


Бугун, 26 февраль куни Муфтий ҳазратлари ташрифни Наманган вилоятидаги “Саховат” қариялар уйидан бошладилар. Дастлаб мутасаддилари билан бирга муассасада яратилган шароит ва имкониятлар билан танишдилар. Шунингдек, бу ерда истиқомат қилаётган кексалар ва ногиронлиги бўлган кишиларнинг ҳол-аҳволини сўраш баробарида яхши сўзлар билан уларнинг кўнглига қувонч, юзларига табассум улашдилар. Ўз навбатида улар ҳам Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнун эканликларини билдирди. 


Самимий суҳбатда Муфтий ҳазратлари бугун юртимизда ижтимоий ҳимоя соҳасига, айниқса, ёши улуғ ва қаровга эҳтиёжи бор кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор кўрсатилаётгани, бундай кишилар дуоси билан Ҳақ таоло она Ватанимизни янада фаровон ва турли бало-офатлардан асраши, зеро, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Заифларингиз сабабидангина нусратланурсизлар ва ризқланурсизлар”, деганларини баён этдилар. 


Ташриф давомида интернет уйига маиший техника воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва диний-маърифий адабиётлар ҳадя қилинди. Шунингдек, бу ерда истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз учун эҳсон дастурхони ёзилиб, нуронийлар билан бирга юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб хайрли дуолар қилинди


Маълумот ўрнида Наманган шаҳар “Орзу” маҳалласида жойлашган “Саховат” қариялар уйи 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, умумий майдони 1,7 гектарни ўз ичига олади. Президентимиз ташаббуси билан янгидан барпо этилган 120 ўринли қариялар уйида барча шароитлар муҳайё этилган. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Report Page